Ўзбекистон — Польша бизнес-форуми
  • 14 Апрель 2015

Ўзбекистон — Польша бизнес-форуми

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида Польша Республикаси ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон билан Польша ўртасидаги муносабатлар барча жабҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодиёт соҳасида ҳам жадал ривожланаётгани таъкидланди. Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги икки томонлама келишувга мувофиқ, Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий муносабатлар қулайликлар яратиш принципи асосида йўлга қўйилган. Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Польша ҳукуматлараро комиссияси икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришда амалий механизм бўлиб хизмат қилаётир.
Бизнес-форум Ўзбекистон ва Польша бизнес тузилмалари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилди. Польшадан ташриф буюрган тадбиркорлар делегацияси таркибида темир йўл, автотранспорт соҳалари ходимлари,  автобус ва троллейбус, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини музлатиш ва сақлаш асбоб-ускуналари, маиший кимё товарлари, сут маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган ҳамда биотиббиёт ва нанотехнологиялар каби тармоқларда илмий тадқиқот ишлари ўтказадиган компаниялар вакиллари бор.
Тадбирда Польша делегацияси аъзоларига мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар хусусида атрофлича маълумот берилди. Ўзбекистон Республикасидаги инвестициявий муҳит, Польшанинг савдо-иқтисодий салоҳияти ва икки давлат ўртасидаги ташқи иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолатига бағишланган тақдимотлар ўтказилди.
— Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлардан яхши хабардорман, — дейди Силезия Савдо-саноат палатаси раиси Ришард Тужаньский. — Айниқса, ёш тадбиркорларга кўрсатилаётган ёрдам, хорижий инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар ўз самарасини бераётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини янада оширади.            
Бизнес-форум давомида Ўзбекистон ва Польша ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида икки томонлама музокаралар ўтказилди. Мулоқотлар якунида келажакдаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.


Бобур ОБИДОВ,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn