Ислоҳотларнинг ҳаётбахш самаралари аҳоли турмуш фаровонлигида яққол намоён бўлмоқда
  • 16 Апрель 2015

Ислоҳотларнинг ҳаётбахш самаралари аҳоли турмуш фаровонлигида яққол намоён бўлмоқда

Бирор ҳудуд тараққиётига баҳо берилганда, аввало, унинг иқтисодий салоҳияти алоҳида эътиборга олинади. Қашқадарё вилоятида ҳам истиқлол йилларида мазкур соҳанинг барча тармоғида изчил юксалишга эришилди. Энг чекка ва олис қишлоқларгача саноат кириб борди. Бир пайтлар чўлу биёбондан иборат бўлган кенгликларда замонавий корхоналар фаолияти йўлга қўйилди.

Бу каби ислоҳотларнинг ҳаётбахш самаралари аҳоли турмуш фаровонлигида ўз аксини топаётгани қувонарли ҳолдир.
Айтиш жоиз, 2014 йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 7,9 фоиз, шу жумладан, саноат маҳсулотлари ҳажми 6,7, халқ истеъмоли моллари 5,8, капитал қўйилмалар 5,6, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,2 фоиз ўсди. 
Воҳадаги ижобий ўзгаришларни Деҳқонобод туманидаги янгиланишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Яқин-яқингача тап-тақир даштдан иборат бўлган бу жойлар бугун боғ-роғларга бурканиб, кўркам манзилларга айланмоқда. Мазкур ҳудудда барпо этилаётган саноат корхоналари нафақат вилоят, балки бутун мамлакатимиз равнақида салмоқли ўрин тутиши билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, маҳаллий хом ашё ресурсларини қайта ишлашни таъминлайдиган, юқори технологияларга асосланган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Эътироф этиш лозимки, туманга темир йўл кириб келиши, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи каби йирик саноат корхонасининг ишга туширилиши ҳудудда қўшимча тармоқларнинг ривожланишига туртки берди. Масалан, шу пайтга қадар бу ерга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам бошқа ҳудудлардан келтириларди. Бу эса ортиқча оворагарчиликларга сабаб бўларди. Шўртан газ-кимё мажмуаси томонидан туманда қандолат ва макарон маҳсулотлари ишлаб чиқариш тармоғининг ташкил этилиши ушбу муаммони бартараф этишда айни муддао бўлди. Яъни ички истеъмол бозорини сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш имконияти юзага келди. Хусусан, 2011 йили ишга туширилган печенье цехи хорижнинг энг замонавий технологик линияси билан жиҳозланган. Айни пайтда 20 киши меҳнат қилаётган корхонада бир сменада 800 килограммгача ширинликлар тайёрланмоқда.
— Хамир қоришдан тортиб тайёр маҳсулотни қадоқлашгача бўлган барча жараён конвейер усулида амалга оширилади, — дейди цех смена устаси Олим Қурбонов. — Ширинликларимиз сифати билан харидорларга манзур бўлаяпти. Ҳозир маҳсулот турини кўпайтириш баробарида, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга ҳам ҳаракат қилмоқдамиз. 
Жорий йилда туманда юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида юқоридаги каби 123 та лойиҳани рўёбга чиқариш режалаштирилган. Бу қўшимча 570 та иш ўрни ташкил этиш ҳамда ички истеъмол бозорини сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш имкониятини янада кенгайтиради.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn