«Moody’s» мамлакатимиз банк тизими ривожланишини ижобий баҳолади
  • 28 Апрель 2015

«Moody’s» мамлакатимиз банк тизими ривожланишини ижобий баҳолади

Марказий банк томонидан “Moody’s” халқаро рейтинг агентлиги билан ҳамкорликда тижорат банкларининг халқаро рейтинг баҳоларини олиш масалаларига бағишланган бешинчи халқаро йиллик конференция уюштирилди.

Президентимизнинг “2011 — 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилган мазкур анжуманда тижорат банкларининг 300 нафардан ортиқ раҳбар ва масъул ходимлари қатнашди.
Конференция давомида Евроҳудуд иқтисодиётидаги ўзгаришлар ва уларнинг МДҲ мамлакатларига таъсири, иқтисодий нобарқарорлик оқибатларининг активлар сифати, банк тизимининг ташқи таъсирлар шароитидаги фаолияти масалалари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, “Moody’s” агентлиги экспертлари кредит рейтингини тақдим этиш методологияси бўйича батафсил маълумот бердилар ва Ўзбекистон банк тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари бўйича ўз мулоҳазаларини билдирдилар.
Айтиш жоизки,  “Moody’s” агентлиги ўтган йилнинг апрелидаги “Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш прогнози” деб номланган ҳисоботида кетма-кет бешинчи марта банк тизимининг ривожланиш истиқболларини “Барқарор” деб тасдиқлади. Активлар сифатининг барқарор динамикаси, иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръати, банкларнинг юқори даромадли кўрсаткичлари, ликвидлик даражаси ва банклар фаолиятининг самарадорлиги мана шундай хулосага келишга асос бўлди. “Moody’s” агентлиги таҳлилларига кўра, республика иқтисодиётининг барқарор ўсиши 12-18 ой давомида банклар учун қулай операцион муҳитни таъминлайди.
Сўнгги йилларда мамлакат молия-банк тизимининг барқарорлигини янада мустаҳкамлаш борасида катта ишлар амалга оширилди. Банк тизими кўрсаткичлари нафақат халқаро стандартларга жавоб беради, балки айрим меъёрлар бўйича юқори мавқега эгадир. Натижада катта учлик — “Moody’s”, “Standard & Poor’s” ва “Fitch Rating’s” халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимизнинг барча тижорат банкларига барқарор ўсишини тасдиқловчи рейтинг баҳоларини тақдим этган.
Таъкидландики, банк тизимида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ва Марказий банкнинг самарали банк назорати, жумладан, активлар сифати, кредит портфелини диверсификация қилиш, капитал етарлилиги ва ликвидлик кўрсаткичлари устидан доимий мониторинг ўрнатилиши мамлакатимиз банкларининг барқарор фаолият юритиши учун зарур шароитларни ҳозирламоқда.
Халқаро йиллик конференцияда билдирилган тавсия ва хулосалар республика молия-банк тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, барқарорлигини ошириш, пировардида  банклар фаолиятини энг яхши халқаро тажрибаларга мувофиқ ташкиллаштиришга шароит яратади.


С. РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn