Тезкор ва кафолатли
  • 18 Март 2015

Тезкор ва кафолатли

Мамлакатимиз банклари фаолиятига ана шундай баҳо берилмоқда.

Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 12-13 март кунлари пойтахтимиздаги “Кўргазма савдо маркази” мажмуасида банк технологиялари,  ускуналари ва хизматлари бўйича “BankExpo — 2015” VIII Миллий кўргазмаси ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, 2010 йил 26 ноябрда қабул қилинган “2011 — 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарор доирасида ташкил этилган мазкур кўргазма ишчан руҳда кечди. Унинг ҳудудий босқичларига касб-ҳунар коллежларининг 80 мингдан зиёд битирувчилари, аҳоли ва мижозлар, пойтахтимизда ўтказилган кўргазмага эса 42 мингдан ортиқ маҳаллий ҳамда хорижий меҳмонлар ташриф буюргани, ишбилармонларга имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини тақдим этувчи 200 дан ортиқ сертификатлар топширилгани ана шундан далолат беради.
Кўргазма давомида иштирокчилар замонавий ахборот технологиялари базасида йўлга қўйилган янги хизматлар, шу жумладан, депозит турлари ва кредит маҳсулотлари бўйича батафсил маълумотга эга бўлишди. Бошқача айтганда, юртимиз банк тизимининг салоҳиятини белгиловчи инновацион хизматлар ва технологиялар барчада катта қизиқиш уйғотиб, банкларнинг юқори даражада хизмат кўрсатишга, маҳсулотлар турини оширишга бўлган интилишини ёрқин намоён этди.
— Бугунги кунга келиб, “BankExpo” миллий кўргазмаси том маънода мижоз ва молия муассасаси ўртасидаги алоқаларни ривожлантирувчи воситага айланмоқда, — дейди “Равнақ-капитал” оилавий  корхонаси раҳбари Дилшод Мусаев. — Негаки, унда биз, ишбилармонлар нафақат банклар фаолияти билан яқиндан танишаяпмиз, балки уларнинг ўзимизга маъқул бўлган хизмат турларидан фойдаланишни режалаштириб ҳам олаяпмиз. Бу эса эртасини ўйлаган тадбиркор учун ниҳоятда фойдалидир. 
Дарҳақиқат, мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли бошқа соҳалар қаторида молия-банк тизими ҳам жадал ривожланмоқда. Тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг тобора такомиллашиб бораётгани эса аҳоли ва мижозлар билан ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Буларнинг бари банклар учун ўз хизматлари орқали аҳоли орасига чуқур кириб бориб, мижозлар сафини кенгайтиришда айни муддао бўлаётир.
Яна бир эътиборли жиҳати, мазкур тадбир тижорат банкларининг ўзига хос тажриба майдонига айланиб, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришда ҳам қўл келаяпти. Миллий кўргазма доирасида  ташкилотчилар томонидан “Тадбиркорларнинг энг яхши ҳамкори ва ишончли таянчи”, “Энг яхши микрокредитлаш хизмати”, “Таълим муассасалари битирувчиларини қўллаб-қувватловчи энг яхши банк”, “Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи энг яхши банк”, “Хорижий кредит линияларини жалб этаётган энг яхши банк” сингари ўн бешта номинация таъсис қилингани бунинг тасдиғидир.
Пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмиталари, Ўзбекистон Банклари ҳамда Ахборот технологиялари корхоналари ва ташкилотлари ассоциациялари мутасаддилари иштирокида ушбу номинациялар ғолиблари муносиб тақдирланди.
Тадбирда, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар ва микрокредитлар ҳажми ўсишини таъминлаган тижорат банкларининг ҳудудий бўлинмалари ўртасида ўтказилган “Тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаётган энг яхши ҳудудий банк филиали” номинацияси ҳамда интернет сўровлари ва кўргазмада иштирок этган банклар ўртасидаги танловлар натижалари бўйича ғолиб бўлганлар ҳам рағбатлантирилди.
Тақдирлаш  маросимида қайд этилганидек, эндиликда “BankExpo” йиллик миллий кўргазмаси тармоқдаги йирик анжуманлардан бири сифатида барчанинг қизиқишини оширмоқда. Пировардида эса аҳоли банкларимиз ишончли, барқарор ва кафолатли фаолият юритаётганига яна бир карра гувоҳ бўлаяпти.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.


Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn