Сифат, суръат ва янгиланиш
  • 24 Апрель 2015

Сифат, суръат ва янгиланиш

Иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарни молиявий соғломлаштириш — саноатни изчил ҳамда босқичма-босқич ривожлантиришнинг муҳим омилларидан биридир. Шу боис кейинги йилларда мамлакатимизда мазкур йўналишда кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилаётир. Пировардида жойларда йирик саноат тузилмалари фаолияти қайта тикланиб, улар негизида импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп товарлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилмоқда.

Буни биргина тўқимачилик маҳсулотлари тайёрлашга ихтисослаштирилган корхоналар ҳамда улар эришаётган ютуқлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
ўаллаорол туманидаги “Nargiza-teks” масъулияти чекланган жамияти — шулардан бири. Ўтган йил охирида фойдаланишга топширилиб, жорий йил бошидан ишлаб чиқариш жараёнига киришган мазкур хўжалик субъекти иқтисодий ночор ҳолатга тушиб қолган собиқ автокорхона ўрнида ташкил этилди. Бунинг учун тадбиркорлар саъй-ҳаракати билан 2,5 миллиард сўмлик банк кредити ҳамда таъсисчиларнинг 1,5 миллиард сўмлик маблағи жалб қилинди. Сармояларнинг асосий қисми эса илғор технологиялар харидига йўналтирилди.
Албатта, юқори сифат ва нарх-наво мақбуллиги — рақобатбардошликнинг бош мезони. Зеро, дунёда молиявий-иқтисодий инқироз ҳали-ҳамон давом этаётган, кўпгина давлатларда иқтисодий ўсиш суръатлари пасайиб, маҳсулотлар омборларда қалашиб ётган бир вазиятда ички ва ташқи бозордан мустаҳкам жой эгаллаш ишлаб чиқарувчилар олдига янгидан-янги вазифаларни қўяётгани ҳеч кимга сир эмас.
— Корхонамиз фаолият бошлаши билан 185 кишининг бандлиги таъминланди, — дейди масъулияти чекланган жамият таъсисчиларидан бири Икром Шомирзаев. — Маҳсулотимизнинг асосий қисмини экспортга чиқаришни мақсад қилганимиз сабабли,  Япониядан энг сўнгги русумдаги 126 та тўқув дастгоҳи ҳамда мато ва либосларга расм босиш, нақш чизиш ускуналарини келтириб ўрнатдик. Мазкур замонавий технологияларни самарали бошқаришни ўзлаштириш учун ишчи-мутахассисларимиз малакасини оширдик. Коллежни битирган йигит-қизларга “Устоз — шогирд” анъанаси асосида касб сирлари пухта ўргатилди. Ҳозир жамоамиз саъй-ҳаракати билан бир сменада болаларнинг 20 дан ортиқ турдаги 6 минг дона кийим-кечаклари ишлаб чиқарилаяпти. Хорижда ҳам буюртмачиларимиз кўпайиб бораётганини ҳисобга олиб, қўшни мамлакатларда корхонамизнинг савдо уйларини очиш чораларини кўраяпмиз.
Янгиликка интилиш, изланувчанлик ва ташаббускорлик муваффақиятга эришишнинг энг муҳим шартидир. Бунга амал қилган  “Nargiza-teks” жамоаси жорий йилнинг биринчи чорагини 500 миллион сўмлик дастлабки маҳсулотлар туркумини ишлаб чиқариш билан якунлади. Ҳозир бежирим дизайн ва юқори сифат уйғунлиги асосида тайёрланган ана шу кийим-кечакларнинг 80 фоизини чет элга сотиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, 2016 йил охирига қадар жамиятда мато тўқиш лойиҳаси ҳам ниҳоясига етказилиши белгиланган. Бу эса келгусида корхона маҳсулотлари таннархи арзонлашиб, экспорт жуғрофияси янада кенгайишидан далолат беради.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn