«Expo Milano 2015» Милан шаҳрида жаҳон кўргазмаси очилди
  • 02 Май 2015

«Expo Milano 2015» Милан шаҳрида жаҳон кўргазмаси очилди

Италиянинг Милан шаҳрида 1 май куни “Expo Milano 2015” жаҳон кўргазмаси тантанали равишда очилди. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 29 декабрдаги қарорига мувофиқ Жаҳон кўргазмасида мамлакатимизнинг муносиб иштирок этишига катта тайёргарлик кўрилди. Ўзбекистон салоҳияти ва қудрати, тарихи ва тараққиёти, халқимиз маданияти ва санъатини ўзида мужассам этган миллий павильон яратилди.   

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, кўргазмада Ўзбекистон миллий павильони 500 квадрат метр жой эгаллаган. Унда мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, мамлакатимизнинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти, эркин индустриал-иқтисодий зоналари ва қулай инвестиция муҳити, ривожланган транспорт ва логистика инфратузилмаси, бой маданий мероси, тарихий ва замонавий шаҳарлари намойиш этилмоқда.
Кўргазмада, шунингдек, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ғалла мустақиллигига эришиш, биологик соф мева-сабзавотлар етиштириш, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш борасидаги ишлар самаралари кўрсатилмоқда.
Миллий павильонда мамлакатимизда озиқ-овқат тайёрлаш, гўшт, сут, узум ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш саноати, зираворлар ва доривор ўсимликлар, шунингдек, ўзбек миллий таомларига оид маълумотлар ҳавола қилинмоқда. Ҳар бир бўлим мавзуси бўйича тайёрланган қизиқарли фильмлар ва роликлар доимий намойиш этилмоқда. Бу жиҳатлар “Дунёни озиқлантириш, ҳаёт учун қувват” шиори остида ўтказилаётган жаҳон кўргазмаси мақсадига мосдир.
Жаҳон кўргазмасида 150 га яқин мамлакатдан мингдан ортиқ компаниялар иштирок этмоқда. 31 октябрга қадар давом этадиган ушбу форумга 30 миллиондан зиёд киши ташриф буюриши кутилмоқда.
“Expo Milano 2015” жаҳон кўргазмаси мамлакатимизнинг улкан иқтисодий салоҳиятини дунёга кенг намойиш этиш баробарида, озиқ-овқат саноатидаги халқаро талаб ва эҳтиёжларни чуқур ўрганиш, янги ҳамкорлар топиш, экспорт жуғрофиясини кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

ЎзА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn