Энергетика тизими: тежамкорлик — давр талаби
  • 22 Апрель 2015

Энергетика тизими: тежамкорлик — давр талаби

Бугун кундалик ҳаётимиз, иқтисодиёт тармоқлари фаолиятини электр энергиясиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо кейинги йилларда бутун дунёда унга бўлган эҳтиёж шунчалик ошиб бормоқдаки, пировардида истеъмол ҳажми ишлаб чиқариш суръатидан ҳам ортиб кетаяпти. Айни шу жиҳат соҳага инновацион технологияларни кенгроқ жорий этиш орқали уни янада ривожлантириш билан бирга, табиий газ, нефть, кўмир каби ресурсларни тежашни ҳам тақозо қилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим омили бўлган энергетика тизимини модернизация қилиш, соҳага замонавий технологияларни татбиқ этиш, муқобил манбалардан кенгроқ фойдаланиш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилаяпти. Бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди. Хусусан, “Электр энергетикаси тўғрисида”ги ва “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда бошқа бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Натижада электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш суръатини ошириш, бу жараёнда ишлатиладиган табиий ресурслар сарфини камайтиришга эришиш баробарида, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш даражаси такомиллаштирилаётгани диққатга сазовордир.
Тежамкорликка қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилаяпти. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида ҳаётга татбиқ қилинаётган “Саноат корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси, айниқса, тизимдаги янгиланишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Очиғини айтиш керак, саноат иқтисодиётимизнинг электр энергиядан тежаб-тергаб фойдаланиш талаб этилаётган энг муҳим жабҳаси ҳисобланади. Ҳисоб-китобларга қараганда, юртимизда ишлаб чиқариладиган ялпи электр энергиясининг қарийб 40 фоизи, табиий газнинг 20 фоизи, нефть маҳсулотларининг эса 6 фоизи мазкур соҳага йўналтирилади. Шу маънода, соҳада тежамкор технологияларнинг изчил қўлланилиши энергия сарфини кескин камайтириш имконини бериши, шубҳасиз. Аниқроғи, бу кўрсаткични ўрта ва кичик корхоналарда 19-24 фоиз, йирик корхоналарда 7-16 фоиз, тоғ-кон, кимё, машинасозлик, тўқимачилик ва ғишт ишлаб чиқариш  тармоқларида эса 20 фоизгача пасайтириш мумкин экан.
Жаҳон банки мутахассисларининг таҳлили натижалари ҳам буни тасдиқлаб турибди. Унга кўра, саноатда энергия сарфини 15 фоиз қисқартириш эвазига 2022 йилдан кейинги ўн йилликда 7,7 млрд. АҚШ доллари (ялпи ички маҳсулот ҳажмининг
1,2 фоизигача) миқдорида маблағ иқтисод қилиб қолиниши мумкин. Юртимизда бу муҳим масалага алоҳида эътибор қаратилаётганининг боиси ҳам шунда.
Чиндан ҳам, саноат корхоналарида инновацион ишланмалар, замонавий технологик ускуналарнинг қўлланилаётгани кутилган самараларни бермоқда. Узоққа бормайлик, 2002 — 2010 йиллар мобайнида иқтисодиёт тармоқларида солиштирма энергия истеъмоли қарийб 50 фоизгача пасайди.
Кейинги йилларда энергияни тежаш режалари жорий этилаётгани алоҳида диққатга сазовордир. Бунда 1997 йилда қабул қилинган “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаяпти. Ушбу ҳужжатнинг 13-моддасида йилига 6 минг тонна шартли ёқилғи ёки минг тоннадан ортиқ мотор ёқилғисига тенг энергия ресурсларини сарфлайдиган корхона, муассаса ва ташкилотларда мажбурий энергетика текширувлари ўтказилиши белгилаб қўйилган. Буни амалга ошириш тартиби эса Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 августдаги 164-сонли қарори билан тасдиқланган.
Ҳозирги кунда республикамизда 166 та ана шундай корхона мавжуд бўлиб, уларда тегишли 17 та ташкилот томонидан энергетика текширувлари амалга ошириб келинаяпти. Текширувдан ўтмаган ёки талабга жавоб бермайдиган қурилмалардан фойдаланиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, дарҳол зарурий чора-тадбирлар, ҳатто, маъмурий жавобгарлик чоралари ҳам қўлланилмоқда. Бундан кўзланган мақсад битта: у ҳам бўлса, электр энергиядан самарали фойдаланиб, иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш ҳамда тежалган қимматбаҳо ресурсни бошқа мақсадларда фойдаланишга йўналтиришдир.
Хулоса ўрнида айтганда, нафақат иқтисодиётимиз тараққиёти, балки аҳоли турмуш шароитининг яхшиланиши ҳам кўп жиҳатдан электр энергияси билан боғлиқ. Шунинг учун жамиятимиз ҳаётининг барча бўғинида унга нисбатан муносабатни тубдан ўзгартириш, аҳоли ўртасида, айниқса, ёшларимиз тарбиясида электр энергиядан фойдаланишда янгича муносабатни шакллантириш бизнинг вазифамиздир.

 

Ҳаким МУРОТОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Фанлар академияси
Энергетика ва автоматика институти директори,
техника фанлари доктори, профессор.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn