Инклюзив бизнес истиқболи
  • 06 Май 2015

Инклюзив бизнес истиқболи

Тошкент шаҳрида “Ўзбекистонда инклюзив бизнес лойиҳаларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистон бизнес-форуми — III фаза” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Маълумки, инклюзив бизнес тадбиркорликнинг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, у кам таъминланган ва имконияти чекланган аҳоли қатламини ишбилармонликка жалб этиш орқали уларнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Шу боис юртимизда инклюзив бизнес лойиҳаларни амалиётга кенгроқ татбиқ этиш, бундай ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг муқим даромад манбаига эга бўлиши учун қўшимча имкониятлар яратилаяпти.
Тадбирда сўзга чиққанлар алоҳида таъкидлаганидек, республикамизда инклюзив бизнес-моделларини халқ хўжалигининг турли тармоқларига жорий қилиш ҳар жиҳатдан истиқболлидир. Чунки у тадбиркорлар ва аҳолини ўзаро манфаатдорлик асосида бирлаштириш билан бирга, ижтимоий интеграцияни ривожлантириш, иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим омил ҳисобланади. Бунга синов тариқасида амалга оширилган лойиҳаларнинг дастлабки натижалари яққол мисол бўла олади.
Гап шундаки, “Ўзбекистон бизнес-форуми — III фаза” доирасида Наманган, Хоразм ва Тошкент вилоятларида инклюзив бизнес лойиҳалар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилди. Наманганда кичик фермер хўжаликлари ва аҳолидан сут қабул қилиш маркази, Тошкент вилоятида чиқиндиларни бошқаришнинг такомиллаштирилган тизими йўлга қўйилган бўлса, Хоразмда тикувчилик корхоналарида ишсиз, шу жумладан, имконияти чекланган хотин-қизларга бичиш-тикиш сир-асрорларини ўргатиш асносида уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилди.
Айни пайтда бундай лойиҳалар ижросида хусусий сектор вакиллари иштирокини кенгайтириш, жалб этилаётган инвестициялар ҳажмини кўпайтириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Шунингдек, янги таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, бу борадаги ташаббусларни рағбатлантириш йўллари изланаяпти.
Давра суҳбатида аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган янги лойиҳалар, имконияти чекланган кишиларнинг маҳсулот ва хизматлардан фойдаланиш даражасини янада яхшилаш борасидаги ишлар ҳам муҳокама қилинди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn