Кооперация алоқалари кенгаймоқда
  • 14 Апрель 2015

Кооперация алоқалари кенгаймоқда

Урганч шаҳрида IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги 220 дан зиёд корхоналар 725 турдаги маҳсулотлари билан қатнашди.

Хусусан, Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқариш ўзлаштирилган гидравлик экскаваторлар, бульдозерлар, маиший газ баллонлари, музлаткичлар, автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар, аккумуляторга моноблоклар, полиэтилен қувурлар, спорт  анжомлари, қурилиш материаллари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, Кооперация биржасида Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро, Андижон, Фарғона, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси саноат соҳаси вакиллари ўзларининг хилма-хил маҳсулотлари тақдимотини ҳам ўтказди. Бундан ташқари, тадбирда 9 та давлатдан келган ишлаб чиқариш субъектлари мутасаддилари иштирок этди.
— Ушбу анъанавий саноат форуми маҳсулотларимиз харидоргирлигини оширишда муҳим ўрин тутади, — дейди “Хива маиший техника” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қудрат Оллаберганов. — Масалан, ҳозир корхонамизда тайёрланаётган 10 турдаги витринали совутқич ва музлаткичлар сифати ҳамда дизайни жиҳатидан хориждан келтирилаётган турдошлари билан бемалол рақобатлаша олади. Шу сабабли ярмарка доирасида буюртмаларимиз портфелини янада тўлдиришга эришдик.
Икки кун давом этган тадбир якунида  27 миллиард 200 миллион сўмликдан ортиқ шартномалар имзоланди. Бундан ташқари, хоразмлик тадбиркорлар хорижий корхоналар билан 4,4 миллион АҚШ долларилик экспорт келишувларига эришдилар.


Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn