Тадрижий тараққиёт йўли ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муваффақиятларнинг бош омилидир
  • 09 Апрель 2015

Тадрижий тараққиёт йўли ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муваффақиятларнинг бош омилидир

Истиқлолга эришганимиздан кейинги ҳар бир йилда Ўзбекистоннинг дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторидан мустаҳкам жой эгаллаши, жаҳон ҳамжамиятидаги обрўси ва нуфузи юксалиши, халқимиз фаровонлиги янада ошиши йўлида янгидан-янги марралар забт этилмоқда.

Ўтган давр мобайнида миллий  иқтисодиётимиз 5 баробарга ортгани, аҳоли даромадлари жон бошига ўртача 8,7 баробар ўсгани, жумладан, 2014 йилда ҳам барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари таъминлангани бунинг яққол далилидир.
Дарҳақиқат, мана, ўн йилдирки, мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши 8 фоиздан юқори бўлмоқда. Бугунги кунда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, “баъзи давлатлар, қани, биз ҳам шундай натижаларга эришсак, деб бизга ҳавас билан қараётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас”.
Халқаро валюта жамғармасининг маълумотларига қараганда, ўтган йили жаҳондаги 221  давлатдан фақат бештаси, шу жумладан, Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши 8 фоиздан юқори бўлди. Ривожланган давлатлар — Германия, Италия ва Францияда, умуман, Европа Иттифоқига аъзо кўпгина мамлакатлар, шунингдек, Японияда ушбу кўрсаткич атиги 1-2 фоизни ташкил этди.
Мамлакатимизда эса иқтисодий ислоҳотлар “бозор иқтисодиётининг шиддатли гирдобига ўзингни ташласанг, унинг ўзи кўзланган манзилга олиб чиқади” деган хомхаёлларга берилмасдан, демократик янги давлат қуриш, уни модернизация қилиш, жамиятимизни тубдан ислоҳ этиш, эркинлаштириш бўйича пухта ўйланган тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида босқичма-босқич олиб борилаётгани барча муваффақиятларнинг муҳим омили бўлмоқда. Аммо мустабид тузумдан мерос бўлиб қолган мажруҳ, қўл-оёғи тушовланган иқтисодиётни ислоҳ қилиш, ижтимоий йўналтирилган бозор муносабатларини шакллантиришга осонликча эришилмади, албатта. Сабаби ўша даврда, Юртбошимизнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобида қайд этилганидек, иқтисодиётга раҳбарлик қилишнинг маъмуриятчилик, буйруқбозлик усуллари қарор топиб, республиканинг ишлаб чиқарувчи кучларини ривожлантиришга юзаки, яроқсиз ёндашиларди. Саноатда тайёр маҳсулотнинг салмоғи 50 фоизга ҳам етмасди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг 80 фоиздан кўпроғи мутлақо қайта ишланмасдан, четга жўнатиларди. Қисқача айтганда,  республика собиқ иттифоқнинг хом ашё базасига айлантирилганди.
Шуни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда кенг кўламли, чуқур бозор ислоҳотларини амалга оширишга киришилар экан, аввало, иқтисодий эркинликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, инсоннинг ижодий ва интеллектуал қобилиятини рўёбга чиқариш,  ўз истеъдоди ва имкониятларини намоён этиш учун энг қулай шарт-шароитлар яратиш чоралари кўрилди. Жумладан, хусусийлаштириш жараёнида миллий иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги давлат мулки  31 мингдан зиёд жисмоний ва юридик шахслар ихтиёрига берилди.
Шу билан бирга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилдики, бу режали-тақсимот тизимининг ҳалокатли асоратларини бартараф этиш, мамлакатимизнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш, қолаверса, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози салбий оқибатларининг олдини олишда ўзига хос локомотив  вазифасини ўтади. Натижада бугунги кунга келиб, бу соҳа иқтисодиётимизни ҳаракатлантирувчи асосий кучга айланди. Ўтган йили мазкур жабҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56 фоиз, саноат ишлаб чиқаришида эса 31,1 фоизга етгани ана шундан далолат беради. Айниқса, юртимизда иш билан банд аҳолининг 76,5 фоиздан зиёди кичик бизнес субъектлари томонидан қамраб олингани диққатга сазовордир.
Кейинги йилларда республикамизда юқори технологияларга асосланган саноатнинг янги йўналишлари ўзлаштирилгани Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини таъминламоқда. Автомобилсозлик, замонавий қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, нефть-кимё ва нефть-газ саноати, маиший электроника, фармацевтика ва микробиология тармоқлари шулар жумласидан бўлиб, уларга қарашли корхоналарда тайёрланаётган маҳсулотларга хорижда ҳам талаб тобора ошиб бораяпти. Бу эса чет эллик инвесторларнинг иқтисодиётимизга бўлган қизиқишини кучайтираётир. Пировардида АҚШ, Хитой, Германия, Япония, Швейцария, Испания, Жанубий Корея, Сингапур каби 90 дан ортиқ давлатларнинг сармоядорлари иштирокида ташкил этилган корхоналар сони 4 мингтадан ошиб кетди. 
Маълумки, глобаллашув ва жаҳон бозорида рақобат тобора кучайиб бораётгани замонавий илм-фан ва касб-ҳунар сирларини пухта эгаллаган, ҳар томонлама етук ва мустақил фикрлайдиган ёш мутахассисларни тайёрлашни тақозо этмоқда. Шундан келиб чиқиб, Президентимиз ташаббуси билан 1997 йилда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилиниб, муваффақиятли жорий этилгани, ижобий маънода “портлаш эффекти”ни бермоқда.
Ушбу дастур доирасида мамлакатимиздаги деярли барча умумтаълим  мактаблари янгитдан қурилиб, капитал реконструкция қилинди ва замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари билан таъминланди. 1500 дан ортиқ янги касб-ҳунар коллежи ва академик лицей барпо этилди.
Қолаверса, мустақиллик йилларида олий ўқув юртларимиз сони икки баравар ортди, шунингдек, Европа ва Осиёда нуфузли Вестминстер университети, Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Турин политехника университети, Россия нефть ва газ университети, Москва давлат университети, Россия иқтисодиёт университети, Инха университети филиаллари ташкил этилди. Уларда машинасозлик, нефть-газ, ахборот технологиялари, иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви, молиявий менежмент, тижорат ҳуқуқи каби меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича бакалавр ва магистрлар тайёрланмоқда.
Мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал ва мутаносиб равишда ривожланиб бораётгани эса, ўз навбатида, аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини изчил ошириш учун мустаҳкам замин яратаяпти. Мустақилликкача республикамизда аҳолининг истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжини қондириш учун четдан катта миқдорда тайёр маҳсулот олиб келинган бўлса, бугунги кунда маиший техника ва рўзғор буюмларининг асосий қисми ўзимизнинг корхоналаримизда ишлаб чиқарилаётгани бунинг тасдиғидир.
Изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида фуқароларимизнинг рўзғори бут бўлиши билан бирга, уй-жой шароитлари ҳам тубдан яхшиланмоқда. Ўтган даврда аҳолини тураржой билан таъминлашда жон бошига тўғри келадиган уй-жой майдони 12,4 квадрат метрдан 15,4 квадрат метрга ортгани, уй-жой фондининг деярли барчаси хусусий мулк сифатида аҳоли тасарруфида эканлиги бунга мисол бўла олади. Ваҳолонки, кўплаб ривожланган давлатларда ҳам оилаларнинг ярмидан кўпи ижарага олинган хонадон ва уйларда яшамоқда.
Президентимиз ташаббуси билан “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинган 2015 йилда  ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати 8 фоиз даражасида бўлиши кўзда тутилаётгани диққатга сазовордир. Бу марра ҳам, албатта, қўлга киритилади. Негаки, Жаҳон банки Ўзбекистоннинг салоҳиятини янада чуқурроқ таҳлил этиш асосида унинг бу йилги иқтисодий ўсиш суръатини аввалги прогнозига нисбатан 0,2 фоиз оширди.
Мухтасар айтганда, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини янада ошириш вазифаси учун шу муқаддас заминда умргузаронлик қилаётган ҳар бир юртдошимиз масъул эканлигини доимо ёдда тутса, уни ижро этишга муносиб ҳисса қўшса, шубҳасиз, улуғвор мақсадлар рўёбга чиқаверади. Пировардида эса Ўзбекистонимиз ўзи танлаган йўлдан шахдам одимлар билан тараққиёт сари дадил бораверади.

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,
иқтисод фанлари доктори, профессор.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn