Ўзбекистоннинг саноат салоҳияти мустаҳкамланмоқда
  • 28 Март 2015

Ўзбекистоннинг саноат салоҳияти мустаҳкамланмоқда

Мамлакатимизда 2015 — 2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.

Бугун Ўзбекистонни иқтисодиёти энг илғор технологиялар асосида жадал ривожланиб бораётган давлат сифатида бутун дунё яхши билади. Мамлакатимизнинг улкан илмий-техник ва ишлаб чиқариш салоҳияти тобора юксалиб бораётир.
Мамлакатимизда ҳар йили иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, инфратузилма ва транспорт-коммуникация тизимларини янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунинг самарасида янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли даромади кўпаймоқда. Узоқ муддатли тараққиёт стратегиясининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани Ўзбекистонга дунёнинг кам сонли давлатлари қаторида ялпи ички маҳсулот, саноат ишлаб чиқаришининг юқори ўсиш суръатларини таъминлаш имконини бермоқда.
Жумладан, 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига кўра, ялпи ички маҳсулот 8,1 фоиз, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 8,3 фоиз, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши 6,9 фоиз, капитал қурилиш 10,9 фоиз, чакана савдо айланмаси ҳажми 14,3 фоизга ўсди. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг қарийб 70 фоизини юқори қўшимча қийматга эга бўлган тайёр товарлар ташкил этди.
Президентимизнинг 2015 йил 4 мартдаги «2015 — 2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги Фармони мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлаб чиқаришни янгилаш ва инновация технологияларини жорий этиш бўйича узлуксиз жараённинг мантиқий давоми бўлди.
Дастур таркибий ўзгаришларни изчил таъминлаш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш, барқарор иқтисодий ўсиш локомотивлари бўлишга қодир юқори технологияли саноат тармоқларини янада ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг энергия сарфи, моддий ва меҳнат харажатларини камайтириш бўйича мавжуд захиралардан янада тўлиқ фойдаланиш, шунингдек, жаҳон бозорида талаб барқарор бўлган рақобатбардош тайёр товарлар ва ярим фабрикатлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, бунинг учун хорижий инвестицияларни, жумладан, етакчи хорижий компаниялар билан биргаликда қўшма корхоналар ташкил этиш орқали фаол жалб қилиш мақсадида қабул қилинди.
Хусусан, ушбу Фармонга мувофиқ, ресурс тежайдиган буғ-газ қурилмаси ва қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича синаб кўрилган замонавий технологияларни кенг жорий этиш асосида электр энергетика соҳасида фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш қувватларини изчил модернизация қилиш ва янгиларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Нефть-газ ва нефть-кимё саноатида табиий газ ва газ конденсатини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Кимё саноатида  ишлаб чиқариш ва экспортни мураккаб минерал ўғитлар, полимерлар, синтетик каучук, метанол ва кенг турдаги маиший-кимё товарлари ишлаб чиқариш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш орқали диверсификация қилиш кўзда тутилган.
Умуман, геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноатида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш бўйича 124 инвестиция лойиҳаси, шунингдек, хорижий сармоядорларни жалб этган ҳолда 48 истиқболли инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Масалан, «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи қувватларини модернизация ва реконструкция қилиш, «Муборак газни қайта ишлаш заводи»  унитар корхонасида газ-кимё мажмуасини барпо этиш, Устюрт газ-кимё мажмуаси хом ашё базасида углеводородлар пиролизи ишлаб чиқарадиган янги завод, Ўзбекистон — Хитой газ қувурининг тўртинчи тармоғини қуриш, «Ўзбеккимёмаш»  заводининг  йирик ва оғир нефть-газ-кимё ускуналари ишлаб чиқарадиган қувватларини кенгайтириш (2-босқич), пластик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, геология-қидирув ишлари учун юқори технологияли ускуналар харид қилиш ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилаётир.
Кимё саноатида «Самарқандкимё» акциядорлик жамиятида мураккаб минерал ўғитлар (NPK) ва калий сульфати, «Навоий азот» акциядорлик жамиятида поливинилхлорид ва метанол, «Ангрен» махсус индустриал зонасида автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникаси шиналари, конвейер ленталари ҳамда бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш кўзда тутилган.
«Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси Дастур доирасида Навоий иссиқлик электр станциясини 450 МВт қувватга эга иккинчи буғ-газ қурилмасини қуриш  орқали кенгайтириш, Қуйи-Бўзсув ГЭСи каскади, Фарҳод ГЭСи ва «Тошкент ГЭС» каскади унитар корхонасини модернизация қилишни бошлайди. «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятида «Апартак» конини қуриш ҳамда  молиявий ҳисобга олиш ва ҳисобдорлик, ходимлар, тезкор ҳамда ишлаб чиқариш-технологик фаолиятни  бошқаришни компьютерлаштириш бўйича интеграциялаштирилган комплекс тизимни жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Олмалиқ ва Навоий кон-металлургия комбинатлари ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш бўйича 41 лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда. Сульфат кислота ишлаб чиқариш заводи қуриш, Мурунтов карьерига ишлов бериш (5-навбати), қўшимча ишлаб чиқариш объектларини модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлаш, Жиззах вилоятидаги цемент заводини кенгайтириш, Шеробод туманида цемент заводи қуриш, мис сими ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва бошқа лойиҳалар шулар жумласидандир.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу Фармонига мувофиқ, машинасозлик, автомобиль ва электр техника саноати, маҳсулотларни стандартлаштириш соҳасида ҳам кенг кўламли ўзгаришлар белгиланган. Мазкур соҳаларда жами 77 лойиҳани, шу жумладан, хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг натижасида 2019 йилда  технологик етакчи корхоналар билан ҳамкорликда импорт ўрнини босадиган қишлоқ хўжалиги техникаси, юк автомобиллари ҳамда бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш бўйича янги қувватлар ташкил этиш ва фаолият кўрсатаётган корхоналарни кенгайтириш кўзда тутилган.
Чунончи, «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси тизимидаги «JV MAN AUTO Uzbekistan» ва «UZAUTOTRAILER» қўшма корхоналарида юк автотранспорти воситалари кабинаси ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, Жиззах аккумулятор заводини технологик модернизация қилиш, «Gentra», «Spark», «Cobalt», «Т250» автомбиллари учун алюминий ва пластмасса деталлар, тормоз тизими элементлари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
«Ўзагросаноатмашхолдинг» холдинг компанияси Тошкент ва Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводларини модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлаш орқали «Клаас», «Лемкен» ва бошқа етакчи технологик корхоналар билан ҳамкорликда замонавий тракторлар, дон, ем-хашак ўриш ва пахта териш машиналари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, темир буюмлар, трансмиссия ва редукторларга механик ҳамда термик ишлов бериш  қувватларини ташкил этишни режалаштирмоқда.
Шуни таъкидлаш керакки, 2019 йилга келиб, электр техника ускуналари тайёрлаш бўйича юқори технологияли ишлаб чиқаришларни жадал ривожлантириш ва ўзлаштириш, ахборот-коммуникация технологиялари учун ускуна ва эҳтиёт қисмлар, кенг турдаги экологик тоза қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича янги корхоналар ташкил этиш кутилмоқда.
Хусусан, «Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компанияси «Андижонкабель» акциядорлик жамиятида Европа технологиялари асосида автомобиль симлари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, Мотор заводи майдонларида интеграл микросхемалар, камқувватли фотоэлектр станциялари, турли қувватли электр двигателлар ва маиший электр техника воситалари учун компрессорлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, музлаткич, маиший газ ва комбинацияланган плиталар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маиший электр ва электр техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш, маркетинг ва логистика кластерини ташкил қилишни режалаштирмоқда. Умуман олганда, компания томонидан умумий қиймати 268,5 миллион долларлик 39 янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мўлжалланмоқда.
«Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси, хусусан, хориж инвестицияларини жалб этган ҳолда 11 лойиҳани амалга оширишни режалаштирган. «Қизилқумцемент» акциядорлик жамиятида узлуксиз базальт толаси ва арматура ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, оҳак ва темир-бетон плиталар, «Uz Оуnа» масъулияти чекланган жамиятида йирик ўлчамли ойна ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, Қорақалпоғистон Республикасида цемент заводи қуриш, Жиззах вилоятида цемент асосида пардозлаш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ана шундай йирик лойиҳалар сирасидан.
Шунингдек, Дастурда маҳаллий хом ашёни чуқур қайта ишлаш асосида  ички ва жаҳон бозорида харидоргир бўлган рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ҳамда ярим фабрикатлар,  жумладан, бўялган ип, мато, ишлов берилган тери, трикотаж, тикувчилик, пойабзал ва атторлик-чарм буюмлари ишлаб чиқариш ҳисобидан тўқимачилик ҳамда чарм-пойабзал саноати тузилмасини янада яхшилаш ҳам кўзда тутилган.
Шунга мувофиқ, «Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компанияси чет эллик етакчи шериклар билан ҳамкорликда фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, янгиларини ташкил этиш бўйича 58 лойиҳа, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда, 21 истиқболли лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда. Элликқалъа ва Қўнғирот пахта заводлари, Бухоро вилоятининг ўиждувон,  Жондор ва Ромитан туманларида қурилиши якунланмаган объектлар негизида тўқимачилик комплекслари, «Индорама Қўқон текстиль» хорижий корхонасининг тўртинчи босқичини ташкил этиш ва бошқалар шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси ташқи бозорда талаб юқори бўлган чарм ва замонавий пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 61 инвестиция лойиҳасини амалга оширади.
Фармон доирасида Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси томонидан  замонавий сублимитлаш, музлатиш ва вакуумли қадоқлаш технологиялари асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ҳамда қайта ишлашга қаратилган қиймати 410 миллион долларлик 304 лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилган.
Жумладан, Сурхондарё вилоятидаги «Файзи Рамз» фермер хўжалигида мева-сабзавотни қайта ишлаш (сублимацион қуритиш), «Жиззах» махсус индустриал зонаси ҳудудида тез тайёрланадиган маҳсулотлар, Самарқанд вилоятидаги «Сиёб саховати» хорижий корхонаси масъулияти чекланган жамиятида гўштни қайта ишлаш, Тошкент вилоятидаги «Euro Food Trade» корхонасида балиқ консервалари ишлаб чиқариш ва қўзиқоринни чуқур қайта ишлаш йўлга қўйилади, шунингдек, фаолият юритмаётган озиқ-овқат саноати корхоналари модернизация қилинади (165 лойиҳа).
Президентимиз Фармонида жаҳондаги етакчи компанияларнинг лицензия ва патентлари асосида фармацевтика саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турини кенгайтириш, маҳаллий ишланмалар ҳамда хом ашё асосида тиббиёт препаратлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш режалаштирилган.
Шу муносабат билан «Ўзфармсаноат» давлат-акциядорлик концерни 22 инвестиция лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда. «Pharm Product» масъулияти чекланган жамиятида бир марта ишлатиладиган тиббиёт буюмлари учун металл ниналар, инъекция эритмалари, қуритилган ҳолда қадоқланган дори воситалари, таблеткалар, капсула ва саше-пакетчалар учун бўш ампулалар, канал найчалар, «Soft inter medical» масъулияти чекланган жамиятида инфузия эритмалари, «Radiks» хусусий илмий-ишлаб чиқариш корхонасида плазма ўрнини босадиган эритмалар, дори воситалари ишлаб чиқариш учун ўсимлик субстанциялари ва бошқа дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш шулар жумласидандир.
Шу билан бирга, Дастур доирасида замонавий технологик талабларга жавоб бермайдиган эскирган ускуналар ва қувватларни фойдаланишдан чиқариш ва уларни замонавий ҳамда самарали ишлайдиганлари билан алмаштиришга қаратилган қарийб 300 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган  (Фарғона иссиқлик электр маркази ва Навоий иссиқлик электр станциясидаги энергоблоклар,  «Навоий азот» акциядорлик жамиятида аммиак ва кучсиз азот кислотаси ишлаб чиқариш қувватлари, «Аммофос Максам» акциядорлик жамиятида сульфат кислота ишлаб чиқариш корхонаси, Тошкент ва Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводларининг ишлаб чиқариш қувватлари ва бошқалар).
Давлатимиз раҳбарининг Фармонида 2015 — 2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастурига киритилган инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш доирасида қиймати 30 миллион АҚШ долларидан зиёд ва чет эллик инвестор улуши камида 50 фоиз бўлган лойиҳалар бўйича ишлаб чиқариш майдони ташқарисида муҳандислик-коммуникация тармоқларини йўлга қўйиш бюджет маблағлари ҳамда ички молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган. 
Мухтасар айтганда, Президентимизнинг 2015 йил 4 мартдаги «2015 — 2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги Фармонида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш бўйича умумий қиймати 40 миллиард 809 миллион долларлик 846 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган.
2015-2019 йилларда амалга ошириладиган қиймати 19 миллиард 640 миллион долларлик 711 янги лойиҳанинг сармоядорлари ва молиялаштириш манбалари белгилаб олинган. Қиймати 21 миллиард 169 миллион долларлик  135 истиқболли лойиҳага эса хорижий инвестициялар ва кредитлар жалб қилинади.
Ушбу Дастурнинг ҳаётга татбиқ этилиши 2015 — 2019 йилларда ялпи ички маҳсулотни йилига ўртача камида 8 фоиз, жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 9 фоиз, шу давр ичида ушбу кўрсаткични 1,5 баробар ошириш имконини беради. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида саноат улуши ҳозирги 24 фоиздан 2020 йилда 27 фоизга етади. Машинасозлик, нефть-газ, нефть-кимё, кимё, тўқимачилик ва озиқ-овқат каби юқори технологияли тармоқларни янада жадал ривожлантириш, саноатда уларнинг улушини 2014 йилдаги 62 фоиз ўрнига 2020 йилда 67 фоизга етказиш кутилмоқда. Бу борада 100 га яқин янги товар гуруҳлари (қарийб 1000 хил маҳсулот) ишлаб чиқариш ўзлаштирилади ва 2020 йилга бориб мамлакатимиз саноатининг йиллик ишлаб чиқариш ҳамда экспорт салоҳияти тегишли равишда 18 триллион сўмга ва 2 миллиард долларга оширилади.


(ЎзА).

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn