Енгил саноат: технологик янгиланишлар самараси
  • 17 Март 2015

Енгил саноат: технологик янгиланишлар самараси

Кейинги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётида барқарор юқори ўсиш суръатлари таъминланмоқда. Хусусан, унинг етакчи тармоқларидан бири ҳисобланган саноат жадал ривожланаяпти. 2014 йил якунларига кўра, мазкур жабҳада ишлаб чиқариш ҳажми 8,3 фоиз ўсгани, уларнинг қарийб 70 фоизини юқори қўшимча қийматга эга бўлган тайёр маҳсулотлар ташкил этгани ана шундан далолат беради. Бу истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб, ички бозорни ўзимизнинг маҳсулотлар билан тўлдириш, хорижга тайёр маҳсулотлар етказиб бериш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.

Саноат салоҳиятининг юксалиб, экспорт ҳажмининг ўсишида, айниқса, тўқимачилик ва тикувчилик саноатининг улуши салмоқлидир. Ўтган йили ушбу тизимдаги 40 яқин янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилиб, экспортчи корхоналарнинг умумий сони 250 тага етди. Улар томонидан чет эллик буюртмачиларга 1 миллиард АҚШ долларилик маҳсулот етказиб берилди.
Бугунги кунда республикамизда 2700 дан ортиқ (микрофирмалардан ташқари) енгил -саноат корхонаси рўйхатга олинган бўлиб, шундан 310 га яқини “Ўзбекенгилсаноат” давлат-акциядорлик компанияси тизимида бирлашган. Уларда узлуксиз равишда техник ва технологик янгилаш, модернизациялаш лойиҳалари амалга оширилаётгани, шунингдек, янги қувватларнинг ишга туширилаётгани муваффақиятлар омили бўлмоқда. Зотан, ишлаб чиқаришни замон талабига мослаштирмасдан туриб, жаҳон бозорида рақобатлаша оладиган, харидор эътиборини қозонадиган маҳсулотлар тайёрлашнинг иложи йўқ. Шу боис соҳа равнақи учун инвестициялар жалб этилаётир.
2014 йилги Инвестиция дастури доирасида, масалан, умумий қиймати 165 миллион АҚШ долларилик 33 та лойиҳа амалга оширилиши туфайли кўплаб янги корхоналар фойдаланишга топширилди, мавжудлари модернизация қилинди. Бу корхоналар ҳисобига қўшимча равишда йилига 34,55 минг тонна калава ип, 20,36 миллион квадрат метр газлама, 5 минг тонна трикотаж мато, 2 миллион жуфт пайпоқ, 9,58 миллион дона кийим-кечак ишлаб чиқариш имконияти вужудга келди. Натижада ўтган йили компания тизимида саноат маҳсулотлари тайёрлаш ҳажми 23 фоиз, халқ истеъмоллари ишлаб чиқариш ҳажми эса 33,1 фоиз ўсди.
Таъкидлаш керакки, соҳада инвестициявий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш ишлари жорий йилда ҳам жадал давом эттирилаяпти. 2010 йил 15 декабрда қабул қилинган “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, 2014 йилда 173 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб этилгач, бугунги кунга қадар 35 та лойиҳа тўлиқ ўзлаштирилди, қолган 20 та лойиҳа устида эса ишлар қизғин бормоқда. Бундан кўзланган мақсад битта: у ҳам бўлса, халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган маҳсулотлар тайёрлашни кўпайтиришдир.

Талаб ва таклиф уйғунлиги
Рақобат кучайиб бораётган ҳозирги шароитда жаҳон бозоридан мустаҳкам жой эгаллаш осон эмас. Негаки, мавжуд талаб, мижозлар хоҳиши инобатга олинмаса, тайёрланган маҳсулотлар омборларда қолиб кетиши ҳеч гап эмас. Шу боис компания мутахассислари томонидан бозордаги талаб ва таклиф ўрганилган ҳолда, ишлаб чиқариш тез-тез янгиланиб борилмоқда. Мисол учун, ўтган йили 55 турдаги янги маҳсулот тайёрлаш ўзлаштирилди. Бундан ташқари, канопли, чодирбоп ва бошқа техник газламалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 35 миллион квадрат метр ана шундай маҳсулот тайёрланди, тикувчилик ҳамда трикотаж либосларининг юзга яқин модели яратилди.
— Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган енгил саноат маҳсулотларига хорижда талаб ҳар доим юқори бўлган, — дейди компаниянинг Тўқимачилик маҳсулотлари рекламаси ва маркетинги агентлиги бўлими бошлиғи Равшан Гулямов. — Бунинг бир неча сабаблари бор, албатта. Чунки улар, энг аввало, табиийлиги, яъни соф пахта толасидан тайёрлангани, қолаверса, сифатининг юқорилиги билан бемалол рақобатга кириша олади. Шунинг учун глобал молиявий-иқтисодий инқироз даврида ҳам экспорт кўрсаткичларимиз деярли пасаймаяпти. Аксинча, янги бозор йўлаклари очилмоқда. Пойтахтимизда анъанавий равишда ўтказиб келинаётган Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси эса янги ҳамкорлар топиш, маҳсулотларни чет эллик харидорларга кенгроқ тарғиб қилиш имконини бераётир.
Шу ўринда айтиш жоизки, енгил саноат корхоналарида халқаро стандартларга мувофиқ, сифат менежменти қўлланилаётгани хорижлик буюртмачиларнинг қизиқишини янада оширмоқда. Бугунги кунга қадар компания тизимидаги 160 га яқин корхоналарда ИСО-9001 сифат сертификати жорий этилгани эътиборга молик. Пировардида маҳсулотимизни импорт қилувчи мамлакатлар сафи йил сайин кенгайиб, қарийб 55 тага етди. Улар орасида, жумладан, Европа Иттифоқи ва Ҳамдўстлик давлатлари, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатлар бор.

Хушбўй либослар
Дарҳақиқат, соҳага қаратилаётган эътибор, яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар туфайли енгил саноат корхоналарининг имконияти тобора кенгайиб бораётир. Ҳозирги кунда турли хушбўй ҳидларга тўйинтирилган буюмлар ишлаб чиқарилаётгани бунга бир мисолдир.
Айни пайтда компания тизимидаги 300 дан ортиқ корхоналарда ана шундай лойиҳа жорий қилинган бўлиб, уларда буюртмачи талабидан келиб чиққан ҳолда, буюмлар анвойи гуллар ва турли мевалар ҳидига тўйинтирилади. Бундай маҳсулотни қўлингизга олган заҳотингиз димоғингизга ўзингиз шартномада кўрсатган гул ёки бошқа ноз-неъматларнинг ажиб бўйи урилади.
— Бизнинг корхонамиз 2007 йилда ташкил этилган бўлса, ҳозирги пайтда пахта толасидан калава ип, газлама, тикувчилик ва трикотаж буюмлари ишлаб чиқарилмоқда, — дейди Бўстонлиқ туманидаги енгил саноат йўналишидаги хорижий корхона раҳбари Равшан Норматов. — Ишлаб чиқариш цехлари тўлиқ замонавий технологиялар билан жиҳозлангач, хушбўйлаштирилган кийим-кечаклар тайёрлаш ҳам ўзлаштирилди. Натижада буюртмалар кўпайиб, 2014 йил давомида хорижий харидорларга 27,4 миллион долларлик, маҳаллий истеъмолчиларга эса 2,9 миллион долларлик маҳсулот етказиб берилди. Келгусида маҳсулот турларини янада кенгайтириш ҳаракатидамиз. Шу мақсадда яна бир истиқболли лойиҳа -устида иш олиб бораяпмиз.
Компания мутахассисларининг қайд этишича, юртимизда яратилган қулай инвестициявий муҳит, соҳада тўпланган бой тажриба ва мутахассисларнинг юқори малакаси шу каби мураккаб технологияли лойиҳаларни амалга оширишга руҳлантирмоқда. Гап -шундаки, эндиликда юртимизда газламаларнинг янги авлоди — гигиеник матолар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳаракатлари бошлаб юборилган. Унинг аҳамияти шундаки, бундай матолардан тикилган либослар ташқи таъсирларга чидамли бўлиб, ҳавони яхши ўтказади. Энг муҳими, ўзида ҳеч қандай доғ қолдирмайди. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон маҳсулотларининг довруғи янада ошиб, экспорт ҳажми кўпайишига хизмат қилиши, -шубҳасиз.
Мухтасар айтганда, давлатимиз томонидан енгил саноат ривожига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли у истиқлол йилларида иқтисодиётимизнинг етакчи соҳаларидан бирига -айланди. Бугунги кунда заминимизда етиштирилган пахта хом ашёсининг 44 фоизи ўзимизда қайта ишланиб, четга тайёр ва яримтайёр маҳсулотлар сотилаётгани бунинг тасдиғидир. Унинг самарасини, энг аввало, шу жабҳада меҳнат қилаётган юртдошларимиз кундалик ҳаётида чуқур ҳис қилиб турибдилар. Зотан, мамлакатимизда босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад ҳам иқтисодиётимизни -мустаҳкамлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини янада юксалтиришдир. 

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn