«Жиззах» МИЗ: Бир йўла уч корхона иш бошлади
  • 09 Апрель 2015

«Жиззах» МИЗ: Бир йўла уч корхона иш бошлади

Президентимизнинг 2013 йил 18 мартда қабул қилинган “Жиззах” махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида кеча мазкур ҳудудда умумий қиймати 12 миллион АҚШ долларилик учта қўшма корхона иш бошлади.

Пластмасса қувурлар тайёрлашга ихтисослаштирилган “Master Building Products” масъулияти чекланган жамияти — шулардан бири. Ушбу лойиҳа рўёби учун хитойлик сармоядорлар томонидан 3,5 миллион доллар ҳамда “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси томонидан 500 минг доллар миқдорида инвестиция киритилди. Бунинг эвазига бўш турган бино мукаммал реконструкция қилинди. Хориждан замонавий технологик линиялар келтириб ўрнатилди. Пировардида бу ерда иссиқ ва совуқ сув учун мўлжалланган етти ўлчамдаги пластмасса қувурлар ҳамда уларни бир-бири билан улашда фойдаланиладиган қисмлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Қувватлар тўла ишга туширилгач, йилига 600 минг метргача маҳсулот тайёрланади. Ишчилар сони эса 60 нафарга етади.
— Ишлаб чиқариш субъекти фаолиятини ташкил қилиш учун 4 миллион долларга тенг маблағ йўналтирилди, — дейди яна бир янги қўшма корхона — “Master Screw Systems” таъсисчиларидан бири Улуғбек  Ҳамидов. — Натижада импорт ўрнини босувчи 8 ўлчамдаги бурама михлар ҳамда гипсли картонларни монтаж қилишда кенг қўлланиладиган металл профиллар тайёрлаш ўзлаштирилди.
“Жиззах” махсус индустриал зонаси ҳудудида ташкил этилган “Auto Pad Sуstems” масъулияти чекланган жамияти нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Айни пайтда бу ерда автомобилларнинг тормоз колодкаларини ишлаб чиқаришга киришилди.
Эндиликда корхона мутасаддилари хом ашёни маҳаллийлаштириш бўйича мамлакатимиздаги илмий тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳаракатида.
Корхоналар очилиши муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимда сўзга чиққанлар юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити иқтисодиётимизга киритилаётган хорижий сармоялар ҳажмининг изчил ва барқарор ўсишини таъминлаётгани, янги-янги саноат субъектлари ишга туширилаётгани, уларда ички ҳамда ташқи бозорда талаб юқори бўлган рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилаётганини алоҳида таъкидладилар. Зеро, фаолиятини бошлаган мазкур уч корхона ҳам ана шу ислоҳотлар самарасидир.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn