Мақсад — аҳолига янада қулайлик яратиш
  • 10 Апрель 2015

Мақсад — аҳолига янада қулайлик яратиш

Президентимиз мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида бултур республикамиз иқтисодиётининг барча тармоғида юқори ўсиш суръатларига эришилганини алоҳида таъкидлади.

Бу, шубҳасиз, давлат раҳбари ташаббуси билан истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ қилинган ва дунё ҳамжамияти томонидан тараққиётнинг “ўзбек модели” дея эътироф этилган ислоҳотлар самарасидир.
Қайд этиш жоизки, юртимизда ислоҳотлар жараёнида янги магистраль газ қувурларини қуриш ҳамда ишга тушириш орқали қишлоғу шаҳарларимизни газлаштириш ишлари ҳам жадал давом эттирилмоқда. Натижада кейинги беш йил ичида уларнинг узунлиги 1,4 баробар, газ тарқатиш тармоқларининг узунлиги эса 3 марта ўсиб, республикамизни газлаштириш даражаси 90 фоизга етди.
Маълумки, истеъмолчиларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш, шунингдек, уни етказиб бериш, транзит ва экспорт қилиш “Ўзтрансгаз” акциядорлик компаниясининг энг устувор вазифаларидан ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу компания саъй-ҳаракати туфайли республикамизнинг барча ҳудудида 13 миллион 27,1 минг километрлик магистраль газ қувурлари ётқизилган бўлиб, улар орқали 20,5 миллиондан кўпроқ аҳоли истиқомат қилаётган 3 миллион 605 минг 834 та уй-жой, 80 минг 912 та улгуржи истеъмолчи, яъни 4 минг 964 та саноат корхонаси, 17 минг 833 та маиший ва ижтимоий объект ҳамда 58 минг 115 та якка тартибдаги тадбиркорга газ етказиб берилмоқда.
Компаниянинг 2012 — 2017 йилларга мўлжалланган режасига мувофиқ, магистраль газ қувурлари объектлари ва газ тақсимлаш тармоқлари қуриш, уларни модернизациялаш, қайта таъмирлаш кўзда тутилганини инобатга олсак, келгусида бу борадаги ишлар ҳажми янада кенгайиши муқаррар.
Бундан ташқари, компания томонидан газ тармоқларидан узоқда жойлашган қишлоқлардаги 1 миллион 791 мингдан зиёд истеъмолчилар суюлтирилган газ билан таъминланаяпти. Бу борада 330 мингта айланма газ баллони ва уларга хизмат кўрсатувчи 206 та сервис маркази ҳамда 283 та махсус автотранспорт воситасидан унумли фойдаланилаётир.
Ўтган давр мобайнида, шунингдек, табиий газ билан ҳаракатланувчи автомобиллар сони 15 фоиздан кўпроқ ошиб, метан газида ишловчи енгил автоуловлар қаторига юк транспортлари ҳам қўшилгани диққатга сазовор. Негаки, бу нафақат атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш, балки ресурсларни тежашда ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Шу боис мазкур тизим босқичма-босқич такомиллаштирилиб, республикамиз бўйича 210 та газ ёнилғисини қуйиш ҳамда 350 та сервис шохобчаси хизмати йўлга қўйилди.
Табиий газ — бебаҳо миллий бойлигимиз. Демак, ундан фойдаланишда исрофгарчиликнинг олдини олиш барчамизнинг бурчимиздир.
Хулоса ўрнида айтганда, компаниямиз томонидан амалга оширилаётган бу каби ишлар табиий газдан унумли фойдаланишга қаратилгани билан аҳамиятли саналади.

Ботир ЗИЯЕВ,
«Ўзтрансгаз» акциядорлик компаниясининг матбуот хизмати раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn