Саноатни ривожлантиришнинг ҳаётбахш стратегияси
  • 14 Март 2015

Саноатни ривожлантиришнинг ҳаётбахш стратегияси

ижроси изчил бажарилаётгани иқтисодиётимизнинг жадал юксалишига хизмат қилмоқда

2014 йилда республикамизда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 8,3 фоиз ошди. Вазирлар Маҳкамасининг йил якунларига бағишланган мажлисида соҳани ривожлантириш борасида қўлга киритилган ана шу ютуқ алоҳида таъкидланди.
Агар ушбу кўрсаткич 2011 йилда 6,3 фоизни, 2012 йилда 7,7, 2013 йилда эса 8,8 фоизни ташкил этгани назарда тутилса, юртимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда барчани ҳайратда қолдираётган барқарор юқори ўсиш суръатларига эришилаётгани яққол аён бўлади.
Бунга қайси омиллар ҳисобидан эришилмоқда?
Аввало, иқтисодиётимиз, шу жумладан, унинг етакчи тармоғи — саноат ишлаб чиқаришидаги улкан муваффақиятлар замирида бугунги кунда бутун дунёда тан олинган ва машҳур беш тамойилга асосланган тараққиётнинг “ўзбек модели” мужассам, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Гап шундаки, истиқлол йилларида ишлаб чиқилган ушбу модель талабларидан келиб чиқиб, ҳар йили иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини, хусусан, саноатни ривожлантиришга қаратилган давлат ва ҳудуд дастурлари қабул қилинаяпти. Жумладан, бу дастурлар доирасида ўтган йили замонавий юқори технологияларга асосланган ускуналар билан жиҳозланган, умумий қиймати 4 миллиард 200 миллион АҚШ долларилик 154 та йирик объект фойдаланишга топширилди. Йилига 60 мингта автоулов ишлаб чиқариш қувватига эга “Хоразм автомобиль ишлаб чиқариш бирлашмаси” масъулияти чекланган жамияти базасида “Дамас” ва “Орландо” русумидаги енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш”, “Жиззах вилоятида 760 минг тонна портландцемент ёки 350 минг тонна оқ цемент ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш”, “80 минг тонна рух концентратини қайта ишлаш бўйича рух заводини реконструкция қилиш”, “Мис эритиш заводида янги сульфат кислота цехини қуриш”, “Сирдарё иссиқлик электр станциясини тўлиқ миқёсда модернизация қилиш”, “Қорақалпоғистон Республикасидаги “Манғит” масъулияти чекланган жамияти базасида йилига 5 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган калава ип йигирув корхонаси ташкил этиш” лойиҳалари шулар жумласидандир.
Саноатимиз ривожида, айниқса, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш дастури ҳаётга изчил татбиқ қилинаётгани катта аҳамият касб этаяпти. Мисол учун, ушбу дастурга мувофиқ, 2014 йилда мамлакатимиз тижорат банклари томонидан мазкур йўналишдаги  объектларни молиялаштиришга ажратилган кредитлар ҳажми аввалги йилдагига нисбатан 1,2 баробар оширилди. Шунинг ҳисобидан маънавий ва жисмоний эскирган ускуналар замонавийларига алмаштирилгач, саноат тармоқларининг қувватларини орттириш, ички бозорни юқори сифатли ва арзон маҳсулотлар билан тўлдириш, экспорт амалиётида эса тайёр товарлар улушини кўпайтириш имконияти яратилди.
— Чиндан ҳам, саноат тармоқлари босқичма-босқич модернизация қилиниб, илғор ва тежамкор технологиялар билан жиҳозлангани туфайли янги турдаги сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми тобора ошмоқда, — дейди Навоий шаҳридаги “Ишонч гилам” корхонаси раҳбари Шавкат Холназаров. — Корхонамиз мисолида олсак, бу ерда чет элдан келтирилган 4 млрд. 140 млн. сўмлик илғор ускуналар ўрнатилиб, 2 та ишлаб чиқариш мажмуаси ишга туширилди. Айни пайтда уларда 50 киши меҳнат қилмоқда. Эътиборли жиҳати, Европа стандарти бўйича ҳар томонлама такомиллаштирилган дастгоҳларимиз компьютер хотирасига киритилган махсус дастур асосида бошқарилади. Гиламларни тўқишда миллий ва замонавий дизайнга мос ёрқин ранглардан фойдаланилаётгани эса унинг янада харидоргирлигини ошираяпти.
Соҳа тараққиётини таъминлаётган учинчи омилни хорижий инвесторлар иштирокида хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани билан изоҳлаш мумкин. Гап шундаки, бу борада кўрилаётган амалий чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, бугунги кунда юртимизда 90 дан ортиқ давлатларнинг 4 мингдан зиёд ана шундай корхоналари муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Уларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар эса Ўзбекистонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам яхши маълум.
Саноатдаги ютуқларда, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳиссаси салмоқли бўлмоқда. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда соҳанинг улуши 2000 йилдаги 12,9 фоиздан 31,1 фоизга ўсгани ана шундан далолат беради. Бу, албатта, республикамизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш рағбатлантирилаётгани шарофатидир. Айтайлик, соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилган ишлар туфайли бултур 20 мингдан кўпроқ янги субъектлар ташкил этилди ва уларнинг умумий сони 195 мингдан ортди. Бугун уларда иш билан банд бўлган аҳолининг 76,5 фоиздан ортиғи меҳнат қилмоқда. Ваҳолонки, 2000 йилда бу кўрсаткич 49,7 фоизга тенг эди. Буларнинг бари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иқтисодиётимизнинг таянч кучига айланаётганининг исботи эмасми?!
Саноат ишлаб чиқариши равнақининг тўртинчи омили сирасига эса Маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш борасида тўплаган тажрибамизни киритиш ўринлидир. Нега деганда, у бизни ташқи омилларга боғлиқлигимизни камайтириш, ички талабни шакллантириш ва бозорларимизни зарур истеъмол товарлари ҳамда бутловчи маҳсулотлар билан тўлдириш, ташкил этилган ишлаб чиқариш қувватларининг тўлиқ фаолият кўрсатишини таъминлаш, валюта ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, аҳоли бандлиги даражасини ошириш бўйича муҳим роль ўйнашини амалда тасдиқламоқда. Тармоқда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажмининг жадал ўсиб бораётгани, жумладан, 2005 йилда 9,2 фоиз бўлган бўлса, якунланган йилда бу кўрсаткич қарийб 20 фоизга етгани бунинг тасдиғидир.
Шу билан бирга, тармоқнинг юксалишида иқтисодий ночор, паст рентабелли корхоналарни банкларнинг балансига ўтказиш усулининг нафи ҳам яққол сезилмоқда. Чунончи, 2015 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, биргина Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки балансига 68 та шундай корхона қабул қилинган бўлса, унинг 40 таси янги мулкдорларга сотилди, 27 тасида ишлаб чиқариш фаолияти тикланди, қолган биттасини эса салоҳиятли инвесторларга сотиш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун жами 181,8 млрд. сўм, шу жумладан, 2014 йилда 38,7 млрд. сўм миқдорида инвестициялар киритилди.
Бу каби аниқ мақсадли чора-тадбирлар туфайли фаолияти қайта тикланган корхоналар томонидан жами 392,6 млрд. сўмлик (шу жумладан, 2014 йилда 152,7 млрд. сўмлик) маҳсулот ишлаб чиқарилиб, унинг 40,7 млн. АҚШ доллари (шу жумладан, 2014 йилда 26,1 млн. АҚШ доллари) миқдоридаги қисми экспорт қилинди. Яна бир муҳим жиҳати, ана шу ишлаб чиқариш субъектларида 4971 нафар киши доимий иш жойига эга бўлди.
Таъкидлаш керакки, ушбу йўналишдаги яратувчанлик ишлари 2015 йилда ва кейинги йилларда ҳам изчил давом эттирилади. Шу мақсадда саноатни янада ривожлантириш ва унинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Хусусан,  2015 — 2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш доирасида жами қиймати 38 миллиард долларлик 870 та йирик инвестиция лойиҳасининг рўйхати шакллантирилди. Бу лойиҳаларга биноан, 415 та янги корхонани барпо этиш ҳамда 455 та ишлаб турган корхонани модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш мўлжалланмоқда.
Биз мақоламизда сўнгги йилларда саноат ишлаб чиқариши соҳасида юз берган ижобий ўзгаришларга тамал тоши бўлган омиллар ва қисман тизимнинг истиқболга мўлжалланган устувор вазифалари ҳақида қисқа тўхталиб ўтдик. Хулоса шуки, мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида узоқни кўзлаб ишлаб чиқилган саноатни ривожлантиришнинг ҳаётбахш стратегияси ҳар жиҳатдан ўзини оқламоқда. У, шубҳасиз, келгусида ҳам ўзининг қувончли натижаларини бериши муқаррар. Демак, жорий йилда юртимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг 108,3 фоизга кўпайиши кўзда тутилаётган экан, ана шу юксак марра ҳам муваффақиятли забт этилади, албатта.
Бу эса Ўзбекистонимизнинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузи ва мавқеини янада ошириш, халқимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай яшашини таъминлашда улкан ва қудратли заминдир.


Икром ЎТБОСАРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn