Маҳаллийлаштириш ва кооперациянинг самарали механизми
  • 09 Апрель 2015

Маҳаллийлаштириш ва кооперациянинг самарали механизми

“Ўзэкспомарказ”да Маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари комплексининг тармоқ саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бошланди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 13 мартдаги “2015 йилда Халқаро саноат ярмарка ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўтказилмоқда.
Тармоқ саноат ярмаркаси ва кооперация биржасини ўтказишдан асосий мақсад ишлаб чиқариш ва қайта ишланган хомашё, материал ва бутловчи буюмлар, тайёр маҳсулотларни етказиб беришда узоқ муддатли хўжалик муносабатларини кенгайтириш, тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш асосида янги турдаги саноат маҳсулотларини ўзлаштириш, мамлакатимизда маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этишни режалаштираётган хорижий ҳамкорлар ва бўлажак харидорларни жалб этишда корхоналарга кўмаклашишдан иборат.
Аввал ўтказилган тадбирлар натижалари саноат форумини ташкил этиш ва ўтказиш самарадорлигидан далолат беради.
Чунончи, 2014 йилда Маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари комплексининг тармоқ саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида 224 корхона 700 турдаги маҳсулотини тақдим этган эди. Ушбу маҳсулотларнинг 45 тури маҳаллийлаштириш дастури бўйича ўзлаштирилган. Тадбирга ташриф буюрганлар орасида хорижий фирма ва компаниялар вакиллари ҳам бор эди. Тадбир якунига кўра, умумий қиймати 82,5 миллиард сўмлик ва 0,6 миллион долларлик шартномалар имзоланган эди.
Жорий йилда иштирокчилар сони ва улар томонидан тақдим этилаётган маҳсулотлар миқдори қарийб икки марта кўпайди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Фанлар академияси, “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси ва бошқа тузилмалар таркибидаги тўрт юздан зиёд корхона ва ташкилот 1,5 минг турдан зиёд маҳсулотни намойиш этмоқда. Шунинг юздан ортиғи янги маҳсулотлардир.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, тармоқ саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси иштирокчилари сонининг ортиб бораётганини мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожлантирилаётгани, Президентимизнинг шу йил 11 февралдаги тегишли қарори билан тасдиқланган 2015 — 2019 йиллар учун тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури билан изоҳлаш мумкин.
Мебель саноати вакиллари кенг турдаги маҳсулотлар, жумладан, уй ва офис, тиббиёт ва таълим муассасаларига мўлжалланган мебель маҳсулотларини таклиф этаётир. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатимиз компаниялари жаҳон брендларидан андоза олиб, уларнинг илғор тажрибаларидан ишлаб чиқариш ва ички бозорни маҳсулот билан таъминлашда фойдаланмоқда. Бунинг самарасида юртимиз ишлаб чиқарувчилари ички мебель бозорининг сезиларли қисмини эгаллади ва юқори истеъмол рейтингига сазовор бўлди.
Болалар спорти объектлари ва умумтаълим мактабларининг спорт заллари, соҳага алоқадор давлат идоралари, спорт клублари, тиббиёт-соғломлаштириш, реабилитация марказлари, болалар спорт ўқув муассасалари учун инвентарь ва жиҳозлар ишлаб чиқарадиган корхоналар экспозицияси алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Бу ерда намойиш этилаётган спорт товарлари намуналари — гимнастика таёқчалари, брус, спорт тўсиқлари, гимнастика ўриндиқлари, баскетбол шчитлари, теннис столи, мини-футбол дарвозаси ва бошқа маҳсулотлар халқаро сифат стандартларига жавоб беради ва нархи ҳам арзон.
Тармоқ саноат ярмаркаси экспозициясининг асосий қисмини “Ўзфармсаноат” давлат-акциядорлик концерни ва “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари корхоналари эгаллаган. Уларнинг аксарияти кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экани эътиборга лойиқ.
Таъкидлаш жоизки, саноат форуми доирасида иштирокчи корхоналар ўз маҳсулотларини намойиш этиб, ҳамкорлик учун таклифлар беради ва музокаралар ўтказади, шартномалар имзолайди. Шунингдек, янги турдаги саноат маҳсулотларини ўзлаштириш бўйича келишувларга эришади.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов сўзга чиқди.

Меҳрибон МАМЕТОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn