Муқобил энергия: иқтисодий самарадорлик омили
  • 29 Апрель 2015

Муқобил энергия: иқтисодий самарадорлик омили

Юртимизда энергиянинг истиқболли, қайта тикланувчи, энг муҳими, экологик хавфсиз муқобил манбаларини яратиш борасида олиб борилаётган изланишлар ўз самараларини бермоқда. Ушбу йўналишда амалга оширилаётган лойиҳалар давлат томонидан молиялаштирилиб, уларни рўёбга чиқариш учун инвестициялар жалб этилаётир. Пировардида қуёш ва шамол энергияси, биомасса, геотермал ресурслар ўзлаштирилиб, халқ хўжалигининг барча жабҳасига изчил татбиқ қилинаяпти.

Хусусан, Сирдарё иссиқлик электр станцияси ҳудудидаги турбодетандер станцияси биноси унчалик катта майдонни эгалламаган. Бу ерда ток ҳосил қилиш жараёни иссиқлик электр станциясиникидан тубдан фарқланади. Яъни мазкур кичик иншоотдаги генераторлар ёқилғисиз ҳаракатланади.
Айтиш жоизки, Президентимизнинг 2011 йил 30 июндаги “Сирдарё ва Таллимаржон иссиқлик электр станцияларига детандер-генераторларни ўрнатиш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида бунёд этилган ушбу мўъжаз станция яна кўпгина афзалликларга эга. Масалан, иссиқлик электр станцияларига боғланган магистраль газ қувурларида босим анча юқори бўлади. Детандер-генераторлар айнан ана шу босим ва газ оқими ёрдамида ишлайди. Бинобарин, қурилма бир пайтнинг ўзида иссиқлик электр станциясига узатилаётган газ босимини пасайтириб бериш вазифасини ҳам ўтайди.
— Детандер-генераторларнинг яна бир муҳим жиҳати бор, — дейди Сирдарё ИЭС 1-қозон-турбина цехи бошлиғи Жаҳонгир Қирғизбоев. — У атроф-муҳитга ҳеч қандай зарар етказмаган ҳолда электр қуввати ишлаб чиқаради. Шунингдек, бу ердаги технологиялар тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, тизим бир нафар оператор томонидан назорат қилиб турилса кифоя. Натижада ток ҳосил қилиш жараёни учун деярли маблағ сарф этилмайди. Ўз навбатида, табиий газ ёки бошқа ёқилғи ресурслари тежаб қолинади.
Ҳозир мазкур муқобил энергия корхонасида 3 та детандер-генератор қурилмаси ишлаб турибди. Улардан ҳар бири 5 мегаватт-соат электр токи ҳосил қилиш қувватига эга. Ушбу ускуналар фойдаланишга топширилганидан буён эса истеъмолчиларга 14874 мегаватт-соатдан зиёд миқдордаги электр қуввати етказиб берилди.
Қисқача айтганда, мамлакатимизда илк бор амалиётга жорий этилган ушбу инновацион лойиҳа юқори самара бермоқда. Бу юртимиз энергетика тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар истиқболли эканлигининг далолатидир.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ
олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn