Саноатимиз салоҳияти намойиши
  • 18 Март 2015

Саноатимиз салоҳияти намойиши

Кеча “Ўзэкспомарказ” мажмуида “Uzbekistan Industrial Forum — 2015” VII Халқаро саноат форуми ўз ишини бошлади. Мазкур тадбир доирасида “UzSpectechExpo — 2015” махсус техника, бутловчи буюмлар, сервис ва газ баллонлари”, “UzMetаlMashExpo — 2015” металлургия, металлга ишлов бериш, машинасозлик ва пайвандлаш”, “UzMiningExpo — 2015” кон-қазиш саноати учун технологиялар ва жиҳозлар”, “UzSecureExpo — 2015” хавфсизлик тизимлари, меҳнат муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлиги”, “UzChemPlastExpo — 2015” кимё, пластмасса, лаборатория ва таҳлил”, “UzAutomationExpo — 2015” саноатни автоматлаштириш учун замонавий ишланмалар ҳамда асбоб-ускуналар” деб аталувчи олтита ихтисослаштирилган кўргазма қамраб олингани унинг аҳамиятини янада оширмоқда.

Форумнинг очилишида таъкидланганидек, мамлакатимизда саноатни ривожлантириш, ички бозорни импорт ўрнини босувчи сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, экспортда тайёр маҳсулотлар улушини кўпайтиришга алоҳида эътибор берилаяпти. Шу мақсадда кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаяптики, натижада саноат тармоқларида барқарор ривожланиш суръатлари таъминланмоқда. Буни республикамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг қарийб 70 фоизини юқори қўшимча қийматга эга бўлган тайёр товарлар ташкил этаётгани мисолида яққол кўриш мумкин.
Аҳамиятлиси, саноатни тараққий эттиришга қаратилган ислоҳотлар кўлами йил сайин кенгайиб бораяпти. 2020 йилгача бўлган даврда 870 та йирик инвестициявий лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилгани шундай дейишимизга тўла асос бўла олади. Бунинг учун соҳага 38 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя жалб қилиниб, 415 та янги қувват фойдаланишга топширилса, қолган корхоналарда техник ва технологик янгилаш ва модернизациялаш тадбирлари бажарилади. Бу каби саъй-ҳаракатлар натижасида эса 1000 турдаги янги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.
Бундай истиқболли лойиҳаларнинг муваффақиятли уддаланишида ушбу форум муносиб ўринга эга, албатта. Чунки унда Буюк Британия, Германия, Швейцария, Канада, Литва, Хитой, Жанубий Корея, Италия каби жаҳоннинг 16 мамлакатидан 50 дан ортиқ компаниялар ўз маҳсулотлари билан иштирок этаяпти.
Кўргазмаларга ташриф буюрган киши Ўзбекистон саноати жадал суръатларда ривожланаётганига комил ишонч ҳосил қилиши турган гап. Нега деганда, тақдим этилаётган маҳсулотларнинг салмоқли қисми юртимиз вакиллари улушига тўғри келмоқда. Масалан, “JV MAN Auto-Uzbekistan” қўшма корхонасининг саноат ва коммунал соҳада фойдаланиладиган махсус техникалари, шунингдек, машинасозлик, металлга ишлов бериш корхоналарида тайёрланган бутловчи буюмлар, технологик ишланма ва жиҳозларга хорижликлар ҳам қизиқиш билдиришаётир.
Қолаверса, юртдошларимиз чет эллик ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари билан яқиндан танишиб, ўзларига маъқул техникалар хариди бўйича келишувларга эришиш пайидан бўлишаяпти. Бу борада, айниқса, “Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналар фаоллик кўрсатмоқда. Сабаби, жорий йилда улар томонидан 1160 та, 2020 йилгача эса 5815 та махсус йўл қурилиш техникаси харид қилиниши режалаштирилган. Бундан ташқари, йўл-қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган 10 та корхонада модернизациялаш ишлари бошланган бўлса, яна кўплаб хўжалик юритувчи субъектларда шундай лойиҳалар устида иш олиб борилаяпти. Шу маънода, “Uzbekistan Industrial Forum — 2015” лойиҳаси соҳа мутахассислари учун янги ҳамкорлар топиш, замонавий технологиялар билан танишиш учун қулай бозор вазифасини ўтамоқда.
— Юртингизга келиб, Ўзбекистонда бизнесни юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратилганига яна бир карра амин бўлдим, — дейди Италиянинг “Sicme Italia Impiati” компанияси вакили Людовика Вентурелло. — Энг асосийси, мамлакатингизнинг иқтисодий имконияти кенг, саноат салоҳияти юксак. Бу эса хорижлик инвестор ва ишбилармонларни эътиборсиз қолдирмайди. Кўргазмада саноат корхоналари учун мўлжалланган кабель маҳсулотларимизни намойиш этиб, дастлабки куннинг ўзидаёқ бир нечта шартнома имзолашга муяссар бўлдик.
Ташкилотчиларнинг айтишича, саноатимизнинг муҳим тармоқларини қамраб олган кўргазмалар бир пайтда ўтказилаётгани бежиз эмас. Негаки, бу фаолияти бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган соҳаларда алоқаларни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш, чет эллик инвесторларни кўпроқ жалб қилиш имконини беради.   
Уч кун давом этадиган саноат форуми давомида маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг ранг-баранг тақдимотлари, соҳа вакиллари учун долзарб мавзуларда семинарлар ўтказилиши режалаштирилган. Буларнинг барчаси халқаро кўргазмаларнинг янада самарали ўтишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn