Замонавий технологиялар — муваффақият калити
  • 09 Апрель 2015

Замонавий технологиялар — муваффақият калити

Пойтахтимизда “Замонавий технологиялар — муваффақият калити” мавзуида тўқимачилик симпозиуми бўлиб ўтди.

“Ўзбекенгилсаноат” давлат-акциядорлик компанияси, “Ўзбекистон — Швейцария” дўстлик жамияти ва “Rieter Uzbekistan” масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, олий ўқув юртлари, тижорат банклари вакиллари, шунингдек, соҳанинг 120 дан ортиқ корхоналари мутахассислари қатнашди.
Маълумки, тўқимачилик ва енгил саноат мамлакатимиз иқтисодиётининг, таъбир жоиз бўлса, локомотивларидан бири ҳисобланади. Негаки, аҳоли бандлигини таъминлаш, ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, экспорт ҳажмини оширишда бу соҳанинг улуши ғоятда катта. Шу боис истиқлол йилларида уни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мутахассисларнинг эътироф этишича, тизимдаги юксалиш суръатларини икки жиҳат, яъни ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш эвазига юқори сифатли маҳсулотлар тайёрланаётгани, экспортда қўшимча қийматга эга товарлар улуши тобора ошиб бораётгани мисолида яққол кўриш мумкин. Энг қувонарлиси, модернизациялаш лойиҳаларида нафақат хориж технологиялари, балки юртимизда ишлаб чиқарилган замонавий тўқимачилик машиналаридан ҳам кенг фойдаланилаяпти. Зеро, Президентимизнинг 2011 йил 21 февралдаги замонавий тўқимачилик асбоб-ускуналари ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш бўйича чора-тадбирларга доир қарори тўқимачилик машинасозлигини бугунги замон талаблари асосида қайта йўлга қўйиш имконини берди.
Дарҳақиқат, мазкур ҳужжатга мувофиқ, “Ўзбекенгилсаноат” давлат-акциядорлик компанияси ҳамда Швейцариянинг “Rieter AG” компанияси ҳамкорлигида “Rieter Uzbekistan” корхонаси ташкил этилди. Бу ерда тараш, пилталаш, ҳалқали ип йигириш машинасини ишлаб чиқариш ўзлаштирилган бўлиб, биргина 2014 йилда жами 150 га яқин ана шундай машиналар юртимиз корхоналарига етказиб берилди.
— Ўзбекистонни саноат салоҳияти юксак давлат сифатида яхши биламиз, — дейди “Rieter” компаниясининг Марказий ва Шарқий Европа бўйича савдо бўлими раҳбари Арне Тилеманн. — Айниқса, тўқимачилик саноатида барқарор ўсиш суръатлари кузатилаяпти. Бу юртингизда мавжуд қувватлар замонавий технологиялар билан қайта жиҳозланаётгани, ишлаб чиқаришга инновацион технологиялар изчил татбиқ қилинаётгани самарасидир. Бизнинг компаниямиз ана шу жараёнда фаол иштирок этиб, ўтган 22 йил ичида 180 та тўқимачилик фабрикасини толани чуқур қайта ишлаш линиялари, улар учун эҳтиёт қисмлар билан таъминлашга ҳисса қўшганидан хурсандмиз.
Тадбир давомида, шунингдек, тўқимачилик машиналари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган маҳаллий ва хорижий компанияларнинг тақдимотлари бўлиб ўтди. Унда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилиб, технологияларни самарали бошқариш бўйича тавсиялар берилди.

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn