Замонавий тўлов тизими аҳолига ҳисоб-китоб чоғида қўшимча енгиллик яратмоқда
  • 07 Май 2015

Замонавий тўлов тизими аҳолига ҳисоб-китоб чоғида қўшимча енгиллик яратмоқда

Мамлакатимизда банк тизимини янада ривожлантириш мақсадида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида пул муомаласини ислоҳ қилиш, тўлов тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, пул муомаласи банк тизимининг бамисоли қон томири бўлиб, ҳисоб-китобларнинг нақд ва нақдсиз шакли эса иқтисодиёт тармоқларининг мўътадил фаолият юритишида жуда муҳим восита ҳисобланади.

Ривожланган давлатлар тажрибаси ҳисоб-китобларни пластик карточкалар асосида амалга ошириш афзаллигини кўрсатди. Чунки у тижорат банклари харажатини камайтириш, нақд пул муомаласи барқарорлигини сақлашдан ташқари, иқтисодиётни зарур инвестиция ресурслари билан таъминлаш имконини беради. Шу боис дунёнинг кўплаб давлатлари аҳолиси пластик карточкадан фойдаланишни афзал кўрмоқдаки, пировардида иш ҳақларининг нақд пулда берилиши тобора қисқариб бораяпти. Масалан, бугунги кунда Буюк Британия ва Франция аҳолиси иш ҳақларининг 10, Германияда эса 5 фоизи нақд пулда тўлаб берилади.
“Электрон ҳамён” номини олган пластик карточкалар юртимизда ҳам тобора оммалашиб бормоқда. Шу жиҳат инобатга олинган ҳолда, Марказий банк томонидан нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини кенгайтириш борасида тизимли чора-тадбирлар кўрилаётир. Айни пайтда муомалага чиқарилган пластик карточкалар умумий сони қарийб 14 миллионтага етказилгани, улар орқали тўловларни амалга ошириш учун 163 мингдан ортиқ чакана савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари терминаллар билан таъминлангани бунинг яққол далилидир. Шунингдек, аҳоли гавжум жойларда 2 мингга яқин кўп функцияли инфокиоск ва банкоматлар ҳам ўрнатилган бўлиб, бу мижозларга қўшимча қулайлик яратмоқда.
Юртдошларимиз пластик карточкалардан универсал тўлов воситаси сифатида фойдаланиб, барча турдаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш, уни масофадан туриб бошқариш имкониятига эгадирлар. Натижада ойига ўртача 1,8 триллион сўмдан ортиқ товар ва хизматлар, шунингдек, 187 миллиард сўм миқдоридаги коммунал тўловлар электрон тизим орқали амалга оширилаяпти.
Тижорат банклари пластик карточкаларни муомалага киритиш билан бирга, мижозларга янги хизмат турларини ҳам жорий қилаётгани қувонарлидир. “Интернет-банкинг”, “Банк-мижоз”, “Мобиль-банкинг”, “SMS-банкинг” хизматлари ана шулар жумласидан бўлиб, улардан фойдаланувчилар сафи тобора кенгаймоқда. Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, бундай мижозлар сони 594 мингдан зиёдни ташкил этгани бундан далолат беради.
Ҳозирги кунда Марказий банк томонидан “Чакана тўловларни реал вақт режимида амалга ошириш клиринг тизимини яратиш ҳамда хизмат кўрсатувчиларнинг биллинг тизими билан интеграллашуви” лойиҳасининг иккинчи босқичи амалга оширилаяпти. Бу пул айланмасини янада тезлаштиришга хизмат қилиши билан, айниқса, аҳамиятлидир.
Пойтахтимизда тўлов тизимини мустаҳкамлаш ва пул муомаласи масалаларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз юритилди. Тадбирда, шунингдек, мижозларга қулайликлар яратиш мақсадида тижорат банклари фаолиятига инновацион технологияларни кенг жорий этиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, уларнинг тўлов тизимини такомиллаштиришдаги аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn