Эътибор ва имтиёз
  • 25 Февраль 2014

Эътибор ва имтиёз

тадбиркорликни ривожлантиришда алоҳида аҳамиятга эга бўлмоқда

Сўнгги йилларда мамлакатимизда қабул қилинаётган қонунлар, давлатимиз раҳбарининг Фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари иқтисодиётимизнинг мустаҳкам таянчи бўлган хусусий сектор тараққиётини янги босқичга олиб чиқишда дастуриламал  бўлиб хизмат қилмоқда. Уларнинг самарали  ижроси эса, биринчи галда, тарғибот ишларининг изчиллигига  боғлиқ. Чунки бундай  тадбирлар турли масалаларни ўз вақтида ҳал қилишнинг ўзига хос қулай майдонидир. Давлат солиқ қўмитаси раҳбарларининг Қорақалпоғистон Республикасидаги тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан ўтказган учрашувида ана шундай руҳ яққол сезилиб турди.
Республикада фаолият юритаётган 400 дан ортиқ тадбиркорларнинг мулоқотда фаол қатнашгани бунинг яққол тасдиғидир. Тадбирда мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Шу билан бирга, 2014 йилдан бошлаб солиқ қонунчилигига киритилган янгиликлар, солиқ ставкаларидаги ўзгаришлар, қўлланилаётган имтиёзлар, жумладан, ҳунармандлар ва оилавий тадбиркорлик билан шуғулланувчилар учун белгиланган енгилликларнинг мазмун-моҳияти иштирокчиларга батафсил тушунтирилди.
Учрашувда тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ва ҳисобчиларининг солиқ ҳисоботларини электрон тартибда тақдим этиш тизими билан боғлиқ билим ва кўникмаларини ошириш, бу йўналишда уларга ахборот-маслаҳат хизматларини кўрсатиш борасида давлат солиқ органлари томонидан маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумотлар етказилди. 
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ органлари шахсий таркиби билан ўтказилган хизмат йиғилишида асосий фаолият йўналишлари бўйича амалга оширилган ишлар натижалари, йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилиниб, келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Хусусан, солиқларнинг йиғилувчанлик даражасини ошириш, қарздорликларни қисқартириш, нақд пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасига барҳам бериш, бозорлар ва савдо мажмуалари  фаолиятини тартибга солиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз ва ноқонуний аралашишга чек қўйиш каби долзарб масалалар танқидий кўриб чиқилди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган раҳбар ходимларнинг 3 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 15 нафарига эса нисбатан тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Давлат солиқ қўмитаси
Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn