Хусусий сектор ва иқтисодий тараққиёт
  • 06 Май 2015

Хусусий сектор ва иқтисодий тараққиёт

Хусусий секторнинг иқтисодиёт тармоқларидаги иштироки сезиларли равишда кенгайиши билан жойларда замонавий ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилиб, уларнинг фаолияти изчил ривожлантириб борилмоқда. Жумладан, паст рентабелли ва иқтисодий ночор корхоналарни салоҳиятли инвесторларга сотиш амалиёти рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш, барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлашнинг муҳим омилига айланаяпти.

Шундан келиб чиқиб, Жиззах вилоятида ҳам мазкур йўналишда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётир.
— Вилоятимизда молиявий соғломлаштириш бўйича 2015 йилга мўлжалланган ҳудудий дастур ишлаб чиқилди, — дейди Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акрам Турсунов. — Унга 19 та камқувват билан ишлаётган, битта фаолият кўрсатмаётган корхона, 10 та бўш турган объект ҳамда 138 та қурилиши тугалланмаган бино киритилган. Эътиборлиси, ушбу мақсадлар рўёби учун 177,9 млрд. сўмлик инвестиция йўналтирилиб, пировардида 13,4 млрд. сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда 3480 га яқин иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.
Албатта, аниқ манзилли чора-тадбирлар ҳамда ишга масъулият билан ёндашув муваффақиятларнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилади. Ана шу устувор мезонларга қатъий амал қилинаётгани туфайли жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятда молиявий соғломлаштириш лойиҳаларига 13,9 млрд. сўм миқдорида сармоялар жалб қилиниб, 123 кишининг бандлиги таъминланди. Ўз навбатида, фаолиятини қайта тиклашга эришган саноат субъектлари томонидан умумий қиймати 713 млн. сўмлик маҳсулотлар тайёрланди.
Жиззах шаҳридаги собиқ “Зилола текс” акциядорлик жамияти негизида ташкил этилган “Оrzu Tekstil-SV” масъулияти чекланган жамияти ҳам ана шундай корхоналардан бири.
Бу ерда Муҳиддин Ҳазратқулов бошчилигидаги тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 15,5 миллион АҚШ долларилик тўрт босқичли лойиҳа рўёбига киришилиб, тикувчилик фабрикаси фаолияти йўлга қўйилаяпти. Чунончи, яқинда унинг биринчи навбати фойдаланишга топширилди. Қайта реконструкция қилинган биноларга хориждан 58 та тўқув, 4 та назорат дастгоҳи келтирилиб, трикотаж матолари тўқиш ўзлаштирилди, 80 киши ишга олинди. Энг муҳими, илғор технологиялар маҳаллий хом ашё — пахта толасидан юқори сифатли газлама тайёрлашга мослаштирилган. Бу эса маҳсулотлар таннархи пасайиши ҳамда харидоргирлиги ошишини кафолатлайди. Яна бир эътиборли жиҳати, янги ускуналар ёрдамида дунё бозорида талаб юқори бўлган жинси матоларини ҳам тўқиш мумкин. Йилига 6 минг тонна маҳсулот тайёрлаш имконини берадиган мазкур лойиҳанинг иккинчи босқичи жорий йил охиригача тўлиқ рўёбга чиқарилади.
Айтиш жоизки, бундай кенг кўламли ислоҳотлар нафақат вилоят маркази, балки чекка ва олис туманларни ҳам бирдек қамраб олаётир. Масалан, Зомин туманидаги вилоят сув қувурларидан фойдаланиш бошқармаси биноси ўрнида “Зомин клен ватер” хусусий корхонаси ташкил этилгач, бу ерда 100 млн. сўмлик инвестиция ҳисобига замонавий мебель жиҳозлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Йил якунига қадар бинонинг иккинчи қавати қурилиши ҳам тугалланиб, корхона маҳсулотлари шу ерда ташкил этиладиган савдо мажмуаси орқали аҳолига етказиб берила бошланади.
Дўстлик туманидаги камқувват билан ишлаётган “Шерзод мебель” масъулияти чекланган жамиятида ҳам 185 миллион сўм эвазига мебель тайёрлаш ҳажми оширилиб, янги иш ўринлари яратилди. Зафаробод туманидаги иқтисодий ночор “Зафаробод гранит кон” МЧЖ томонидан эса таъсисчиларнинг 407 миллион сўмлик маблағи ва банкнинг 58 миллион сўмлик кредити ҳисобига янги лойиҳа амалга оширилди.
Президентимизнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида зарар кўриб ишлаётган, паст рентабелли ва иқтисодий ночор, тўла қувват билан фаолият кўрсатмаётган корхоналар негизида янги, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилган эди. Шу асосда ишлаб чиқилган “Йўл хариталари” дастурига мувофиқ, вилоятдаги бир қатор корхоналарни молиявий соғломлаштириш борасида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада 3 та паст рентабелли ва битта зарар кўриб ишлаётган ушбу корхоналар фаолияти тикланиб, улар ўтган йилни 1 млрд. 254 млн. сўмлик соф фойда билан якунлади.
Мухтасар айтганда, фаолияти тўхтаб қолган ва ночор ишлаб чиқариш қувватларини салоҳиятли сармоядорларга бериш жараёни корхоналарни тубдан модернизация қилиш, уларда ички ва ташқи бозор талабларига мос маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда турини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn