Жаҳон стандарти
  • 02 Апрель 2015

Жаҳон стандарти

иқтисодий тараққиётнинг ҳал қилувчи омилидир

Маълумки, ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорларга чиқишининг ўзига хос талаб ва мажбуриятлари бор. Бунинг учун улар, аввало, халқаро тажрибалардан хабардор бўлгани ҳолда, замонга мос ҳаракат қилиши, маҳсулотларини жаҳон стандартлари талаблари асосида ишлаб чиқариши зарур.
Шу маънода, дунё бозорида  ўрин эгаллашнинг энг мақбул усули Халқаро стандартлаштириш ташкилоти стандартини қўлга киритишдир.
Гап шундаки, ушбу стандарт соҳиби жаҳон бозорида рақобатга киришиш, аниқроқ қилиб айтганда, ўз маҳсулот ёки хизматларини кенг доирада тақдим этиш имкониятига эга бўлади. Шу боис эндиликда эртасини ўйлаган ишбилармон борки, мазкур  стандарт асосида ишлашга интилаяпти.
Халқаро стандартлаштириш ташкилоти дунёнинг 90 дан зиёд мамлакатларини ўз атрофига бирлаштирган бўлиб, ҳозирги кунда унинг 7200 та стандарти халқаро доирада амал қилаётир. 
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда юртимизда ҳам бу борада талайгина ишлар амалга оширилмоқда. Натижада тадбиркорларимиз  дунё билан бўйлашиб, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” савдо белгиси остида тақдим этаётган сифатли маҳсулотларига ички ва ташқи бозорда талаб тобора ортиб бораяпти. Айни пайтда республикамиз корхоналари томонидан 82 давлатга 1800 турдан зиёд маҳсулотлар сотилаётгани, биргина ўтган йилнинг ўзида 500 дан ортиқ янги корхона, шу жумладан, кичик бизнес субъектлари экспортга жалб этилгани шундан далолат беради.
Тошкент вилоятида фаолият кўрсатаётган корхоналар ҳаётидан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бугунги кунда  ушбу ҳудудда  экспортчи корхоналар сони 210 дан ошиб, улар томонидан йилига чет эллик буюртмачиларга 1,56 миллиард АҚШ долларилик маҳсулотлар етказиб берилаяпти. Ўз навбатида, экспорт географияси ҳам кенгайиб, ҳамкор давлатлар сони қарийб олтмиштани ташкил этмоқда. Мазкур корхоналарда ишлаб чиқарилаётган рангли металл, мева-сабзавот, пахта толаси, тўқимачилик ҳамда қурилиш материалларига, айниқса, талаб юқоридир. 
Умуман олганда, бундан ўн йил илгари вилоятимизда корхона ва ташкилотлар сони 23,5 мингта бўлган бўлса, бугунги кунга келиб, салкам 60 мингтага етди. Бу республикамиз иқтисодиётида ҳудуд корхоналари муносиб ўрин эгаллаётганидан яққол далолатдир. Мисол учун, мамлакатимиз бўйича экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг 13,8 фоизи, чакана савдо айланмасининг 10,5 фоизи, жалб этилаётган инвестицияларнинг 10,8 фоизи, саноат маҳсулотларининг 14,7 фоизи пойтахт вилояти ҳиссасига тўғри келмоқда. Бунда, табиийки, “Ангрен” махсус индустриал зонасида хорижлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда “Ан-грен шакар” масъулияти чекланган жамияти,  “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” ҳиссадорлик жамияти қошида турли ўлчамдаги мис қувурлар ишлаб чиқарувчи корхонани ташкил этиш сингари кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилгани айни муддао бўлди.
Шу ўринда айтиш жоизки, вилоятимиздаги ишлаб чиқариш субъектларининг ички ва ташқи бозорга чуқур кириб боришларида  бизнинг жамоамиз ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Жумладан, ўтган йили 163 та хўжалик юритувчи субъектнинг бошқармамизга мурожаатига мувофиқ, мутахассисларимиз томонидан 244 та ташкилот стандарти экспертизадан ўтказилиб, давлат рўйхатига олинди. 
Шу билан бирга, ҳудуддаги йирик ва стратегик аҳамиятга молик  саноат корхоналарида ҳам стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳаларига оид қонунбузилишларининг олдини олиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаб, бартараф этиш, ёрдам кўрсатиш ҳам мутахассисларимизнинг доимий эътиборида турибди. Айниқса, бошқармамизда ҳафтада икки марта “Очиқ эшиклар куни” ўтказилаётгани тадбиркорлар билан алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, маҳсулотларни жаҳон андозалари даражасида ишлаб чиқариш ёки хизматларни шу асосда  ташкил этиш тараққиёт гаровидир. Асосийси, бунинг нечоғли фойдали эканлигини ишлаб чиқарувчиларимиз жуда яхши билишади. Мамлакатимизда стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштиришнинг замонавий тизимлари жорий этилаётгани эса саноат корхоналари ҳамда ишбилармонлар ишини енгиллаштириш -баробарида, иқтисодиётимиз ривожида ҳам жуда қўл келмоқда. Зеро, дунё давлатларининг ўзаро маҳсулот алмашинуви даражаси юқори чўққига кўтарилган ва жаҳон бозорида рақобат кучайган ҳозирги шароитда бу жуда муҳим масаладир. 

Алишер ДОДОЕВ,
Тошкент вилояти стандартлаштириш ва метрология бошқармасининг бош мутахассиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn