Юртимиз ишбилармонларининг энг нуфузли танлови
  • 17 Апрель 2015

Юртимиз ишбилармонларининг энг нуфузли танлови

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Президент соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Ташаббус” республика кўрик-танловининг мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришда тутган ўрни ва аҳамиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 1996 йилда асос солинган ушбу танлов ўтган давр мобайнида юртимизда кичик бизнесни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг ишбилармонлик қобилиятини юзага чиқаришда энг муҳим тадбирга айлангани таъкидланди. Бинобарин, унинг доирасида иштирокчилар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг кўргазма-ярмаркаси ташкил қилинаётгани, турли учрашувлар, тақдимот маросимлари ва маҳорат дарслари ўтказилаётгани бизнес фаолиятини юритаётган юртдошларимиз учун айни муддао бўлаётир. Буни танлов иштирокчилари ва унга ташриф буюрувчилар сони тобора ошиб бораётгани ҳам яққол тасдиқлайди.
Мисол учун, ўтган йилги танловнинг барча босқичида 6500 нафардан зиёд тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар қамраб олинди. Улар орасидан юқори иқтисодий кўрсаткичлари, эришган ютуқлари билан алоҳида ажралиб турган 41 нафар номзод cаралангач, ҳар бири якуний босқичда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.
Анжуманда “Ташаббус — 2015” кўрик-танловини ўтказиш тартиби, унда қатнашиш учун қўйиладиган талаблар ва баҳолаш мезонлари ҳақида маълумотлар берилди. Бунда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 18 мартдаги тегишли фармойиши дастуриламал бўлиши қайд этилди.
Анъанага мувофиқ, “Ташаббус — 2015” кўрик-танлови ғолиблари учта асосий — “Энг яхши тадбиркор”, “Энг яхши фермер”, “Энг яхши ҳунарманд” йўналиши бўйича аниқланади. Бундан ташқари,  Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан янги — “Кекса тадбиркор — “Ташаббус” эъзозида” номинацияси, “Энг яхши ёш тадбиркор”, “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг яхши инновацион лойиҳа”, “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор”, “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби”, “Менинг юртим — менинг ифтихорим” каби қўшимча номинациялар бўйича совриндорлар аниқланиб, ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади.
Тадбир иштирокчилари танловнинг барча босқичини юқори савияда, уюшқоқлик билан ўтказиш, қатнашчилар орасидан энг муносиб номзодларни танлаб олиш, янги истеъдодларни кашф этиш юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn