Истиқболли лойиҳалар, тежамкор технологиялар
  • 27 Март 2015

Истиқболли лойиҳалар, тежамкор технологиялар

Истиқлол йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар саноат тармоқларига “яшил иқтисодиёт” тизимини  жорий этиш, инновацион тараққиётни жадаллаштириш ҳамда ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилганлиги туфайли дунё жамоатчилиги эътиборини тортмоқда.

ЭНЕРГЕТИКА ТИЗИМИДА ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ МОДЕРНИЗАЦИЯ ҚИЛИШГА ЙЎНАЛТИРИЛГАН ЛОЙИҲАЛАР ҲАЁТГА ИЗЧИЛ ТАТБИҚ ЭТИЛАЁТИР. УЛАРНИНГ АКСАРИЯТИ ТЕХНОЛОГИК ЖАРАЁНЛАРНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА ТЕЖАМКОР ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШ КАБИ МУҲИМ ВАЗИФАЛАРНИ ҚАМРАБ ОЛГАНИ БИЛАН НИҲОЯТДА АҲАМИЯТЛИДИР.

Деҳқонободда электр лампалар ишлаб чиқариш лойиҳаси ана шу мақсадга -йўналтирилгани билан диққатга сазовор. Шўртан газ-кимё мажмуасига тегишли мазкур цехда Хитойнинг илғор технологик линияси ишга туширилгани 9 вт.дан 30 вт.гача бўлган кучланишдаги спиралсимон, яримспирал ва турли геометрик -шаклдаги 12 хил тежамкор лампа тайёрлаш имкониятини яратди.
Ушбу лампаларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, фойдаланиш муддати 10 минг соатгача бўлиб, бу оддий чироқлардан 8 баробар кўп хизмат қилади, деганидир. Айни пайтда 45 кишининг бандлиги таъминланган янги цехда кунига 2500 дона маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Бу ерда меҳнат қилаётган жамоа аъзоларини, асосан, коллежлар битирувчилари ташкил этади.
— Ёшларимиз зеҳнли ва билимли, — дейди цех муҳандис-технологи Худойберди -Эшонқулов. — Уларнинг саъй-ҳаракати билан ишлаб чиқариш ҳажми тобора ортмоқда. -Энергия тежовчи лампаларимиз эса истеъмол бозорида ўз харидорини топаяпти.
Маҳаллий хом ашёдан импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар тайёрлашга алоҳида аҳамият берилаётгани туфайли кейинги вақтда бу ерда ишлаб чиқариш ҳажми бир неча баробар ўсиб, лампалар тури яна 5 тага кўпайди. Корхонада жорий йилдан эътиборан янги турдаги светодиодли электр лампалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳаракатлари ҳам бошлаб юборилган.


Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
Шомурот ШАРАПОВ (суратлар),
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn