Тадқиқотчилар ва ишлаб чиқарувчилар ҳамкорлиги иқтисодиётимизни янада ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда
  • 17 Апрель 2015

Тадқиқотчилар ва ишлаб чиқарувчилар ҳамкорлиги иқтисодиётимизни янада ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда

Навоий давлат кончилик институти олимлари томонидан муқобил энергия манбалари асосида ишлайдиган кўча ёритқичлари яратилди. Атроф-муҳит мусаффолигига хизмат қилувчи ушбу ихтиро Навоий шаҳрида ўтказилган VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркаси иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

— Қайта тикланмайдиган энергия манбалари тобора қисқариб бораётган бир пайтда биз ишлаб чиққан лойиҳа катта аҳамиятга эга, — дейди мазкур олий ўқув юрти доценти Одил Жумаев. — Қуёшдан олинган энергия ҳисобига барча кўчаларни ёритиш мумкин. Қолаверса, ушбу тизим бошқаруви тўлиқ автоматлаштирилган. Яъни энергия таъминотида узилиш бўлганда, захира батареялари ишга туширилади.
Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Навоий, Самарқанд, Тошкент, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги бир қатор олий таълим муассасалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига қарашли илмий тадқиқот институтлари олимлари ва талабалари томонидан яратилган уч юздан ортиқ инновацион ишланмалар намойиш қилинди.
Ярмаркада сўзга чиққанлар юртимизда тадқиқотчилар ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида ўрнатилган амалий ҳамкорлик илм-фан ютуқлари асосида миллий иқтисодиётимизни янада ривожлантиришга хизмат қилаётганини эътироф этдилар.
— Биз таклиф қилаётган ўндан зиёд лойиҳалар бевосита тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги тармоқларига дахлдор, — дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти бўлим мудири Бурҳон Эшмуродов. — Масалан, кашф қилган препаратларимиз экинлар парваришида қўлланилганда, ҳосилдорлик икки баробаргача ортиши амалда исботланди. Ушбу ишланмамиз ҳақида фермерларга атрофлича маълумот бердик.
Шунингдек, тадбирда кон-металлургия саноатини ривожлантириш, тупроқ унумдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган ғоя ва ишланмалар ҳам намойиш этилди.
Ҳудудий ярмарка доирасида илмий муассасалар ҳамда ишлаб чиқарувчилар ўртасида қатор шартномалар имзоланди.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn