Саҳро бағридаги хазина
  • 08 Апрель 2015

Саҳро бағридаги хазина

Бепоён Қизилқум бағри — чинакам хазиналар булоғи. У истиқлол шарофати билан кўз очиб, мамлакатимиз иқтисодий қудрати ва салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бугун аввалги саҳро ўрнида қад ростлаган обод ва кўркам иншоотлар, замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини кўриб ҳайратланишингиз табиий.

Жумладан, Навоий кон-металлургия комбинатининг Шимолий кон бошқармасига қарашли 3-гидрометаллургия заводи ҳам ана шундай йирик саноат мажмуаларидан бири. Бундан йигирма йил аввал фойдаланишга топширилган мазкур корхона ўтган даврда Учқудуқ тумани ижтимоий-иқтисодий ҳаётида янги истиқболларни очиб берди.
Дастлаб Учқудуқ заминидаги Кўкпатас ва Довгизтоғ конларининг оксидли рудаси қайта ишлана бошланди. Мазкур хом ашё захиралари тугагач, сульфидли рудаларни ўзлаштиришга киришилиб, 2008 йилда махсус технологик линия келтириб ўрнатилди. Кейинроқ маҳсулот ҳажмини кўпайтириш мақсадида янги — “Кемикс” сорбцион цианлаш мажмуаси фойдаланишга топширилди. Шунингдек, замонавий технологиялар асосида бунёд этилган флотация бўлинмаси модернизациялаштирилди. Бундан тўрт йил олдин эса сульфидли рудани қайта ишлаш мажмуасининг иккинчи навбати ишга туширилди. Пировардида корхона мавжуд қуввати жиҳатидан биооксидлаш технологияси қўлланилган жаҳондаги энг йирик саноат мажмуаларидан бирига айланди. Бинобарин, мазкур ускуналар ҳудудда экологик хавфсизликни таъминлаш ҳамда ишлаб чиқариш суръатини ошириш имконини бермоқда. Жумладан, технологик жараёнларни такомиллаштириш юзасидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2011 йили сульфидли рудани қайта ишлаш ҳажми аввалги икки йилдагига таққослаганда 27 фоиз, тайёр маҳсулот миқдори эса 34 фоиз ортди.
— Дунёнинг кўплаб давлатлари ҳали-ҳануз молиявий-иқтисодий инқироз асоратларидан азият чекаётган бир пайтда мамлакатимизда барча соҳада барқарор ўсиш суръатлари кузатилаётгани қувонарлидир, — дейди корхона бош муҳандиси ўринбосари Маҳмуд Жумаев. — Чунончи, айни пайтда ушбу ноёб мажмуанинг тўлиқ қувват билан ишлаётгани сўзимизга яққол мисол бўла олади. Зеро, тоғ-кон саноатида қўлга киритилаётган улкан муваффақиятларда корхонамиз мутахассисларининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигидан фахрланамиз.
Дарҳақиқат, ўтган йили корхона жамоаси саъй-ҳаракати билан таркибида олтин мавжуд бўлган рудани қайта ишлаш топшириғи 102,5 фоизга, металл ҳосил қилиш 101,7 фоизга бажарилди. Бинобарин, бу ерда 10,5 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари ниҳоясига етказилди. Ҳар бир участкада иқтисодий тежамкорликка эришилиб, 4,5 миллион сўмлик кимёвий реагентлар, товарлар ва энергия ресурслари иқтисод қилинди.
Айни пайтда 3-гидрометаллургия заводида ишлаб чиқариш салоҳиятини янада ошириш мақсадида янги техника ҳамда технологиялар амалиётга жорий этилмоқда. Босқичма-босқич рўёбга чиқарилаётган модернизациялаш лойиҳалари маҳсулот тайёрлаш ҳажмининг йил сайин кўпайишига хизмат қилаяпти. Бунда корхона муҳандис-техник ходимларининг иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш йўлидаги тинимсиз изланишлари ва комбинат мутахассислари билан мустаҳкам ҳамкорлиги қўл келаётир.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn