Саноат ва кооперация
  • 28 Апрель 2015

Саноат ва кооперация

Қизилтепа туманидаги “Ekspress mebel grant” корхонаси маҳсулотлари юқори сифати ва бежирим дизайни билан алоҳида ажралиб туради. Шу боис бу ерда тайёрланаётган мебель жиҳозларига ички бозорда талаб ортиб бораяпти.

Навоий шаҳрида IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси ҳудудий босқичининг ўтказилгани ушбу кичик бизнес субъекти учун ҳам айни муддао бўлди. Гап шундаки, корхона мутасаддилари тадбир иштирокчиларини 50 га яқин маҳсулотлари билан таништириш қаторида, янги буюртмалар бўйича умумий қиймати 955 миллион сўмлик шартномалар имзоладилар.
Айтиш керакки, мазкур кўргазмада 200 дан ортиқ йирик саноат тузилмаси ва тадбиркорлик субъекти мингдан зиёд маҳсулотларини намойиш қилди. Айниқса, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида фаолият кўрсатаётган ўнлаб корхоналарда тайёрланаётган импорт ўрнини босувчи товарлар тадбир қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.
— Бу галги ярмаркада нафақат маҳаллий, балки хорижий улгуржи савдо компаниялари вакиллари ҳам иштирок этгани тадбир нуфузини янада оширди, — дейди вилоят ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармаси раҳбари Ўктам Исломов. — Улар ҳудудимизда кон-металлургия саноати билан бирга, озиқ-овқат, тўқимачилик ҳамда мебелсозлик тармоқлари ҳам жадал суръатларда ривож топаётганига гувоҳ бўлдилар. Шу маънода айтганда, ярмарка вилоят иқтисодий салоҳиятининг ўзига хос кўзгуси вазифасини ҳам ўтади.
Марказий Осиёда ягона ҳисобланган “Электрокимёзавод” қўшма корхонаси қишлоқ хўжалиги экинларини турли ҳашарот ва зараркунандалардан муҳофаза этувчи 20 турдан ортиқ кимёвий воситалар тайёрлашга ихтисослаштирилган. Ярмаркада ушбу ишлаб чиқариш субъекти мутасаддилари аграр соҳа вакилларидан буюртмалар қабул қилишди.
Икки кун давомида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда йирик саноат корхоналари ўз маҳсулотларини етказиб бериш юзасидан умумий қиймати 26 миллиард сўмлик келишувларга эришдилар.


Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
(муаллиф олган сурат).

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn