Илғор банк тизими ва истиқбол
  • 31 Март 2015

Илғор банк тизими ва истиқбол

Ўзбекистон Банклари ассоциациясида мустақиллик йилларида мамлакатимиз банк тизимида амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар ва унинг самараларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда тегишли ташкилот ҳамда идораларнинг масъул ходимлари, тижорат банклари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш ҳамда Наврўз умумхалқ байрами тантаналарида қатнашиш мақсадида юртимизга ташриф буюрган халқаро кузатувчилар, экспертлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Таъкидландики, мамлакатимизда истиқлол йилларида замонавий инфратузилмага эга бўлган икки поғонали банк тизими яратилиб, халқаро стандартларга мувофиқ, банк назорати тамойиллари жорий қилинди. Натижада ушбу соҳа, том маънода, иқтисодиётимизнинг қон томирларига айланиб, инвестициявий фаоллиги янада ортди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда  ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, замонавий объектларни бунёд этиш, янги иш ўринлари яратиш, қисқача айтганда, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар ижросини банклар иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Улар ўзининг кенг тармоқли филиаллари, бўлинмалари, минибанклари орқали республикамизнинг барча ҳудудини қамраб олган бўлиб, жисмоний ва юридик шахсларга тезкор хизматлар кўрсатиб келмоқда.  Ҳозирги пайтда ҳар юз минг катта ёшдаги аҳолига 50 та банк муассасаси тўғри келаётгани, ҳар минг киши номига 1028 та банк ҳисобрақами очилгани шундан далолат беради.  
Ўз навбатида, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси йил сайин пасайтирилаётгани ҳам алоҳида диққатга сазовор. Айтайлик, 2013 йилда мазкур ставка 12 фоизни, 2014 йилда 10 фоизни ташкил этган бўлса, 2015 йилда 9 фоизгача туширилди.
Банк тизими барқарор ривожланиб, тижорат банкларининг активлари, умумий капитали ўсиб бораётгани эса иқтисодиётнинг реал секторини қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига қўшимча қулайликлар яратиш, хотин-қизлар ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорликка кенг жалб этиш имконини бераётир.
Сўзга чиққанлар қайд этганидек, Ўзбекистон банк тизимида кузатилаётган бундай ижобий ўзгаришларни банклар капиталининг етарлилик даражаси 24 фоиздан зиёд, яъни банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан ўрнатилган стандартдан 3 марта кўплиги мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу, табиийки, “Fitch Ratings”, “Мoody‘s” ва “Standard & Poor‘s” каби етакчи халқаро рейтинг агентликлари томонидан юксак эътироф этиб келинмоқда. Хусусан, “Мoody‘s” халқаро рейтинг агентлиги сўнгги йиллар давомида Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболига “Барқарор” прогнозли рейтинг баҳосини бермоқда.
Брифинг замонавий ахборот технологиялари ва кўргазмали воситалардан  фойдаланган ҳолда ташкил этилгани иштирокчиларга юртимиз банк тизимининг ривожланиш истиқболлари, қўлга киритилган ютуқлар, шунингдек, тижорат банклари томонидан тақдим этилаётган янги технологиялар ва маҳсулотлар билан яқиндан танишиш имконини берди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn