«Ўзбекистон жадал суръатлар билан ривожланмоқда»
  • 01 Апрель 2015

«Ўзбекистон жадал суръатлар билан ривожланмоқда»

Олий Мажлис Сенатида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатишда иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Латвия Сейми депутати И. Судраба ва Латвия Марказий сайлов комиссияси раиси А. Цимдарс билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Латвия узоқ йиллик мустаҳкам дўстлик ҳамда ҳамкорлик ришталарига эга эканлиги таъкидланди. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва тушуниш турли соҳалардаги муносабатларни изчил ривожлантиришнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.
Хорижлик меҳмонлар Ўзбекистонда қонунчиликнинг изчил такомиллаштирилиши мамлакатни жадал суръатлар билан ривожлантириш имконини бераётганини қайд этди. Жамият ҳаётида парламент роли мустаҳкамланмоқда, давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан самарали парламент назорати амалга оширилаяпти. Томонлар икки мамлакат парламентлари ўртасида мулоқотни янада ривожлантириш тарафдори эканлигини билдириб, бу қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича тажрибани такомиллаштиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
— Ўзбекистон сенаторлари билан мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик, — деди И. Судраба. — Биз Ўзбекистон билан дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга интиламиз. Ўзаро тажриба алмашишда Латвия Сеймида ташкил қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан ҳамкорлик гуруҳи муҳим аҳамият касб этади. Парламент аъзолари халқ вакиллари ҳисобланади. Қонун ижодкорлиги, парламент назоратини такомиллаштириш бўйича улкан ишлар, аввало, фуқаролар манфаатлари учун амалга оширилади.
— Ўзбекистон фуқаролари Президент сайловида юксак сиёсий фаолликни намойиш этишди, — деди Латвия Марказий сайлов комиссияси раиси А. Цимдарс. — Кузатувчи сифатида Самарқанд, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги сайлов участкаларига ташриф буюрдим, сайлов қонунчилигида, сайлов тизимида ижобий ўзгаришлар юз берганига гувоҳ бўлдим.
Хорижлик меҳмонлар Олий Мажлис Сенати фаолияти билан танишди.

Худди шу куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатишда иштирок этиш учун юртимизга ташриф буюрган Шарқий Европа ва МДҲ мамлакатлари институти директори, Сайлов тизимларини ўрганиш халқаро маркази президенти Александр Цинкер (Исроил), Туркия парламенти депутати И. Сафи билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувларда қайд этилганидек, Ўзбекистонда амалга оширилган ижтимоий-сиёсий, ижтимой-иқтисодий ислоҳотлар натижасида, аввало, аҳоли фаровонлиги юксалиб, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошди, иқтисодий ва ижтимоий жабҳаларда улкан муваффақиятларга эришилди. Бу эса ҳақли равишда жаҳон ҳамжамияти эътирофига сазовор бўлаётир. Ислоҳотлар парламентнинг мамлакатдаги давлат органлари тизимидаги ролини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Ташқи сиёсат борасида Ўзбекистон тинчликпарвар сиёсат олиб бормоқда.
Хорижлик кузатувчилар Қонунчилик палатаси фаолияти билан танишиб, қонун ижодкорлиги жараёнини такомиллаштириш бўйича ишларга, парламент назоратини амалга ошириш тажрибасига, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратишди.
— Олиб борилаётган ислоҳотларни кузатиб, шуни айтиш мумкинки, юртингизда йилдан-йилга қонунчилик такомиллашиб бормоқда, — деди А. Цинкер. — Бўлиб ўтган сайловда сиёсий партиялар ўз сайловолди дастурларини оммавий ахборот воситаларида кенг ташвиқот қилишди. Ўз навбатида, сайловчилар номзодлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишди. Президент сайловида халқ, аввало, мамлакатдаги барқарорлик ҳамда осойишталик учун овоз берди. Мен бориш қийин бўлган, тоғли ҳудудда жойлашган сайлов участкасида бўлиб, у ерда замонавий мусиқа ва санъат мактабини кўриб ҳайратга тушдим. Бу мамлакатингизда ёш авлодга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир далилидир. Болаларни эъзозлайдиган бундай давлатнинг келажаги буюкдир.
— Мен Бухоро шаҳридаги бир қатор сайлов участкаларида сайловни ҳеч қандай тўсиқларсиз кузатиш имконига эга бўлдим, — деди И. Сафи. — Ушбу жараёнга пухта тайёргарлик кўрилганини қайд этишни истардим. Сайловчилар учун барча шарт-шароит яратилган. Сайловнинг юксак даражада ташкил қилингани эътиборимни жалб этди. Сайлов комиссиялари аъзолари пухта тайёргарлик кўришган. Сайлов жараёни Ўзбекистон миллий қонунчилиги ва халқаро меъёрларга мувофиқ ўтди.
Меҳмонлар илиқ қабул учун миннатдорлик изҳор қилиб, уларнинг фаолияти демократик тамойилларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдиришди.


Қ. ХИДИРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn