Инновацион хизматлар такомиллаштирилмоқда
  • 02 Май 2015

Инновацион хизматлар такомиллаштирилмоқда

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида молия-банк тизимида инновацион хизматларни ривожлантириш” мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Республика Марказий банки, Ўзбекистон Банклари ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, тижорат банклари ва бошқа молия муассасалари раҳбарлари, соҳа мутахассислари, юртимиздаги етакчи олий ўқув юртлари иқтисодчи олимлари ҳамда илмий изланувчилари қатнашди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда банклар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда, хизматлар кўламини кенгайтириш, уларнинг жозибадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Шу мақсадда “Банк — мижоз”, “Интернет — банкинг”, “Мобиль — банкинг”, “SMS — банкинг” сингари банк ҳисобварақларини масофадан бошқариш тизимларини ўз ичига олган хизматлар жорий қилиндики, бу аҳолига қатор қулайликлар яратиш билан бирга, юртимиз ижтимоий-иқтисодий ривожида муҳим роль ўйнамоқда.
Банк ҳисобварақларини масофадан бошқариш тизимидан фойдаланувчилар тобора кўпайиб бораётир. Жумладан, жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, уларнинг умумий сони 534,8 мингтадан ортди. Бу аввалги йилнинг шу давридагига нисбатан икки баробар кўп, деганидир. Ўз навбатида, муомалага чиқарилган пластик карточкалар 2,4 миллионтага ошиб, 13,4 миллионтага, чакана савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш субъектларига ўрнатилган тўлов терминаллари сони қарийб 160 мингтага етказилди.
Сўзга чиққанлар қўлга киритилган шу каби ютуқларни эътироф этар экан, аҳолининг банк хизматларига бўлган талаби ортиб бораётган ҳозирги шароитда инновацион хизматларни янада кенгайтириш, молия муассасаларининг бу борадаги фаолиятини рағбатлантириш механизми ҳамда унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарурлигини таъкидладилар. Айни шу йўналишда ишлаб чиқилган амалий таклиф ва тавсиялар атрофлича муҳокама қилинди.

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn