Модернизация ва диверсификация саноат салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади
  • 11 Апрель 2015

Модернизация ва диверсификация саноат салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади

Кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида бўлгани сингари Жиззах вилояти иқтисодиётида ҳам саноатнинг улуши тобора ортиб бормоқда. Бунда Президентимизнинг 2015 йил 4 мартдаги “2015 — 2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Фармони, айниқса, муҳим омил бўлаётир.

— Мазкур ҳужжат асосида алоҳида ҳудудий дастур ишлаб чиқилган, — дейди вилоят Иқтисодиёт бошқармаси бош мутахассиси Миржамол Раҳмонов. — Унда чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, ички ва ташқи бозор талабларига мос рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлашни кўпайтириш, мавжуд захиралардан тўлақонли фойдаланиш ҳисобига энергия тежамкорлигига эришиш, саноат тармоқларига юқори технологияларни кенг татбиқ этиш каби устувор вазифалар ўз аксини топган. Бошқача айтганда, умумий қиймати 359,1 миллион АҚШ долларилик 18 та лойиҳани рўёбга чиқариш режалаштирилган.
Масалан, вилоят марказидаги  турли ўлчамдаги полиэтилен қувурлар, улар учун бутловчи деталлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Жиззах пластмасса” акциядорлик жамиятида амалга оширилиши кўзда тутилган технологик янгиланишлар корхонада қўшимча 100 тонна маҳсулот тайёрлаш имконини беради. Ёки бундан икки йил аввал ишга туширилган “Жиззах цемент заводи” акциядорлик жамиятини олайлик. Ҳозир бу ерда йилига 760 минг тонна портлант цемент тайёрланаяпти. Ҳудудий дастурга мувофиқ, рўёбга чиқариладиган кенг кўламли модернизациялаш тадбирларидан сўнг мазкур кўрсаткич 1 миллион тоннага етказилади.
Бугунги соғлом рақобат муҳитида харидорлар талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олиб иш юритган тадбиркорлар юртқазмайди. Бу эса корхоналарнинг технологик қувватларини ошириш баробарида, уларда тайёрланаётган маҳсулотлар турини кўпайтириб боришни тақозо этади. Ана шундан келиб чиқиб, Жиззах шаҳридаги “Жиззах аккумулятор заводи” акциядорлик жамиятида 2017 йилда диверсификациялаш ишларини олиб бориш белгиланган. Бундай ислоҳотлар самараси яқин истиқболда корхонада 90 миллион дона цилиндр шаклидаги аккумулятор батареялари ишлаб чиқаришда намоён бўлади. Қолаверса, ҳозир бу ерда йилига 550 минг дона аккумулятор тайёрланаётган бўлса, модернизациялаш юмушлари натижасида ушбу миқдор 800 минг донага етади.
Давлатимиз раҳбари Фармони асосида қабул қилинган ҳудудий дастурда вилоятда енгил саноат тармоғида ҳам чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш кўзда тутилган. Шу аснода 2016 йилда “Жиззах грант текстиль” корхонасида йилига 2,5 миллион дона пайпоқ, 2017 йилда ўаллаорол туманидаги “Сангзор текстиль” масъулияти чекланган жамиятида 3 минг тонна, “Элеганс Текс” қўшма корхонасида эса 5 минг тонна калава ип ҳамда катта ҳажмда трикотаж матолар ишлаб чиқариш, 2019 йилда “Жиззах кентекс” масъулияти чекланган жамиятида йилига 5 минг тонна калава ипни бўяш имконияти яратилади. Бинобарин, 2018 йилдан бошлаб, Фориш туманидаги “Мега инвест индустриал” масъулияти чекланган жамиятида базальтдан йилига 2,5 минг тонна арматура ва бошқа турдаги маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилиб, вилоят қурилиш индустриясида янги саҳифа очилади. Бундан ташқари, ҳудуддаги саноат корхоналари фаолиятини янада кенгайтириш, технологик жараёнларни такомиллаштириш мақсадида 171 ишлаб чиқариш субъекти модернизация ва  диверсификация қилинади. 
Бахмал туманидаги “Ўсмат ғишт” масъулияти чекланган жамияти — шулардан бири. Корхона пишиқ ғишт тайёрлашга ихтисослаштирилган. Келгусида бу ерда техник ва технологик янгилаш тадбирларини амалга ошириш ҳисобига унинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 2 миллион донага кўпаяди. Қолаверса, ўаллаорол туманидаги “Politron nerud” МЧЖда 100 минг куб, “Ойбек Диёр” хусусий корхонасида 80 минг куб қўшимча шағал хом ашёси тайёрланади.
Эътиборлиси, бундай истиқболли лойиҳалар вилоятдаги “Жиззах жун”, “Олмачи полимер”, “Jizzax Polimer plast”, “So‘g‘diana pipeplast”, “Sendvich panel” масъулияти чекланган жамиятларида ҳам рўёбга чиқарилиши белгиланган.
Айни пайтда эса вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ижроси изчил давом эттирилаяпти. Чунончи, жорий йилда ҳудудда саноат соҳасида жами 532,1 млрд. сўмлик 201 лойиҳани рўёбга чиқариш мўлжалланган. Уларнинг 29 тасида модернизациялаш тадбирлари ўтказилиши кўзда тутилган бўлиб, бунга ташаббускорларнинг 13,1 миллиард сўмлик, тижорат банкларининг эса 37,9 миллиард сўмлик маблағлари йўналтирилади. Албатта, буларнинг барчаси Жиззах вилоятининг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, пировардида ҳудуд аҳолиси фаровонлигини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn