Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мамлакатимиз банк тизимининг устувор вазифаларидан биридир
  • 08 Апрель 2015

Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мамлакатимиз банк тизимининг устувор вазифаларидан биридир

Кеча Тошкент молия институтида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда банк тизимининг ўрни” мавзуида учрашув бўлиб ўтди.
Марказий банк ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Камолот” ЁИҲ, халқаро молия институтлари вакиллари, республикамиз тижорат банклари раҳбарлари, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, шунингдек, талабалар қатнашди.

Юртимизда ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар сирларини пухта эгаллаши учун барча шарт-шароит яратиб берилгани таъкидланди. Эътиборлиси, уларнинг олган билимларини амалиётга кенгроқ татбиқ этиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш борасидаги ташаббуслари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаяпти. Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, айниқса, бу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириб юборди.
Дарҳақиқат, ёшларнинг тадбиркорлик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, уларнинг бизнес-режаларини рўёбга чиқариш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш борасида муайян ютуқларга эришилмоқда.
Ушбу жараёнда республика Марказий банки етакчилигида тижорат банклари молиявий хизматлари билан фаол иштирок этаётгани диққатга сазовор. Масалан, ўтган йили қарийб 20 минг нафар талабага жами 68 миллиард сўмлик таълим кредитлари ажратилган бўлса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига бизнес фаолиятини йўлга қўйишлари учун 200,9 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар берилди. Бу кўрсаткич аввалги йилдагига нисбатан 1,4 баробардан зиёд бўлиб, пировардида 250 минг нафар йигит-қиз доимий иш билан таъминланди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ёшларнинг тадбиркорлик қобилияти ва истеъдодининг юзага чиқишида бундай учрашувлар ўзига хос тажриба вазифасини ўтаяпти. Чунки тадбир давомида соҳа мутахассислари бизнес-режа тузиш, банк кредитларидан унумли фойдаланиш, бозорнинг талаб-таклифини ўрганиш бўйича зарур тавсияларни беришади. Ёшларни қизиқтирган масалаларга доир маслаҳат ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилади.
Анжуманда сўз олганларнинг фикрича, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишгина эмас, балки уни самарали юритиш, айниқса, муҳим. Шу боис ёш тадбиркор, фермер ва ҳунармандларнинг барқарор фаолият кўрсатиб, бозордан мустаҳкам жой эгаллашида банклар молиявий жиҳатдан мададкор бўлмоқда. Биргина 2014 йилда ушбу мақсадларга 330,2 миллиард сўм миқдорида банк сармоялари йўналтирилди. Бу юртимизнинг чекка ҳудудларида ҳам хом ашёни чуқур қайта ишлаб, тайёр саноат моллари ишлаб чиқариш, ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдиришга қаратилган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имконини берди. Шунингдек, ёш оилаларнинг тураржойларга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш учун 234,8 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар берилди.
Тадбирда бизнес фаолиятини бошлаш ниятида бўлган ёшлар ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий масалалар юзасидан атрофлича жавоб олдилар.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn