«Қўнғирот сода заводи»: замонавий технологиялар ва юксак салоҳият
  • 01 Май 2015

«Қўнғирот сода заводи»: замонавий технологиялар ва юксак салоҳият

Ҳар бир ҳудуд тараққиётига баҳо берилганда, аввало, унинг иқтисодиёти алоҳида тилга олинади. Чунки мазкур соҳа салоҳияти юқори бўлган жойда фаровонлик бўлади. Шу маънода, истиқлол йилларида Қорақалпоғистон Республикасида иқтисодиётнинг  барча тармоғи жадал равнақ топиб, янги иш ўринлари вужудга келаётгани, одамлар турмуш даражаси тобора яхшиланиб бораётгани қувонарлидир.

Мисол учун, бепоён Устюрт кенгликларида юз бераётган, мўъжиза дейишга арзийдиган ўзгаришларни олайлик. Бир пайтлар қум барханлари билан қопланган тап-тақир саҳро бугун боғу роғларга бурканиб, шаҳару овуллар обод ва кўркам қиёфа касб этаётир. Бу ерда барпо қилинаётган йирик саноат мажмуалари нафақат Оролбўйи минтақаси, балки бутун  мамлакатимиз равнақида муҳим ўрин тутаяпти. Зеро, Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестиция сиёсатининг ўзига хос хусусияти маҳаллий хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлашни таъминлайдиган, юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқаришларни ташкил этишга қаратилган инвестиция лойиҳаларига устувор аҳамият берилаётганида намоён бўлмоқда.
“Қўнғирот сода заводи” унитар корхонаси ҳам ана шундай гигант ишлаб чиқариш мажмуаларидан биридир. Айни пайтда бу ерда тайёрланаётган ноёб хом ашё — кальцийлаштирилган сода жаҳоннинг  қатор давлатларига экспорт қилинаётир.
Айтиш жоизки, корхонада ишлаб чиқариш ҳажми муттасил ошиб бораяпти. Хусусан, у фаолият бошлаган дастлабки йилда 12 минг 810 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, 2013 йили бу кўрсаткич 96 минг 42 тоннага етказилди. 2014 йилда эса 95 минг 890 тонна кальцийлаштирилган сода тайёрланиб, унинг катта қисми экспортга чиқарилди.
— Мамлакатимизда етакчи тармоқларни модернизация қилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда, — дейди корхона директори ўафур Атаханов. — Бундай оқилона саъй-ҳаракатлар ялпи ҳудудий маҳсулотда саноатнинг улуши тобора ортишида, экспортга йўналтирилган товарлар ҳажми кўпайишида, янги иш ўринлари яратилаётгани ҳамда шаҳар ва овуллар инфратузилмаси ривожланиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалаётганида яққол акс этаяпти. Биз ҳам шундан келиб чиқиб, техник ва технологик янгиланиш жараёнларига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Бу эса маҳсулотларимиз таннархини пасайтиришда қўл келаётир.
Чунончи, ўтган йили кўрилган чора-тадбирлар натижасида умумий сарф-харажатларни 5 фоиз камайтиришга эришилди. Бундан ташқари, “Ўзкимёсаноат” ҳамда Хитойнинг “Ситик” компаниялари ўртасида 2013 — 2015 йилларда “Қўнғирот сода заводи”да кальцийлаштирилган сода ишлаб чиқаришни йилига 100 минг тоннадан 200 минг тоннага кўпайтириш бўйича шартнома имзоланган бўлиб, айни кунда мазкур лойиҳа рўёбга чиқарилаяпти.
Албатта, иш унумдорлигини ошириш ишчи-мутахассислар билим ва малакаси билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Шу боис Президентимизнинг 2005 йил 13 апрелда қабул қилинган “Қўнғирот сода заводи” учун кадрларни мақсадли тайёрлашни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида корхона қошида Тошкент кимё-технология институтининг махсус сиртқи бўлими очилган. Уни ҳар йили тўртта ихтисослик бўйича 65 нафар бакалавр, 15 нафар магистр битириб чиқиб, “Қўнғирот сода заводи”да фаолият юритмоқда.
Яна бир эътиборли жиҳати, саҳро бағрида улкан саноат мажмуаси фаолият бошлаши билан ҳудуд инфратузилмаси тобора яхшиланиб бораяпти. Жумладан, корхона жамоаси учун Устюрт кенгликларида бунёд этилган Элобод шаҳарчаси йилдан-йилга кўркам қиёфа касб этаётир. Бу ерда ишчи-ходимларнинг истиқомат қилиши, ҳордиқ чиқариши, саломатлигини мустаҳкамлаши ҳамда фарзандларининг таълим-тарбия олиши учун барча шарт-шароит яратилган. Савдо ва сервис шохобчалари, ошхона, чойхона, замонавий врачлик пункти, ахборот-ресурс маркази аҳоли хизматида. Шу билан бирга, 18 хонадонли кўп қаватли уй ҳамда намунавий лойиҳалар асосидаги 40 та тураржойни бунёд этиш ишлари якунланиши билан шаҳарча янада обод бўлди. Ҳудудий инвестиция дастури асосида корхона қошида янги тикувчилик цехи ишга туширилиши билан эса Элободда истиқомат қилаётган 40 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
Мухтасар айтганда, истиқлол йилларида кашф этилган бой ер ости захиралари, нефть ва табиий газ манбалари, олтин, уран, темир, фосфор, бентонит, каолин, туз, мармар ва гранит сингари нодир қазилмаларга эга Қорақалпоғистоннинг саноат салоҳияти тобора юксалиб бораяпти. Биргина “Қўнғирот сода заводи”да рўёбга чиқарилаётган истиқболли лойиҳалар ва эзгу ташаббуслар билан танишиб, бунга яна бир карра амин бўлдик.


Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn