Кооперация алоқалари кенгаймоқда
  • 01 Май 2015

Кооперация алоқалари кенгаймоқда

Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар халқ хўжалиги тармоқларини барқарор ривожлантириш имконини бермоқда. Бу Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг ҳудудий босқичида яна бир карра тасдиқланди.

— Мазкур тадбир корхоналар ўртасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш ва уни мустаҳкамлаш, импорт ўрнини босувчи янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш нуқтаи назаридан ҳам жуда фойдали бўлмоқда, — дейди вилоят иқтисодиёт бош бошқармаси бўлим бошлиғи Анвар Очилов. — Эътиборли жиҳати, унда иштирок этаётганлар сони йил сайин ошиб бораяпти. Масалан, ўтган йилги ҳудудий босқичда 212 та корхона ҳамда ташкилот ўз товарлари билан қатнашган бўлса, бу йилги саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида  уларнинг сони 250 тага етди. Енгил саноат, озиқ-овқат, нефть-кимё, фармацевтика каби қатор йўналишларда фаолият кўрсатаётган мазкур субъектлар томонидан 1400 турдаги маҳсулотлар кўргазмага қўйилди.
— Ҳар гал ушбу тадбирда фаол қатнашамиз, — дейди “Жондор чашмаси” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мамлакат Тошева. — У биз каби кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вакилларига соғлом рақобат шароитида янги ҳамкорлар топишда қўл келмоқда. Буюртмачилар билан 450 миллион сўмлик шартнома туздик. Бу ўтган йилдагига нисбатан 100 миллион сўм кўп.
Айтиш жоизки, ярмаркада нафақат Бухоро, балки бошқа вилоятлардан келган саноат корхоналари вакиллари ҳам фаол иштирок этди.
— Бухородаги мазкур тадбирда илк бор қатнашаяпмиз, — дейди  Тошкентдаги “Гарант мебель” масъулияти чекланган жамиятининг Самарқанддаги филиали менежери Ўткир Рўзиқулов. — 20 турдаги мебель жиҳозларимизни намойиш этмоқдамиз. Биз маҳсулотни қисқа муддатда тайёрлаймиз, сифатини кафолатлаймиз, уни буюртмачига  ўзимиз етказиб берамиз.
Икки кун давом этган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси ҳудудий босқичида бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари, лизинг ва суғурта компаниялари ўз хизматларини таклиф қилди. Корхоналар ҳамда буюртмачилар ўртасида умумий қиймати 40 миллиард сўмлик шартномалар тузилди.


Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Муаллиф олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn