Сайёҳлик инфратузилмаси ва қулай муҳит
  • 28 Апрель 2015

Сайёҳлик инфратузилмаси ва қулай муҳит

Пойтахтимизда “Дам олиш дунёси” халқаро Ўзбекистон сайёҳлик кўргазмаси иш бошлади.

Мазкур нуфузли тадбир “Ўзбектуризм” Миллий компанияси ва “Буюк Ипак йўли” реклама агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда бошқа қатор мутасадди ташкилотлар кўмагида уюштирилди. Унда Ўзбекистон, Швейцария, Испания, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия, Сингапур, Вьетнам каби ўттизта мамлакатдан қарийб 150 та фирма ҳамда компаниялар вакиллари қатнашмоқда.
Қайд этилганидек, Президентимиз ташаббуси билан туризм саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида Ватанимизнинг гўзал табиати, муқаддас қадамжолари, ноёб меъморий обидалари ҳамда файзли гўшалари дунё аҳлини ўзига тобора мафтун этаётир. Бунда юртимиздаги тинчлик-осойишталик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳити, жаҳонга машҳур ўзбекона меҳмондўстлик, шунингдек, замонавий меҳмонхоналар ҳамда дам олиш масканлари ташкил қилиниб, уларда юксак сифатли хизмат турлари йўлга қўйилаётгани муҳим омил бўлаяпти.
Айни пайтда республикамизда сайёҳликнинг экотуризм, геотуризм, экстремал, тиббий ва маданий йўналишлари, отда, туяда, автомобилда саёҳат қилиш, альпинизм каби кўплаб турлари ривожланиб бормоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган 530 дан ортиқ туроператор ҳамда агентликлар томонидан туристик хизматлар кўрсатилаяпти.
“Дам олиш дунёси” халқаро кўргазмасини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад маҳаллий ва хорижий туроператорлар, агентликларга баҳор-ёз мавсуми учун ўз туристик маҳсулотлари бўйича таклифларни илгари суришларига кўмаклашиш, мижозлар билан шартномалар тузиш, туризм бозорига оид стратегик режалар ишлаб чиқиш учун имконият яратишдан иборатдир.
Анжуманда республикамизнинг сайёҳлик салоҳияти, таклиф қилинаётган хизматлар, тарихий обидаларимиз акс этган экспонатлар, халқ ҳунармандчилиги буюмлари, фотоэкспозициялар, гўзал табиатимиз, спорт туризми, авиатранспорт, суғурта ва банк хизматларига оид кўплаб маълумотлар билан танишиш имконияти яратилган.
Халқаро кўргазмада мамлакатимиз ҳудудлари ҳам ўз туристик имкониятларини кенг намойиш қилмоқда. Тадбирнинг биринчи иш кунида Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг “Ўзбекистонда гастрономик туризмни ривожлантиришнинг истиқболлари” мавзуида халқаро конференцияси ўтказилди. Гастрономик туризм пазандачилик билан боғлиқ барча туристик фаолият турлари, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи компаниялар, гастрономик фестиваллар, озиқ-овқат ярмаркалари ва бу борада тажриба орттиришга хизмат қилувчи саёҳатлар мажмуидан иборат экани қайд этилиб, юртимизда гастрономик туризмни ривожлантириш истиқболлари юқори экани алоҳида эътироф этилди. Ўз навбатида, бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш масалалари хусусида сўз юритилди.
Шуни ҳам айтиш жоизки, кўргазма доирасида намойиш қилинаётган ноёб турдаги автомашиналар ҳам ташриф буюрувчиларда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Кўргазманинг иккинчи кунида “Ипак йўли лаззати” миллий таомлар фестивали, сайёҳлик фирма ва компанияларининг тақдимотлари ўтказилади.


Ф. ИБРАГИМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn