Саноат салоҳияти кўзгуси
  • 02 Май 2015

Саноат салоҳияти кўзгуси

Термиз шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасида IХ Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар мамлакатимизда миллий иқтисодиётимизнинг барча тармоғи жадал ривожланаётганини, айниқса, бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тузилмаларининг эмин-эркин фаолият кўрсатишлари учун ҳар томонлама қулай имкониятлар яратилганини эътироф этдилар.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкаси 12 фоиздан 9 фоизга туширилганлиги, юридик шахслар учун фойда солиғи 9 фоиздан 8, жисмоний шахслар учун 7,5 фоизга камайтирилгани ана шулар жумласидандир.
Эътироф этиш керакки, Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан, 2014 йил давомида 314,6 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилди. Пировардида 1909 та истиқболли лойиҳа амалга оширилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар туфайли 19320 дан зиёд иш ўринлари яратилди. Қувонарли жиҳати, воҳада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакилларининг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши 74,5 фоизга етди.
— Ўтказиб келинаётган ушбу тадбир хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ички бозорни сифатли, арзон ва рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдиришга хизмат қилмоқда, — дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳайдар Абдурасулов. — Бу галги ярмаркада Тошкент шаҳри ҳамда бир қатор вилоятлардан 160 дан ортиқ корхона вакиллари ва тадбиркорлар ўзлари ишлаб чиқарган уч юздан зиёд турдаги маҳсулотларини намойиш этдилар.
Айтиш керакки, воҳа иқтисодий салоҳиятининг ўзига хос кўзгуси вазифасини ўтаган ушбу тадбир сурхондарёлик саноатчилар учун айни муддао бўлди. Бойсун туманидаги “Умид” корхонаси жамоаси нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам ўз харидорларига эга бўлган 77 турдаги трикотаж маҳсулотлари тарғиботини ўтказиб, якунда бир қатор манфаатли келишувларга эришди.
“Денов равнақ камоли” хусусий корхонаси томонидан тақдим этилган, табиий чармдан тайёрланган сифатли ва бежирим пойабзаллар эса улгуржи ҳамда чакана савдо компанияларининг эътиборини тортди.
— Ўттиз турдаги уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқарамиз, — дейди Ангор туманидаги “Жануб тикувчи” хусусий корхонаси иш бошқарувчиси Тўлқин Қулназаров. — Ушбу Кооперация биржасида ўз маҳсулотларимизни реклама қилиш баробарида, салоҳиятли буюртмачилар билан йирик шартномалар имзоладик.
Икки кун давом этган ярмарка давомида ишлаб чиқарувчилар ва буюртмачилар ўртасида 11 миллиард сўмликка яқин ўзаро битимларга эришилди. Шунингдек, иштирокчи корхоналар бўш иш ўринлари кўргазмасини ҳам ташкил қилдилар. Унинг доирасида кўплаб ёш мутахассисларга доимий ишга жойлашишлари учун йўлланмалар берилди.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn