«Яшил иқтисодиёт» тамойиллари: Тежамкорлик, мусаффолик ва самарадорлик
  • 02 Май 2015

«Яшил иқтисодиёт» тамойиллари: Тежамкорлик, мусаффолик ва самарадорлик

Мамлакатимизда саноат тармоқларига “яшил иқтисодиёт” тамойилларини жорий этиш, тежамкор ва юқори самарали энергия технологияларини қўллаш масаласига истиқлолнинг дастлабки йилларидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда маҳаллий ҳамда хорижий инвестициялар жалб этилган ҳолда, кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилаяпти. Зотан, энергияни тежаш нафақат катта миқдорда табиий газни иқтисод қилиш орқали самарадорликка эришиш, балки атмосферага чиқариладиган зарарли газларни камайтириб, экологик барқарорликни таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Маълумки, иқтисодиёт ривожи бевосита электр ва иссиқлик энергияси таъминоти билан боғлиқ. Бироқ уни ҳосил қилиш ҳамда етказиб бериш жараёнида катта харажат талаб қилиниши билан бирга, ҳавога кўп миқдорда ис гази ҳам чиқарилади. Шу боис камуглеродли ва қайта тикланувчи манбалардан кенгроқ фойдаланиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистон миллий иқтисодиётини камуглеродли ривожланишга ўтиш жараёнида қўллаб-қувватлаш” қўшма лойиҳаси шу мақсадга қаратилгани билан эътиборга молик.
Куни кеча Иқтисодиёт вазирлигида ташкил қилинган брифингда мазкур лойиҳанинг аҳамияти, унинг ижроси бўйича изчил амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидландики, бугунги кунга қадар қўшма лойиҳа доирасида “Камуглеродли ривожланиш стратегияси” ҳамда 2050 йилгача бўлган даврда бажариладиган тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Уларга мувофиқ, ҳаётга татбиқ этиладиган янгиликлар туфайли 27,3 миллион тонна нефть эквивалентига тенг бўлган энергия ресурси тежалиши кутилаяпти. Бундан ташқари, электр энергияси ишлаб чиқаришда анъанавий манбалар билан бир қаторда, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш йўлга қўйилса, йилига 1,5 миллиард куб метр табиий газни иқтисод қилиш баробарида, қўшимча равишда 5 миллиард кВт-соат электр энергиясини олиш мумкин.
Мутахассисларнинг эътироф этишича, Ўзбекистонда “яшил иқтисодиёт”нинг бу каби тамойилларини амалга оширишнинг табиий  имконияти ниҳоятда катта. Тоза ривожланиш механизми муваффақиятли рўёбга чиқарилгани бунинг яққол далилидир.
Анжуманда камуглеродли ривожланиш йўлига ўтишда Ўзбекистон салоҳиятини ошириш, молиялаштириш манбаларини кўпайтириш масалаларига доир маълумотлар тақдим этилди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn