Маҳсулот — ўзимизники, Ўзбекистонники!
  • 29 Апрель 2015

Маҳсулот — ўзимизники, Ўзбекистонники!

Кеча пойтахтимизда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида ишлаб чиқарилаётган янги маҳсулотлар тақдимоти бўлиб ўтди.

Маълумки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳаракати мамлакатимизда мустақиллик йилларида шаклланиб, ўтган қисқа давр ичида иқтисодиётимизнинг жадал суръатларда ривожланаётган етакчи соҳаларидан бирига айланди. Президентимиз ташаббуси билан унинг вакилларига янада кўпроқ эркинлик берилиб, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратилгани, рухсат бериш тартиб-таомилларининг соддалаштирилгани, турли ҳисоботларнинг қисқартирилгани, назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар кескин камайтирилгани бунда рағбатлантирувчи омил бўлди. Натижада ишбилармонлар сафи йил сайин кўпайиб, улар ички бозорни юқори сифатли, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Биргина 2015 йилнинг дастлабки уч ойида 8 мингдан ортиқ янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилгани бунинг яққол далилидир.
Одатда, маҳсулот ишлаб чиқаришни эндигина йўлга қўйган тадбиркорлик субъектлари бозорда ўз ўрнини топиб олиши, хусусан, маҳсулотини танитиш, реклама қилиш ва харидорларга етказиб беришда дастлабки кўмакка эҳтиёж сезиши, табиий. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси кичик бизнес субъектларида ишлаб чиқарилаётган халқ истеъмоли товарларининг тақдимотини ўтказиш ташаббуси билан чиқиб, бундай тадбирларни мунтазам равишда ташкил этиб келмоқда. Жумладан, 2014 йилда юртимизнинг турли ҳудудларида 12 марта тақдимот маросими уюштирилиб, уларда 350 дан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар қамраб олинди.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қарийб 320 та тадбиркорлик субъекти иштирокида саноат маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилди. Бу эса ишбилармонларга буюртмалар портфелини шакллантириш, янги ҳамкорлар топишда қулай муҳитни юзага келтирди.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда деярли барча соҳада кичик бизнес вакиллари иштирок этмоқда. Улар дастлабки босқичда, асосан, савдо-сотиқ, хизмат кўрсатиш каби жабҳаларда фаолият кўрсатган бўлса, эндиликда мураккаб технологияли саноат тармоқларида самарали иш юритаяпти. Шу жумладан, электротехника саноатида ҳам. Кейинги йилларда республикамизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари таркибида мазкур соҳанинг улуши ортиб бораётгани, аслида, бевосита кичик бизнес субъектлари изланишлари билан изоҳланмоқда.
Бу галги тақдимот электротехника саноатига бағишлангани эса кичик бизнес субъектлари учун яна бир қулайлик яратди. Унда пойтахтимиздаги шу турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Foton”, “Azn”, “Uztelmash”, “Roison Electronics”,  “Alubond Composite Material”, “O‘zelektroapparat” масъулияти чекланган жамиятлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар иштирок этди.
— Юртимизда электротехника саноатини ривожлантириш, ички бозорни ўзимизнинг маҳсулотлар билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди “Foton” масъулияти чекланган жамиятининг бўлим бошлиғи Ҳотам Тўлаганов. — Бундай лойиҳаларни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига имтиёзлар берилаяпти. Бу эса бизни янги-янги лойиҳаларга қўл уриш, қўшимча иш ўринлари яратишга ундамоқда. Айниқса, республикамизда 2015 — 2019 йиллар давомида саноатнинг мазкур тармоғида умумий қиймати 268,5 миллион АҚШ долларилик 39 та инвестициявий лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилгани ҳам унинг истиқболи нақадар порлоқ эканлигидан далолатдир.   
Тақдимотда намойиш қилинган импорт ўрнини босувчи ва экспортга мўлжалланган маҳсулотларнинг ҳеч бири иштирокчилар эътиборидан четда қолмади. Тадбиркорлар тақдим этган маҳсулотлари ҳақида йиғилганларга атрофлича маълумотлар беришди. 


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn