Банк хизматлари ва илғор тажриба
  • 13 Март 2015

Банк хизматлари ва илғор тажриба

Мамлакатимиз молия-банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг ёрқин самараларини бермоқда. Айниқса, сўнгги йилларда соҳада эришилган молиявий барқарорлик ва юқори ўсиш суръатлари нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан юксак баҳоларга сазовор бўлаётгани эътиборга лойиқдир. “Мудис” халқаро рейтинг агентлиги республикамиз банк тизими истиқболига беш йилдан буён кетма-кет “Барқарор” рейтинг баҳосини бериб келаётгани, бундай ижобий баҳо “Стандарт энд Пурс” ва “Фитч рейтингс” агентликлари томонидан ҳам тасдиқлангани бунинг далилидир.

Шу билан бирга, Халқаро молия корпорацияси ҳамда Жаҳон банкининг 2015 йилга мўлжалланган ҳисоботида бу борада амалга оширилаётган ишлар, яъни кредит алмашинуви индекси кўрсаткичи мавжуд 8 балли тизимда 7 баллга баҳоланди. Бу Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (OECD)га аъзо давлатларга берилган кўрсаткичдан анча юқори натижадир. Зеро, унга кўра, Ўзбекистон кредитлаш тизими бўйича дунёнинг 189 та давлати орасида охирги икки йил ичида 50 поғона юқорига кўтарилгани юртимизда тадбиркорлар, ёшлар, фермерлар, умуман, ишбилармон доиралар вакиллари учун яратилаётган шарт-шароитлар тобора яхшиланиб бораётганидан далолат беради. Республика Марказий банки томонидан вилоят ҳокимликлари ҳамкорлигида мамлакатимиз барча ҳудудида ўтказилган “BankExpo — 2015” миллий кўргазмаси ҳам аҳоли, ёшлар ва тадбиркорларнинг банк тизимига бўлган ишончини яна бир карра намоён этди.
Кеча пойтахтимиздаги “Кўргазма савдо маркази” мажмуасида иш бошлаган “Банк хизматлари, ускуналари ва технологиялари — “BankExpo — 2015” VIII миллий кўргазмаси республика босқичининг очилиш маросимида шу ҳақда сўз юритилди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмиталари, Ўзбекистон Банклари ассоциацияси каби бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилди.
Миллий кўргазмада мамлакатимизда фаолият юритаётган барча тижорат банклари, нобанк кредит ташкилотлари, етакчи суғурта, лизинг компаниялари ҳам ўз маҳсулот ва хизматлари билан қатнашмоқда.
Қайд этиш жоизки, юртимизда ушбу йўналишда қўлга киритилаётган ютуқларда 2010 йил 26 ноябрда қабул қилинган “2011 — 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўр-саткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, анъанавий ўтказиб келинаётган миллий кўргазманинг ҳам ўзига хос ўрни бор. Қайд этиш жоизки, мазкур кўргазманинг биринчи иш кунида 28 мингдан зиёд иштирокчи, хусусан, ёш тадбиркорлар, фермерлар ва аҳоли кенг қатламининг қатнашгани ушбу тадбир нуфузи йилдан-йилга ошиб бораётганини кўрсатмоқда.
Чунки мазкур анжуманда банк тизимининг бугунги ҳолати, истиқболдаги режалар, кредитлар ажратиш шартлари, банкларнинг молиявий ва бошқа ресурслар билан -таъминланганлик даражаси тўғрисида маълумотлар билан кенг жамоатчилик хабардор қилиниши баробарида, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, ўзаро ишонч ва -ҳамкорлик алоқаларини сифат жиҳатидан яхшилашга хизмат қилувчи замонавий техноло-гиялар кенг намойиш этилаяпти. Шунингдек, унда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Ҳунарманд” ва “Тадбиркор аёл” уюшмаларининг қатнашаётгани  эса тадбиркорликни бошлаш ниятида бўлган ёшлар ҳамда ишбилармонларга янада қулайлик яратмоқда.
Жорий йилги тадбирда иштирокчиларга тижорат банклари ва ахборот-телекоммуникация соҳасига ихтисослаштирилган компаниялар мутахассислари томонидан банк маркетингининг янги йўналишлари — лидогенерация, яъни мижозларни интернет орқали жалб этишнинг замонавий усули, ўзаро манфаатли муносабатларни такомиллаштиришда “CRM” тизимини амалиётга татбиқ қилиш мавзуларида семинарлар уюштирилади.
Бундан ташқари, тадбиркорлар иштирокида “Банк тизимида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига яратилган имтиёз ва қулайликлар” мавзуида очиқ мулоқот ўтказилиши режалаштирилган.
Маълумки, кейинги йилларда тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш, бу жараёнга, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини жалб этиш масаласига катта эътибор қаратилаяпти. Шундан келиб чиқиб, навбатдаги тадбирда ҳам улар ёш мутахассислар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш ниятидалар. Қолаверса, чекка ва аҳоли гавжум туманларда фаолият юритаётган тадбиркорлар, микрофирма ҳамда фермер хўжаликлари вакиллари ўртасида ўтказилган танлов ғолибларига имтиёзли кредит ажратиш ҳуқуқини берувчи 200 дан ортиқ сертификатлар топшириш мўлжалланмоқда.
— Тадбир асносида кўплаб ишбилармонга ўз сертификатларимизни берамиз, — дейди “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкининг Кредитлаш департаменти бош мутахассиси Фарҳод Алимжонов. — Тошкент вилоятидаги “Zara-Sara” ва Сирдарё вилоятидаги “Жасур Умид Сервис” хусусий корхоналари раҳбарлари Илҳом Исоқов ҳамда Саодат Набиева шулар жумласидандир. Тадбиркорлар, хусусан, ёш ишбилармонлар билан алоқаларни кенгайтиришимизда миллий кўргазманинг аҳамияти жуда юқори бўлмоқда. Чунки кўплаб ёшлар ушбу тадбир асносида банклар фаолияти билан яқиндан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишаяпти.  
Ўзига хос ғоя ва ташаббуслар майдонига айланган “BankExpo — 2015” миллий кўргазмаси ана шундай ишчан руҳда давом этмоқда. 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ ва
Бахтиёр АКРАМОВ
олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn