Қулай бизнес муҳити ва самарали ҳамкорлик
  • 26 Март 2015

Қулай бизнес муҳити ва самарали ҳамкорлик

Кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида “Озиқ-овқат саноати — WorldFood Uzbekistan — 2015” ҳамда “Қишлоқ хўжалиги — AgroWorld Uzbekistan — 2015” халқаро кўргазмалари очилди. Улар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, “Ўзвиносаноат-холдинг” холдинг компанияси, “Ўзулгуржисавдоинвест” ҳамда Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмалари, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, Савдо-саноат палатаси кўмагида “IТE Uzbekistan” халқаро кўргазмалар компанияси томонидан ташкил этилди.

Мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқлари ҳисобланган қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат саноатида юз бераётган таркибий ўзгаришлар, қўлга киритилаётган ютуқларнинг чинакам намойишига айланган мазкур тадбирларни хорижлик мутахассислар ҳам интиқиб кутишади. Сабаби, улар “Даладан — дастурхонгача” тамойили асосида озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришдан тортиб, уни чуқур қайта ишлаш, сифатли сақлаш ва буюртмачиларга етказиб беришгача бўлган барча жараённи тўлиқ қамраб олганки, натижада жаҳон миқёсидаги қулай бизнес майдони мақомига лойиқ кўрилмоқда.
Дарҳақиқат, ушбу халқаро тадбирлар юртимиз ҳамда хорижлик ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, янги ҳамкорлар топишда тобора муҳим аҳамият касб этаётир. Шу боис иштирокчилар сафи йил сайин кенгайиб бораяпти. Масалан, бундан ўн беш йил муқаддам ўтказилган илк тадбирда 13 та давлатдан 50 та компания қатнашган бўлса, кўргазмаларнинг бу галги бирлашган экспозициясида 26 та мамлакатдан 183 та компания ўз маҳсулотлари ва хизматларини тақдим этаётир.
Халқаро кўргазмаларнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, республикамиз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида кузатилаётган барқарор ривожланиш суръатлари ушбу иқтисодий форумларнинг нуфузини янада оширди. Зеро, давлатимиз томонидан соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор, бизнесни юритиш учун яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар туфайли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳамда уни қайта ишлаш ҳажми йил сайин кўпаймоқда. 2012 — 2014 йилларда сабзавот етиштириш ҳажми 16,3 фоиз, полиз маҳсулотлари 16,6 фоиз, мева-чева 21 фоиз ўсгани, ўтган йили ғаллачилигимиз тарихида илк бор 8 миллион 50 минг тонна дон етиштирилгани бунга яққол мисол бўла олади.
Экспертларнинг эътироф этишича, заминимизда етиштирилган мева-сабзавотлар сифатининг юқорилиги, мазалилиги билан алоҳида ажралиб туради. Шу боис уларга ташқи бозорда ҳам талаб катта. Бугунги кунда дунёнинг 80 та давлатига 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар экспорт қилинаётгани бунинг -тасдиғидир.
Кўргазмага ташриф буюрганлар шу каби экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар, турли-туман зиравор ва қўшимчалар билан яқиндан танишиш, ҳатто татиб кўришлари мумкин. Қолаверса, хорижда ишлаб чиқарилган энг замонавий техника ҳамда технологиялар, хом ашёни чуқур қайта ишлаш линиялари, тайёр маҳсулотларни қадоқлаш минитехнологиялари орасидан энг маъқулини танлаб, харид қилиш учун ҳам барча шарт-шароит яратилган.
— Ўзбекистон — иқтисодий салоҳияти юқори мамлакат, — дейди Германиянинг “Anton Ohlert” компанияси вакили Александр Квиринг. — Буни кўргазмада намойиш этилаётган маҳсулотлар ҳам исботлаб турибди. Биз ҳам юртингиз ишбилармонлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида мазкур тадбирда мунтазам иштирок этиб келаяпмиз. Компаниямизнинг қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ускуна ва жиҳозларига юртингизда талаб ортиб бораяпти. Натижада охирги икки йилда 5 миллион евролик ана шундай технологик линиялар етказиб бердик. Кўргазма давомида эса кўплаб янги ҳамкорлар топиш ниятидамиз.
Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмасидан маълум қилишларича, бугунги кунда юртимиз аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжининг 90 фоизи ички манбалар эвазига таъминланаяпти. Ваҳолонки, ушбу кўрсаткич МДҲ давлатларида атиги 30 фоизни ташкил этади, холос. Бу истиқлол йилларида янги қувватларни ишга тушириш, мавжудларини тубдан модернизация қилиш, қисқача айтганда, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир.
Қувонарлиси, бундай тадбирлар кўлами йил сайин кенгайтирилмоқда. Хусусан, 2015 йилда давлат ва ҳудудий дастурлар доирасида 1045 та инвестициявий лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Кўргазмалар эса уларнинг ижросини жадаллаштиришга хизмат қилиши аниқ.
— Ўзбекистонда сут маҳсулотлари етиштириш ҳажми йил сайин ўсиб бораётгани ҳамкорлигимиз мустаҳкамланишида муҳим омил бўлмоқда, — дейди Италиянинг “Pietribiasi” компанияси вакили Симони Пиетрибиаси. — Чунки бизнинг компаниямиз сутни қайта ишлаш ускуналари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Улар тежамкор ва унумдор бўлгани учун талаб ҳам шунга яраша юқори. Буни ҳисобга олиб, жорий йилда намойиш майдонимизни икки баробар кенгайтириб, сариёғ, қаймоқ, пишлоқ ишлаб чиқариш, маҳсулотларга шакл бериш ва қадоқлаш ускуналарини таклиф этаяпмиз.
“Қишлоқ хўжалиги — AgroWorld Uzbekistan — 2015” халқаро кўргазмасида ҳам янгилик талайгина. Айтайлик, бу гал “Мевалар, сабзавотлар, уларни қайта ишлаш ва сақлаш” бўлими ташкил этилди. Унда, асосан, янги маҳсулотлар ва ишланмалар намойиш қилинаётгани кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бундан ташқари, чорвачилик ва боғдорчилик техникаси, ветеринария воситалари ҳамда ўғитлар, уруғликлар ва омихта ем тайёрлаш ускуналари, паррандачилик технологиялари, ирригация тизимлари ва иссиқхона жиҳозлари, қишлоқ хўжалиги техникалари — аграр тармоқ учун зарур воситаларнинг барчаси шу ерда муҳайё этилган. Бу фаолиятини кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантирмоқчи бўлган қишлоқ мулкдорлари учун айни муддаодир.
Ташкилотчилар бу каби янгиликларни қишлоқ хўжалиги мутахассислари, деҳқон ва фермерларга кенгроқ етказиш мақсадида кўргазманинг иккинчи кунини “Фермерлар куни” дея эълон қилишган. Унга 2 минг нафар фермер ташриф буюриши кутилаяпти.
Дарҳақиқат, кўргазмалар кундалиги ранг-баранг бўлиб, унинг доирасида турли тақдимотлар, семинар ва учрашувлар, бизнес-форумлар ўтказилиши кўзда тутилган. Тадбирнинг биринчи кунида эса Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан “Ўзбекистоннинг озиқ-овқат мустақиллигини таъминлаш: ислоҳотлар ва эришилган натижалар” мавзуида брифинг ўтказилди. Унда иштирокчиларга мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалигини изчил ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ
олган суратлар.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn