Қуёш фотоэлектр станцияси тақдимоти
  • 08 Апрель 2015

Қуёш фотоэлектр станцияси тақдимоти

Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятлари тобора кенгайиб бормоқда. Наманган вилоятининг Поп туманидаги Янгиобод қишлоғида барпо этилган қуёш фотоэлектр синов станцияси бу соҳада амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалардан биридир. Кеча унинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги ўртасида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, хусусан, юртимизда қуёш энергияси имкониятларини ўзлаштириш бўйича ҳамкорлик доирасида рўёбга чиқарилган лойиҳа самараси бўлган ушбу синов тартибидаги станция соатига 130 киловатт электр энергияси ҳосил қилиш қувватига эга. Жанубий Корея томонининг 700 минг АҚШ долларилик гранти ҳисобига қурилган иншоотда мазкур давлатнинг “Hanwh”, “JSPV”, “S-Energy” ва “TopSun” компанияларида тайёрланган тўрт турдаги 498 та қуёш панели ўрнатилди. “Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компанияси мутахассислари томонидан Корея Республикасининг Фотоэлектрик саноати уюшмаси ёрдамида амалга оширилган қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш тадбирларидан сўнг янги объект айни пайтга келиб, энергетика тизимига кунига 500-600 кВт-соат электр қуввати етказиб бермоқда.
— Турли русумдаги замонавий қуёш панеллари ва модуллари билан жиҳозланган мазкур станциянинг ишга туширилиши Ўзбекистоннинг табиий иқлим шароитида унинг техник-иқтисодий параметрларини синаш ва фойдали иш коэффициенти бўйича самарадорликни аниқлаш имконини беради, — дейди Шарқий магистраль электр тармоқлари ишлаб чиқариш техника хизмати муҳандиси Ойбек Жалолов.
Тақдимот маросимида ускуна ва жиҳозларни етказиб берувчи компаниялар, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси, шунингдек, Наманган вилояти жамоатчилиги вакиллари қатнашди. Тадбирда сўзга чиққанлар шу сингари лойиҳаларнинг амалга оширилиши республикамизда қуёш энергетикасини ривожлантиришда зарурий маълумотларни олиш, янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва экспертиза қилишда илмий асосланган таклифларни тайёрлаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn