Ташқи бозорда қўшимча қийматга эга
  • 22 Март 2015

Ташқи бозорда қўшимча қийматга эга

Ўтган йили Янгийўл туманида саноат маҳсулотлари тайёрлаш ҳажми қарийб 30 фоиз кўпайди. Бунда юқори технологиялар асосида ишлаб чиқаришни ташкил этаётган корхоналарнинг ҳиссаси катта бўлди.

“Глобал комско ДЭУ” — ана шундай тадбиркорлик тузилмаларидан бири. Жанубий кореялик ишбилармонлар сармояси эвазига бунёд этилган мазкур корхонада айни пайтда пахтадан юқори навли целлюлоза олинмоқда. Қоғоз саноатида кенг фойдаланиладиган бундай хом ашё юқори қўшимча қийматга эга ҳисобланиб, уларга жаҳон бозорида талаб ниҳоятда катта. Корхона маҳсулотининг асосий қисми Германия, Франция, Италия, Жанубий Корея, Хитой каби ўнлаб давлатларга экспорт қилинаётгани ана шундан далолат беради. 

Ҳозир “Глобал комско ДЭУ” корхонаси жамоаси ташқи бозор талабларидан келиб чиқиб, бир нечта истиқболли лойиҳалар устида изланмоқда. Хусусан, яқин келажакда бу ерда яна бир экспортбоп маҳсулот — автомобилсозлик ва тўқимачилик саноати учун муҳим саналган лиоцел толалари тайёрлаш йўлга қўйилади. 

Айни пайтда 250 киши меҳнат қилаётган мазкур жамоа аҳли ўтган йили буюртмачиларга қарийб 24 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб беришга муваффақ бўлди. 

 

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn