Саноат салоҳияти намойиши
  • 10 Апрель 2015

Саноат салоҳияти намойиши

Нукусда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди. Буюртмалар портфелини тўлдиришда катта имкониятлар яратаётган мазкур анъанавий тадбир, айтиш мумкинки, Оролбўйи минтақаси ишбилармонларида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Буни иштирокчилар сони йилдан-йилга кўпайиб бораётганидан ҳам билиш мумкин. Хусусан, ўтган йили ярмаркада 215 та корхона ва ташкилот қатнашган бўлса, жорий йилда улар сони қарийб 300 тага етди. Тақдим этилган маҳсулотлар тури эса уч мингдан зиёдни ташкил қилди. 
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар нафақат ҳудудлар марказлари, балки чекка ва олис қишлоқларда ҳам маҳаллий хом ашё асосида рақобатбардош ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқараётган тадбиркорлар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани, жумладан, мазкур ярмарка ана шундай амалий кўмакнинг яна бир ифодаси эканлигини таъкидладилар.
— Ҳар йили Кооперация биржасида фаол қатнашиб келамиз, — дейди тадбиркор Мурод Шимбергенов. — Унинг биз, ишбилармонлар учун қулайлиги кўп. Масалан, Маҳаллийлаштириш дастури ёки экспорт келишуви асосида маҳсулот етказиб берувчиларнинг шартномалари қўшимча талабларсиз ярмарканинг ўзида рўйхатдан ўтказилади. Бундан ташқари, бюджет ташкилотларининг ушбу тадбир давомида тузилган шартномалари қўшимча талабларсиз молиялаштирилади. Бу эса ўз маҳсулотларимизни ҳеч қандай тўсиқларсиз сотишимизда қўл келмоқда.
Амударё туманидаги “Элтузар” корхонаси ҳам мазкур кўргазмада 14 турдаги қурилиш материалларини намойиш қилди. Бу ерда маҳаллий хом ашёдан тайёрланаётган турли  бўёқлар, пардозлаш воситалари нисбатан арзонлиги ҳамда сифатлилиги билан қурилиш ташкилотларига маъқул келди. Натижада кичик бизнес субъекти ана шундай жамоалар билан умумий қиймати 80 миллион сўмликдан ортиқ ўзаро келишувга эришди.
Саноат ярмаркасида ишлаб чиқарувчиларнинг импорт ўрнини босувчи янги турдаги маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил қилинди.
Икки кун давом этган тадбир якунида 12 миллиард сўмликдан зиёд шартномалар тузилди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn