Энергетика ресурслари ва самарадорлик
  • 10 Апрель 2015

Энергетика ресурслари ва самарадорлик

Андижон шаҳрида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун саноат корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлилига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Жаҳон банкининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамда Иқтисодиёт вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда ушбу халқаро молия муассасаси кўмагида республикамизда электр ва иссиқлик қувватидан оқилона фойдаланишга қаратилган лойиҳалар ижроси хусусида ахборот берилди.
Маълумки, бугунги кунда дунё миқёсида энергия ресурслари тобора камайиб, унга бўлган эҳтиёж кун сайин ортиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, юртимизда илм-фан ютуқларини ҳаётга изчил татбиқ этиш орқали қайта тикланмайдиган энергетика манбалари сарфини қисқартириш чоралари кўрилаётир.
— Мамлакатимизда мазкур йўналишда умумий қиймати 166 миллион АҚШ долларилик 79 та лойиҳани рўёбга чиқариш мўлжалланаяпти, — дейди Жаҳон банки вакили Искандар Бўронов. — Пировардида йилига 550 миллион киловатт-соат электр энергияси ва 150 миллион куб метр газ тежалишига эришилади.
“Андижон биокимё заводи” акциядорлик жамиятида ҳам ана шундай лойиҳа ниҳоясига етказилмоқда. Семинар қатнашчилари мазкур корхонада бўлиб, бу ерда олиб борилган ишлар билан яқиндан танишдилар. Айтиш керакки, озуқа этил спирти ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган мазкур жамиятда сўнгги йилларда модернизациялаш тадбирлари амалга оширилди.
— Авваллари буғдойни ачитиш жараёнида ажралиб чиқадиган карбонат ангидрид ҳавога чиқарилар эди, — дейди жамият бош муҳандиси Зафарбек Худоёров. — 624 минг доллар эвазига келтирилган янги ускуналар 500 килограммгача миқдорда ушбу чиқиндини жамғариш имконини берди. Ундан саноат мақсадларида фойдаланиш мумкин. Қолаверса, атроф-муҳит ифлосланишининг ҳам олди олинади. Корхонамизнинг энергия ва сув сарфи эса 1,5 баробар қисқаради. Ҳозир тажриба-синов жараёни давом эттирилмоқда.
Яқин кунларда лойиҳа амалиётга жорий қилинади.
Булоқбоши туманида жойлашган кичик гидроэлектростанцияда ҳам бу йўналишда эътиборга молик ишлар олиб борилаяпти.
— Ўтган асрнинг 50-йилларида қурилган ушбу иншоотнинг бугунги кунда самарадорлиги жуда паст, — дейди Шаҳрихон ГЭСлари каскади филиали бошлиғи Муҳаммаджон Маматов. — Лойиҳа 2016 — 2018 йилларга мўлжалланган бўлиб, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 40 фоиз кўпайтиришни кўзда тутади.
Анжуман доирасида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди. 

Саидаҳмад ШУКУРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn