Бозор муносабатлари ва мустаҳкам кафолат
  • 14 Март 2015

Бозор муносабатлари ва мустаҳкам кафолат

Мана, 32 йилдирки, жаҳонда 15 март “Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни” сифатида кенг нишонлаб келинади. Негаки, истеъмолчилар айнан ўша кундан эътиборан маҳсулот ва хизмат сифатига ишонч ҳосил қилиш, улар ҳақида маълумот олиш, танлаш ҳамда маҳсулот ёки хизматларга ўзгартириш киритишдек имтиёзли ҳуқуқларга эга бўлишган.

Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли, орадан кўп вақт ўтмай, бу борадаги имтиёзлар янада кенгайиб, ҳар бир истеъмолчига келтирилган зарарни ундириб олиш, маҳсулот ва хизмат тўғрисида билим ва маълумотга эга бўлиш каби яна бир қанча қўшимча ҳуқуқ берилди. Бунда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган ҳужжатлар муҳим омил бўлди.
Жаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти шу каби халқаро ҳужжатлар ижросини таъминлаш баробарида, сайёрамиз аҳолисини сифатсиз товар ва хизматларни бартараф этишда ҳамкорликка чақириб келмоқда. Зеро, ҳар биримиз истеъмолчимиз. Инсоннинг маънавий ва табиий эҳтиёжларини қаноатлантириш эса жамият ва давлат олдидаги энг муҳим вазифа ҳисобланади. Шу маънода, Ўзбекистонда истиқлол йилларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, инсон ва унинг манфаатларига қаратилгани билан диққатга сазовор.
Дарҳақиқат, юртимизда бозор иқтисодиёти шароитида истеъмолчиларни сифатли маҳсулот ва иш (хизмат)лар билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор берилмоқда. Истеъмолчилар ҳуқуқларининг устунлигини таъминлашга оид норма Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз аксини топган. Жумладан, унинг 53-моддасида “Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди”, дея белгилаб қўйилган.
Истеъмолчиларнинг шу каби қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва бошқа назорат қилувчи органлар томонидан муайян ишлар амалга оширилаётир. 
— Мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали усуллари қўлланилаётгани кутилган самарани бераяпти, — дейди Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг реклама фаолиятини назорат қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Дилшод Азимов. — Айниқса, мустақиллик йилларида соҳанинг халқаро ҳуқуқий стандартларга мос келувчи қонунчилик базаси яратилиб, унда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ-равшан белгилаб қўйилгани айни муддао бўлди. Хусусан, 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун истеъмолчи ва сотувчи (ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатувчи) ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжатлардан бири саналади. Унинг ижросини таъминлаш юзасидан кўрилаётган изчил чора-тадбирлар аҳолининг истеъмолчилик ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамоатчилик назоратининг кучайишига хизмат қилаяпти. Масалан, 2014 йилда республикамиз фуқаролари томонидан қўмитамиз ва унинг ҳудудий органларига 4725 та мурожаат келиб тушди. Уларни ўрганиш чоғида аҳоли ҳуқуқи бузилгани аниқланган ҳолатлар бўйича истеъмолчиларнинг фойдасига 1,2 млрд. сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Таъкидлаш керакки, бугунги бозор иқтисодиёти шароитида “Ишлаб чиқарувчи — сотувчи (ижрочи) — истеъмолчи” деб аталувчи ўзаро занжирли тизимда асосий ўринни, албатта, истеъмолчи эгаллайди. Чунки ҳар қандай ишлаб чиқариш ва бозор муносабатларининг пировард мақсади истеъмолчиларнинг эҳтиёжини қондиришга қаратилган. Тараққиёт, меҳнат унумдорлиги, янгиликларнинг жорий этилиши эса бозор иқтисодиётининг рағбатлантирувчи ва ҳаракатлантирувчи механизмини ташкил этади.
Шулардан келиб чиқиб хулоса сифатида айтиш мумкинки, истеъмолчи ҳуқуқи қонун билан кафолатланган. Унинг манфаатларини таъминлаш доимо эътиборда.

С. РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn