Инвестиция, изланиш ва имконият
  • 01 Апрель 2015

Инвестиция, изланиш ва имконият

саноат корхоналари салоҳиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутмоқда

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари кўлами тобора кенгаймоқда. Шаҳарлардан тортиб, энг чекка қишлоқларимизда ҳам барпо этилаётган замонавий тураржойлар, равон йўллар, маҳобатли кўприклар, йирик саноат корхоналари, муҳташам савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, муқобили йўқ ижтимоий соҳа объектлари бунинг ёрқин тасдиғидир.
Таъкидлаш керакки, бу жараёнда сифатли ва рақобатбардош қурилиш материаллари, хусусан, цементга бўлган талаб ҳам муттасил ошаяпти. Шундан келиб чиқиб, “Бекободцемент” акциядорлик жамияти жамоаси кейинги йилларда ишлаб чиқаришни модернизациялаш ҳамда янги қувватларни ишга тушириш борасида фаол изланишлар олиб бормоқда.
— Юртимизда соҳани ривожлантиришга қаратилган инвестиция дастурлари доирасида истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётгани корхонамизда маҳсулот тайёрлаш ҳажми ва унинг сифат кўрсаткичларини сезиларли даражада оширишга хизмат қилаяпти, — дейди жамият бош муҳандиси Эркин Қурбонов. — Масалан, ўтган йили жамоамиз томонидан бир миллион тоннадан ортиқ цемент ишлаб чиқарилди. Унинг 2 миллион  660 минг АҚШ долларилик қисми эса экспортга йўналтирилгани, айниқса, диққатга сазовордир.
Эътиборли жиҳати, 2013 йилдан бошлаб бу ерда қуруқ усулда клинкер тайёрлашга киришилгани қурилиш материаллари саноати ривожида янги босқични бошлаб берди. Гап шундаки, Хитойнинг “China CAMC Engineering Co., LTD” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилган мазкур лойиҳа туфайли йилига 750 минг тонна ана шундай маҳсулот ишлаб чиқарилаяпти.
Клинкерни куйдириш технологияси ҳам табиий газда, ҳам кўмирда ишлашга мўлжалланган бўлиб, юқори тежамкорлиги ва экологик безарарлиги билан ажралиб туради. Ишлаб чиқариш жараёнидаги барча босқич компьютерлашган тизим орқали бошқарилади.
Қолаверса, янги қувват ўзлаштирилиши туфайли қўшимча 160 та иш ўрни яратилди.
Яқинда эса “Бекободцемент”да яна бир йирик лойиҳа амалга оширилди, яъни унинг негизида Янгийўл клинкер майдалаш станцияси фойдаланишга топширилди. Бунинг моҳияти шундаки, айни шу акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган клинкер ушбу станция тегирмонларида тортилиб, зарур компонентлар билан бойитилади ва тайёр маҳсулотга айлантирилади. Шу тарзда кунига 3300 тонна цемент тайёрланади. Айниқса, станциянинг йирик автомагистраль ёқасида жойлашгани маҳсулотни эҳтиёжга қараб ишлаб чиқариш, маҳаллий ҳамда хорижлик буюртмачиларга ўз вақтида етказиш имконини беради.
Қолаверса, ҳозирги кунда “Бекободцемент”да ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва маҳсулот таннархини мақбуллаштиришга қаратилган бир неча истиқболли лойиҳалар ҳам жорий этилмоқда. Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Жаҳон банки билан биргаликда энергия самарадорлигини оширишга мўлжалланган лойиҳалар шулар жумласидандир. Уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, ўз навбатида, корхонада ишлаб чиқариш сарф-харажатларини қисқартириш, ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш, атроф-муҳитга зарарли чиқиндилар чиқишининг олдини олишга хизмат қилади.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn