Инвестиция — иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили
  • 20 Март 2015

Инвестиция — иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили

Саноат тармоқларини модернизациялаш, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жорий этиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар турларини кўпайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар юртимиз иқтисодий барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Қолаверса, бундай янгиланишлар мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилаётир.  

Хусусан, ўтган йили Хоразм вилоятидаги иқтисодиёт тармоқларига жами 1,2 триллион сўм миқдорида инвестиция маблағлари жалб қилинган бўлса, унинг 47,4 фоизи ишлаб чиқариш соҳасига йўналтирилди. Ана шу сармоялар ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, илғор корхоналарни бунёд этишга хизмат қилмоқда. 

Ўтган йили Урганч туманидаги Чаккашоликор қишлоғида фаолият бошлаган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Khorezm Tech” Ўзбекистон — Корея Республикаси қўшма корхонасини ҳам яратилаётган имкониятлар меваси, дейиш мумкин. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган, трикотаж маҳсулотлари тайёрлашга ихтисослаштирилган мазкур лойиҳа рўёби учун 800 минг АҚШ долларидан зиёд маблағ сарфланди. Унинг 200 минг доллардан ортиғи  тўғридан-тўғри хорижий инвестициядир. Фабрика йилига 1,5 миллион жуфт пайпоқ ҳамда трикотаж маҳсулотлари тайёрлаш қувватига эга.

Яна шуниси аҳамиятлики, корхона  маҳсулотларини тайёрлашда маҳаллий  хом ашё — пахта калава ипидан фойдаланилаяпти. Натижада ички бозорни юқори сифатли, арзон, иқлим ва гигиена талабларига жавоб берадиган маҳсулот билан тўлдириш имконияти яратилди.

— Қисқа муддатда жамоамиз томонидан замонавий технологиялар асосида 60 минг жуфт, 100 миллион сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди, — дейди корхона раҳбари Озод Обидов. — Истиқболда янги лойиҳалар — LED HDTV телевизор ва LED компьютер мониторлари йиғишни ўзлаштирамиз. Албатта, бу каби ютуқларга эришишимизда юртимизда хорижлик сармоядорлар учун яратилган қулай инвестициявий муҳит муҳим омил бўлмоқда. Қувонарлиси, вилоятимизда ана шундай иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юритаётган корхоналар сони тобора кўпайиб  бораяпти. 

 

Ойбек РАҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ

олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn