Ижтимоий фикр: Аҳолининг банк тизимига ишончи мустаҳкамланмоқда
  • 07 Апрель 2015

Ижтимоий фикр: Аҳолининг банк тизимига ишончи мустаҳкамланмоқда

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Бу субъектларнинг барқарор фаолият юритишини эса банкларнинг молиявий кўмагисиз тасаввур этиш қийин, албатта.

Шу боис мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда мулкдорлар синфини шакллантириш, тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишдек масъулиятли вазифа тўлиқ банклар зиммасига юклатилди. Уларда молиявий хизмат кўрсатишнинг барча соҳаларида замон талабига монанд фаолият йўлга қўйилгани эса нисбатан қисқа бир давр ичида ўз афзалликларини амалда намоён эта бошлади.
“Ислоҳот ислоҳот учун эмас, энг аввало, инсон учун!” деган эзгу ғоя йўлидаги бундай саъй-ҳаракатлар туфайли бугунги кунга келиб, республикамиз иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик етакчи кучга айланди. Мазкур жараёнда, табиийки, мамлакатимиз молия-банк тизимининг ҳиссаси салмоқли бўлмоқда.
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан бу тизимда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижалари хусусида жамоатчилик фикрини ўрганиш асосида чиқарилган хулосалар ана шундан далолат беради. Гап шундаки, аҳоли кенг қатламлари ва бевосита тадбиркорлар банкларнинг ютуқ ҳамда камчиликлари ҳақида ҳаққоний фикр айта оладиларки, пировардида уларнинг мулоҳазалари тизим тараққиёти учун катта аҳамиятга эгадир.
Яна бир муҳим жиҳати, ижтимоий тадқиқотлар тадбиркорлар ва жамоатчиликнинг айни шу масала бўйича фикрлари тўғри шаклланишига ҳам хизмат қилади. Масалан, 2015 йил январь — март ойларида банк тизимида олиб борилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар якунлари юзасидан ўтказилган ижтимоий сўровда юртимиз ҳудудларидаги барча кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари, ёшлар ва аҳоли турли қатламлари қамраб олинди.
Бундан ташқари, сўров асносида коллеж битирувчилари, тадбиркор аёлларнинг фикрларига алоҳида эътибор берилди. Натижада иштирокчиларнинг 17,8 фоизи “Микрофирма”, 24,5 фоизи “Кичик корхона”, 23,8 фоизи “Якка тартибдаги тадбиркор”, 8,2 фоизи “Деҳқон хўжалиги”, 14,5 фоизи “Фермер хўжалиги”, 11,1 фоизи эса “Оилавий тадбиркорлик”ни ёқлаб чиқди. Шаҳарларда “Микрофирма” ва “Кичик корхона” каби тадбиркорлик субъектларига кўпроқ овоз берилган бўлса, қишлоқ жойларда якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари асосий ўринни эгаллади. Тадқиқотлар мобайнида, шунингдек, аёлларнинг 36 фоизи якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланиши, эркакларнинг 25,2 фоизи эса кичик корхоналарни танлагани аниқланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, хусусий бизнес билан шуғулланувчиларнинг аксарияти (97,8 фоиз) банк кредитларидан фойдаланиш орқали мустақил фаолият юритиш имкониятига эга бўлгани, банк тизими томонидан қулай ишбилармонлик муҳити яратилганини яна бир карра тасдиқлади.
Шу билан бирга, сўровлар жараёнида “Мамлакатимизнинг қайси тижорат банклари фаолияти эътирофга лойиқ?” деган саволга қуйидагича жавоб олинди: “Микрокредитбанк”, “Агробанк”, Миллий банк, “Асака” банки, “Ўзсаноатқурилишбанк”, Халқ банки, “Қишлоқ қурилиш банк” ва уларнинг филиаллари.
“Ушбу банкларнинг фаолиятига қандай баҳо берасиз?” саволига эса респондентларнинг асосий қисми (97,1 фоиз) ижобий баҳо берди. Ҳудудлар бўйича эса Андижон, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари тадбиркорларининг мутлақ кўпчилиги уларнинг ишидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилаётганини билдирди.
Эътиборлиси, навбатдаги сўров пайтида “Банк ходимларининг ёрдами катта бўлмоқда”, “Маслаҳат бериш ва муаммоларни ечишда тезкор ёрдам кўрсатилаяпти”, “Омонатларни сақлаш бўйича барча амаллар ўз вақтида бажарилмоқда”, “Белгиланган тартибга тўла риоя қилинади, қонунбузилишига йўл қўйилмайди” сингари фикрлар ҳам изҳор қилинди.
Қолаверса, сўровда иштирок этганларнинг 97,9 фоизи омонатга пул қўйишда ҳал қилувчи омил сифатида “Банкка бўлган ишонч”ни биринчи ўринга қўйган бўлса, “Маблағларнинг кафолатланганлиги”ни иккинчи ўринга муносиб кўрди.
Респондентлар тижорат банкларида кредитлашнинг тартиб-таомиллари соддалаштирилганлиги, хусусан, ҳисобварақлар очишда тўлов ундириш амалиётининг бекор қилинганлиги ва кредитлар олишда йиллик фоиз ставкалари мақбуллаштирилганлиги, айниқса, ўзларига енгилликлар яратаётганликларини мамнуният билан эътироф этдилар.
Айни чоғда уларнинг 97,5 фоизидан 2014 йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлашда банкларнинг имтиёзли кредитлари муҳим омил  бўлмоқда” деган ижобий баҳо олинди. 
— Юртимизда ёшларга қаратилаётган беқиёс эътибор туфайли ҳақиқий мулкдор бўлдим, — дейди Намангандаги “Истиқлол текстиль дизайн” МЧЖ раҳбари Бахтиёр Умаров. — Мен нимани назарда тутаяпман? Аввало, банкнинг имтиёзли кредити эвазига 124 кишилик жамоамизда катталар ва болалар учун бежирим костюм-шим, пальто, кўйлак ҳамда галстуклар тикишни ўзлаштирдик. Бугунги кунда бу маҳсулотларимизга талаб тобора ошмоқда. Ҳатто хорижликлардан ҳам буюртмалар тушаяпти.  Шуни ҳисобга олган ҳолда, 2014 йилда 279 минг АҚШ долларилик товарларимизни экспорт қилдик. Бунинг учун бизни ҳамиша молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келаётган банк ходимларига чуқур миннатдорлик билдирамиз.
Марказ томонидан коллежларни битирган ёшлар билан сўров ўтказилганда эса, иштирокчиларнинг 98 фоизи “Ўқишни тамомлаганимиздан сўнг ўз бизнесимизни бошлашимиз ва янги иш ўринлари очишимиз учун банклар катта ёрдам берди” деб баралла айтишди.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, ёшлар учун кўплаб “Камолот уйлари” бунёд қилиниб, фойдаланишга топширилаётгани янги оила қурганларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада оширмоқда. Респондентлар томонидан (97,9 фоизи) банк тизимида бу борада амалга оширилаётган ишлар ёшларга катта имкониятлар яратаётганлиги эътироф этилгани бунинг исботидир.
Тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари, шунингдек, қишлоқ жойларда тадбиркор аёллар бошқараётган ёки уларнинг меҳнатидан фойдаланаётган кичик корхоналарни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва уни қайта ишлашни рағбатлантириш, касаначилик ҳамда янги иш ўринларини яратишга қаратилган лойиҳаларни рўёбга чиқаришда қўл келаётгани ҳам диққатга сазовор. Биргина ўтган йили шу мақсадларга
1 трлн. сўмликдан зиёд имтиёзли кредитлар ажратилганининг ўзиёқ ушбу йўналишга давлат сиёсати даражасида аҳамият берилаётганини тасдиқлаб турибди.
— Мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича банк тизими томонидан олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда, — дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон Ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Гулнора Маҳмудова. — Масалан, фақат кредитлар эвазига қишлоқ жойларда замонавий гўзаллик салонлари, тикув цехлари, оилавий корхоналар тобора кўпайиб, 200 мингдан зиёд опа-сингилларимиз иш билан таъминланганини айтиш кифоя.
Энг муҳими, сўровда респондентларнинг 98,2 фоизи тадбиркорлик фаолияти давомида банк кредитларидан унумли фойдаланиб, юқори натижаларга эришаётгани ва қарзни узишда ҳеч қандай қийинчиликларга учрамаганини маълум қилишди.
— Корхонамиз бир неча йилдан буён муваффақиятли ишлаб келмоқда, — дейди Сирдарё вилоятидаги “Бахттекс фарм” МЧЖ раҳбари Қўзивой Ўроқов. — “Ўзсаноатқурилишбанк”дан олган 12,8 млрд. сўмлик кредит ҳисобидан нафақат 70 нафар маҳаллий ёшларни ишга қабул қилдик, балки бултур 2,9 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқардик. Шунинг 1,1 млрд. сўмлиги эса хорижлик буюртмачиларга сотилди.
Сўровда “Банк орқали микрокредитни амалга ошириш ишончлими?” деган саволга респондентлар, яъни хусусий тадбиркорларнинг 97,1 фоизи “Ҳам ишончли, ҳам кафолатли” деган жавобни берди. Уларнинг кўпчилиги (96,9 фоизи) “Ажратилаётган микрокредитлар тадбиркорликни қисқа муддат ичида ташкил этиш учун жудаям қулай”, дея жавоб қайтарган бўлса, 97,3 фоизи “Микрокредитлар жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш учун зарур бўлган бошланғич сармояни шакллантиришга замин яратмоқда”, 98,1 фоизи эса “Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқароларга микрокредитлар бериш бўйича бир қатор қулайлик ва имтиёзлар яратилганлиги аҳолини, хусусан, аёллар ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мустақил иш юритишга жалб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда”, дея таъкидлади.
Республикамизнинг чекка ҳудудларида ўтказиб келинаётган учрашувлар тадбиркор юртдошларимизга катта ёрдам бераётганлиги, хусусан, уларга яратилган имтиёз ва преференциялар мутахассислар томонидан кенг оммага содда, равон тилда тушунтирилаётгани, тадбир иштирокчиларининг барча саволларига батафсил жавоб берилаётгани, кўтарилган масалаларни ҳал этиш юзасидан зарур чоралар кўрилаётганига ҳам жамоатчилик вакиллари (97,5 фоизи) юқори баҳо бердилар. Уларнинг фикрича, мазкур учрашувлар чоғида бўш иш ўринлари ярмаркалари ҳам ташкил этилаётгани барчага маъқул бўлмоқда. Мисол учун, биргина Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида ўтказилган ярмаркада 27 та корхона, ташкилот ва муассаса ўзининг 230 та бўш иш ўрни билан иштирок этган бўлса, ушбу йўналиш бўйича алоҳида сўров ўтказилганда, респондентларнинг 98,9 фоизидан “Мазкур учрашув ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга хизмат қилиши билан бирга, ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда” деган ижобий жавоб олинди.
— Ўзимга муносиб иш топганимдан мамнунман, — дейди Жалақудуқ агросаноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Шоҳиста Қурбонова. — Марказий банк томонидан ўтказилган амалий учрашув доирасида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида қатнашганим туфайли эзгу ниятимга етдим. Бу мамлакатимиз банклари биз, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани самарасидир.
Сўровда марказ томонидан муҳим кўрсаткичлардан яна бири — банклар томонидан кредитлар ажратишда йиллик фоиз ставкалари ўрнатилганлик даражасига ҳам алоҳида эътибор берилди. Қувонарлиси, унда иштирок этган респондентларнинг 98,4 фоизи “Банкларнинг кредитлари учун ўрнатилган фоиз ставкалари бизнесни бошлаш учун мақбул даражада. Уларнинг бу борадаги хизматларидан кўнгилимиз тўқ”, дея жавоб берди.
Шунингдек, ҳудудий дастурларга киритилган лойиҳаларни молиялаштиришда банк кредитларининг ўрни юзасидан ҳам сўровлар уюштирилганда, респондентларнинг 97,9 фоизи дастурлар ижроси ўз вақтида, сифатли амалга оширилаётганлигини баён этди.
Муҳими, сўровларда иштирок этган тадбиркорлар ва хорижий ишбилармонларнинг фикр-мулоҳазаларидан юртимизда кафолатли банк тизимининг самарали фаолият кўрсатаётгани ялпи ички маҳсулот таркибида кичик бизнеснинг улуши тобора ортишига кўмаклашаётгани яққол сезилди.
2014 йилда юртимиз банк тизимининг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борган муваффақиятли фаолияти юксак баҳоланиб, жаҳон рейтингидаги ўрнини янада юқори босқичга олиб чиққанини алоҳида қайд этиш ўринлидир. Хусусан, Халқаро молия корпорацияси ва Жаҳон банки томонидан 2014 йилнинг октябрь ойида эълон қилинган янги ҳисоботида Ўзбекистонда кредитлаш тизими рейтинг кўрсаткичи дунёнинг 189 та давлати ичида 130-ўриндан 104-ўринга кўтарилди. “Кредит алмашинуви индекси” кўрсаткичи бўйича эса мавжуд 8 балли тизимда 7 баллга баҳоланди.
“Фитч рейтингс” халқаро рейтинг агентлиги томонидан юртимиз банк тизими фаолияти яна бир бор “Барқарор” дея қайта тасдиқланган бўлса, “Мудис” халқаро рейтинг агентлиги эса кетма-кет бешинчи йил “Барқарор” даражасини тасдиқлади.
Қолаверса, республикамизда фаолият юритаётган Миллий банк, “Асака” банки, “Ипотека-банк”, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Агробанк” ва “Ипак йўли” банки каби етакчи молия муассасалари эса бир йўла иккита нуфузли халқаро рейтинг агентлигининг “Барқарор” рейтинг баҳоларини қўлга киритгани ҳам эътиборга лойиқ. Бундан ҳам муҳимроғи, агар 2011 йилда мамлакатимизнинг 13 та тижорат банки ижобий рейтинг баҳосини олган бўлса, бугунги кунга келиб, уларнинг барчаси ана шундай юқори баҳога муносиб кўрилди.
Мухтасар айтганда, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан жорий йилнинг
I чораги якунлари бўйича ўтказилган сўровлар натижаларидан аён бўлдики, унда иштирок этган респондентларнинг 98,5 фоизи банк тизимида олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар аҳолининг ҳаёт даражасини оширишда ўз самарасини бераётгани, жумладан, юртдошларимиз банкларнинг молиявий кўмагида юқори натижаларга эришиб, оиласининг фаровонлиги ошишига муносиб ҳисса қўшаётганини мамнуният билан эътироф этди.
Бу эса соҳани ривожлантиришга доир қабул қилинган Фармон ва қарорлар, ҳудудий дастурлар ҳамда аҳолини иш билан таъминлаш бўйича бандлик дастури ижроси банк тизими томонидан “Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун” тамойили асосида ўз вақтида, изчил, сифатли бажариб келинаётганлиги, аҳолининг банкларга бўлган ишончи эса янада мустаҳкамланиб бораётганлигининг амалий тасдиғидир.

Сўров давомида хорижий экспертлар ва инвесторларнинг фикрларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Роман РИБАЛКИН,
“Standard and Poor’s” халқаро рейтинг агентлигининг бош таҳлилчиси:
— Ҳар бир ишбилармон ўзаро алоқаларни йўлга қўйишдан олдин ўзи танлаган давлатнинг иқтисодий салоҳиятини таҳлил қилиб, биринчи ўринда, унинг банк тизими фаолиятини чуқур ўрганиб чиқади. Ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон — ана шундай салоҳияти юксак мамлакат. Унинг банк тизими барқарор ва самарали фаолият кўрсатиб, барчанинг ишончини оқлаб келмоқда. Мисол сифатида ўтган йили агентлигимиз томонидан юртингиздаги етакчи молия муассасаларидан бири — “Ўзсаноатқурилишбанк” фаолиятида ўтказилган таҳлил натижаларини олиб кўрайлик. Энг аввало, таъкидлаш керакки, бир йил ичида мазкур банк улкан ютуқларга эришган. Айниқса, бу ерда меҳнат қилаётган ходимларнинг касбий одоб-ахлоқ кодексларига тўла риоя этиб, мижозлар билан яқин ҳамкорликда иш юритаётгани, қулай ишбилармонлик муҳити яратилганлиги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаяпти.
“Ўзсаноатқурилишбанк”да омонатлар шартларини мақбуллаштириш, янги депозитларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, хизмат сифатини ошириш бўйича ҳам аниқ мақсадли ишлар олиб борилмоқдаки, буларнинг бари жорий йилда ҳам унинг янада юқори ўсиш суръатларига эришишига мустаҳкам пойдевор яратади, албатта.
 “Ипотека-банк”, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, “Капиталбанк”, “Давр банк”, “Ориент финанс банк”, “Турон” банки, “Туркистонбанк” ва “Равнақбанк” фаолиятини ўрганиш жараёнида ҳам шундай ижобий натижалар қўлга киритилаётганига амин бўлдик. Дарҳақиқат, Ўзбекистон банк тизимида кучли механизм яратилгани унинг нуфузини юқори босқичларга кўтаришда бош омил бўлмоқда.

Роберт БЛУМ,
Женева дипломатик доираси президенти:
— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида кузатувчи сифатида иштирок этдим. Бундан хурсандман. Яна шуни айтмоқчиманки, дунёнинг нуфузли рейтинг агентликлари мамлакатингиз банк тизимига муттасил равишда ҳар йили “Барқарор” рейтинг баҳосини бериб келаётганлигидан яхши хабардормиз. Бунинг сабаби шуки, аввало, юртингиз банклари хорижий инвесторлар ва тадбиркорларнинг талаб-таклифига мос равишда, уларга қулай бўлган замонавий хизматларни кўрсатмоқда, қолаверса, кредит портфелини соғломлаштириш бўйича кучли механизмнинг яратилгани банкларда муаммоли кредитларнинг юзага келишининг олдини олмоқда. Бундан ташқари, Марказий банк ўз функция ва вазифаларини тўлақонли бажариш баробарида, бу ерда назорат тизими тўғри йўлга қўйилгани, унинг қайта молиялаш ставкаси мақбул даражада ўрнатилганлиги юртингиз банкларининг барқарор ва ишончли фаолият олиб боришига туртки бермоқда.
Марказий банк ташаббуси билан ўтказилаётган турли тарғибот-ташвиқот тадбирлари, жумладан, “BankExpo” миллий кўргазмаси ҳам мамлакатимиз молия-банк тизими ривожида кутилган натижаларни кўрсатмоқда. Айтайлик, “BankExpo — 2015” анжумани нафақат пойтахтимизда, балки юртимизнинг барча ҳудудида юқори савияда ташкил этилганини сўровда қатнашганларнинг 98,1 фоизи қўллаб-қувватлади.

Алан ФРАНС,
Буюк британиялик эксперт:
— Юртингиз банк тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаймиз.  Менда “BankExpo” миллий кўргазмаси, айниқса, катта таассурот қолдирди. Унинг ҳар бир иштирокчиси тизим фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлиши билан бирга, банклар томонидан мижозларга тақдим этилаётган замонавий хизмат турлари қулайлигига комил ишонч ҳосил қилди, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.
Кўргазма якунига кўра, шунингдек, унда фаол иштирок этган тижорат банклари турли номинациялар билан тақдирланганини кўрдим. Бундай эътибор, аввало, банклар ўртасида соғлом муҳитни янада яхшилашга хизмат қилса, иккинчидан, банк тизимининг барқарор ва ишончли ишлашида асосий омил бўлган кадрлар сиёсатини янада шакллантириб, уни юқори босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Айтиш керакки, Марказий банк томонидан тизим ана шундай оқилона бошқарилаётгани глобал молиявий-иқтисодий инқироз даврида ҳам унинг барқарор ва кафолатли ишлашига имкон бермоқда. Бу эса соҳани ривожлантиришда тўғри сиёсат олиб борилаётганлигига далилдир.
 Шу боисдан ҳам, бугун Ўзбекистон банк тизими ресурс жиҳатдан мустаҳкам, тадбиркорлар ва хорижий инвесторларнинг ишончли таянчи сифатида иқтисодиётингиз ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик
фикрини ўрганиш маркази
материаллари асосида
Икром ЎТБОСАРОВ
тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn