Сифати юқори, тежамкор ва қулай
  • 09 Апрель 2015

Сифати юқори, тежамкор ва қулай

Юртимизда ишлаб чиқарилаётган мототехника воситаларига ана шундай таъриф берилмоқда. Кеча Тошкент шаҳрида иш бошлаган “Chang Hao Group” масъулияти чекланган жамиятининг тақдимоти бўлиб ўтди. Хитой Халқ Республикасининг “Lifan Industry Group Co.Ltd” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур корхона мототехника воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган.

Тадбирда сўз олганлар таъкидлаганидек, Ўзбекистонда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, хорижлик инвесторларга берилаётган имтиёз ва преференциялар уларнинг иқтисодиётимизга бўлган қизиқишини тобора оширмоқда. Натижада жалб этилаётган чет эл инвестициялари ҳажми йил сайин кўпайиб, истиқболли йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётир. Биргина 2014 йилда иқтисодиётимизга киритилган хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажми 3 миллиард АҚШ долларидан зиёдни ташкил қилгани, шунинг тўртдан уч қисми тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар эканлиги бунинг яққол далилидир.
Маълумки, Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий соҳалардаги алоқалар жадал ривожланиб бораяпти. Бунда, аввало,  икки давлат раҳбарларининг учрашувлари чоғида имзоланган ҳужжатлар ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Охирги етти йил давомида ўзаро савдо айланмаси 5 мартадан зиёдга кўпайгани ана шундан далолат беради.
— Сўнгги икки йил давомидаги кузатишларимга асосланиб, айтишим мумкинки, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ва жадал суръатларда ривожланаяпти, — дейди “Chang Hao Group” корхонасининг таъсисчиси Кинг Чанг хоним. — Айни шу жиҳат ҳамкорлигимизнинг янада мустаҳкамланишида муҳим омил бўлди. Гап шундаки, дастлаб юртингизга турли русумдаги мототехника воситаларини етказиб берган бўлсак, эндиликда уларни шу ерда ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйдик. Чунки бунинг учун биз, хорижлик ҳамкорларга барча шарт-шароит яратиб берилган.
Қолаверса, мамлакатингиз аҳолиси, айниқса, ёшлари ҳайратомуз техник салоҳиятга эга. Бевосита уларнинг кўмагида жуда қисқа вақт ичида юқори  сифатли, тежамкор ва ҳар томонлама қулай бўлган мотоцикллар ишлаб чиқаришга киришдик. 
Таъкидлаш керакки, “Chang Hao Group” корхонасида лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида 350 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилди. Бунинг эвазига хорижнинг замонавий технологик линиялари ўрнатилиб, олти русумдаги, икки ва уч ғилдиракли мотоцикллар тайёрлаш бошланди. Улар, асосан, қишлоқ хўжалиги ва коммунал соҳа учун мўлжалланган, иқтисодий тарафдан эса жуда тежамкор. Айтайлик, уч ғилдиракли мотоциклларнинг тезлиги соатига 80 километргача етса-да, 3,5 литр ёнилғи сарфлайди. Улар ёрдамида бир пайтнинг ўзида 650 килограммдан ортиқ юкни манзилга элтиш мумкин. Бу деҳқон ва фермер хўжаликлари учун айни муддаодир.
— Мотоцикллар учун зарур бутловчи ҳамда эҳтиёт қисмларнинг 45 фоизи маҳаллийлаштирилди, — дейди корхона бош механиги Рустам Сейитов. — Шасси, бутловчи ва пластик қисмлар шулар жумласидан. Лойиҳанинг кейинги босқичларида бу кўрсаткични 70-80 фоизга чиқариш, шунингдек, мототехникалар русумини янада кўпайтириш мўлжалланаяпти. Бунинг учун эса имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етарли.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Lifan Industry Group Co.Ltd” компанияси Хитойдаги энг йирик машинасозлик заводларидан бири ҳисобланади. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган мотоцикллар, енгил автомобиллар, автобуслар, шунингдек, ушбу техникалар учун двигателлар дунёнинг 170 давлатига экспорт қилинади. Ҳамкор мамлакатлар орасидан Ўзбекистонда янги заводнинг очилиши барқарор ривожланаётган иқтисодиётимизга бўлган юксак ишонч, саноатимизга берилган юқори баҳонинг ёрқин намунасидир.
Айни пайтда корхонада 35 нафар киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этади.
— Коллежни тамомлаб, мана шундай замонавий корхонада иш бошлаганимдан жудаям хурсандман, — дейди Дониёр Рустамов. — Қаранг, меҳнат қилишимиз учун барча шарт-шароит яратиб берилган. Маошимиз ҳам ишимизга яраша. Ишга келиб-кетишимиз учун янги мотоцикл беришди. Уни миниб, кўчага чиққанимда, ғурурланиб кетаман. Ахир бу замонавий уловни ўз қўлларимиз билан тайёрлаганмиз-да.        
Лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида “Lifan” бренди остида йилига ўртача 1000 та мотоцикл ишлаб чиқарилади. Келгусида электр скутерлар, велосипедлар ва генераторлар тайёрлаш ҳам режалаштирилган. Мототехникалар фермер хўжаликларига лизинг асосида етказиб берилиши мўлжалланаётгани эса қишлоқ мулкдорлари учун яна бир қулайликдир. 
Қисқаси, мамлакатимизга жалб қилинаётган сармоялар, энг аввало, замонавий саноат корхоналари барпо этиш, ишлаб чиқаришни модернизациялашга йўналтирилаяптики, пировардида бу ички бозорни мана шундай импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдириш имконини бермоқда.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn